Ҳадис №1: Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».

 Бешовлари ривоят қилишган.

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Дарҳақиқат, бу ҳадис Исломнинг моҳиятини ифодаловчи муҳим ҳадислардан бири бўлиб, динимизнинг аксар ҳукмлари учун пойдевор – асос ҳамдир. Уламоларнинг ушбу ҳадис ҳақида айтган сўзлари бунга ёрқин далил бўла олади.

Имом Абу Довуд айтадилар:«Амаллар ниятлар биландир» ҳадиси Исломнинг ярмидир. Негаки дин ё зоҳирда бўлади, ё ботинда. Зоҳирда кўринадигани амал, ботиндагиси эса ният бўлади». Имом Аҳмад ва Шофеий айтадилар: «Амаллар ниятлар биландир» ҳадисига илмнинг учдан бири дохил бўлади. Негаки банданинг амаллари қалби, тили ва қолган аъзолари билан касб қилинади. Қалб билан ният қилиш айни шу уч қисмдан биридир».

Шунинг учун олимлар ўз китобларини ана шу ҳадис билан бошлашни афзал кўрганлар. Чунончи, имом Бухорий шу ҳадисни «Ал-Жоме-ус-Саҳиҳ» китобининг бошида келтирганлар. Имом Нававий ҳам ўзларининг учта китоблари: «Риёзус-солиҳийн», «Ал-азкор» ва «Арбаийн»ни худди шу ҳадис билан бошлаганлар. Бундан мурод ушбу китобларни ўрганувчи инсон илм олишда ҳам, бошқа солиҳ амалларида ҳам аввалданоқ ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилмоғи лозимлигига ишорадир.

Бундан ташқари, Имом Бухорий ривоятларида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни хутбада айтганлари, кейин Умар розияллоҳу анҳу ҳам уни хутбада айтиб ўтганликлари ушбу ҳадиснинг аҳамиятини янада таъкидлайди. Абу Убайд айтадилар: «Ҳадислар орасида бундан-да сермазмуни ва муҳимроғи йўқдир».

Ҳадиснинг ворид бўлиши

Имом Табаронийнинг «Ал-мўъжамул-кабийр» китобида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича:

«Орамизда Умму Қайс деган аёлга совчи қўйган бир киши бор эди. У аёл: «То ҳижрат қилмагунингча, сенга турмушга чиқмайман», – деб туриб олди. Шунда ҳалиги одам ҳижрат қилиб, ўша аёлга уйланиб олди. Шу боис биз уни Умму Қайснинг муҳожири деб атардик».

Саид ибн Мансур ўзларининг «Сунан» китобларида имом Бухорий ва Муслим шартларига кўра олинган иснод билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бирон (дунёвий) нарса тамасида ҳижрат қилган киши учун «Умму Қайснинг муҳожири» деб ном олган кишининг ажридан бошқа ҳеч нарса йўқдир».

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Барча амаллар учун ният шартдир

Мукаллаф бандалардан содир этиладиган амаллар фақат ният билан амалга оширилсагина, шаръан эътибор қилиниши ва эвазига ажр-савоб ёзилишига уламолар иттифоқ қилишган.

Намоз, рўза, ҳаж каби мустақил ибодатларда ният қилиш ибодат рукнларидан бири ҳисобланади. Алоҳида ибодат саналмайдиган, балки таҳорат, ғусл каби васила (восита) бўлган амалларда эса ният қилишнинг ҳукми ихтилофлидир. Ҳанафий мазҳабига кўра бундай василалардаги ният савоб ҳосил бўлиши учун мукаммаллик шарти ҳисобланади (яъни ният қилинмаса ҳам таҳорат, ғусл дуруст саналаверади, лекин ният қилинса, янада мукаммал бўлади). Шофеий ва бошқа имомлар мазҳабларида эса ҳамма ибодатлардаги сингари василаларда ҳам ният амалнинг дуруст бўлиш шартларидан биридир, шу боис ниятсиз бажарилган василалар дуруст ҳисобланмайди.

 2. Ниятнинг вақти ва ўрни

Ниятнинг вақти намоздаги такбиратул эҳром сингари ва ҳажда эҳромга кириш сингари ибодатнинг бошидадир. Бироқ рўза ибодатида тонг киришини аниқ билиш қийинлиги туфайли, ниятнинг вақти рўза бошланиш вақтидан бироз илгарироқдир.

Ниятнинг ўрни эса қалбдир. Уни тилга чиқариб талаффуз қилиш шарт эмас. Ният қилишда ният қилинаётган ибодатни тайин қилиб, бошқасидан ажратиш шарт. Масалан: «Намоз ўқишни ният қилдим»дейиш кифоя эмас. Албатта: «Пешин ёки аср намозини» деб тайин қилиш шарт.

 3. Ҳижратнинг вожиблиги

Яшаётган жойида ўз динини изҳор қилиш, яъни Исломнинг асосий фарз амалларини бажариш қўлидан келмаётган мусулмонга бундай куфр ўлкасидан ҳижрат қилиши вожибдир. Ушбу ҳукм барча замонларга тегишли. Аммо «(Макка) фатҳидан сўнг ҳижрат йўқдир» ҳадисига келсак, унинг маъноси қуйидагича: «Маккаи Мукаррамадан бошқа ерга ҳижрат қилинмайди, чунки у ер ҳам эндиликда Ислом еридир».

Ҳижрат деб қуйидаги нарсаларга ҳам айтилиши мумкин:

— Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийиш («Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан қайта олган кишидир»);

— Мусулмон киши ўз биродарини уч кунгача ҳажр қилиши, яъни алоқасини узиши.

Бироқ гоҳида мусулмон киши маъсият қилишдан қайтмаётган биродарини уч кундан ортиқ ҳажр қилиши зарур бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, итоатсиз хотинни одобга чақириш учун ҳам ҳажр қилиш жоиз.

4. Ким бир солиҳ амални ният қилган бўлса, бироқ хасталик, ўлим ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли уни бажаролмай қолса, унинг учун ажр олаверади

Қози Байзовий айтадилар: «Амаллар ниятсиз дуруст бўлмайди. Чунки узрли сабаб туфайли қила олмаса, киши амалсиз ниятга савоб олади. Аммо ниятсиз амал чанг-тўзон каби тўзғиб кетади. Амал билан ниятнинг мисоли танадаги руҳнинг мисоли кабидир. Тана руҳсиз яшай олмайди, худди шунингдек руҳ ҳам бу оламда жасадсиз кўрина олмайди».

 5. Амал ва ибодатларни ихлос билан бажармоқ

Охиратда ажру савобга эга бўлиш ҳамда дунёда тавфиқ ва нажот топиш учун амал ва ибодатларимизда Аллоҳга ихлос қилмоғимиз лозим.

 6. Ҳар қандай фойдали ва яхши амал ният, ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигини исташ билан ибодатга айланади.

Мавзуга оид мақолалар
Фарзандларимиздан ҳар куни ҳар хил шикоятлар эшитамиз «Чарчадим», «Зерикдим», «Акам ўйинчоғимни олиб давоми...

21:00 / 17.07.2019 2817
Фарзандимизда намоён бўладиган ҳар бир салбий жиҳатларга эътибор бериб, айб иш қилганда маломат қилишга давоми...

21:10 / 29.12.2016 2903
ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ   Яратган Роббимизга шукрлар бўлсинким, бизни шу жаннатмакон Ватанда, буюк алломалар давоми...

16:36 / 10.02.2017 4982