Вақтнинг бебаҳолиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қўйиш мумкин эмас.

Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, ўша нарсага қаттиқ эътибор бериб, уни беҳуда йўқотмасликка ҳаракат қилади. Вақт киши имкониятидаги энг қадрли нарсадир. Негаки туғилишимиздан то вафот этгунимизга қадар берилган мана шу қисқа муддат ичидагина охиратимизни обод қилиш учун амал қилиш имконияти бор. Ибн Қаййим айтади: «Инсоннинг вақти – бу, аслида, унинг умридир. Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, бас, вақт у кишининг ҳаёти ва умридир. Бундан бошқалари эса инсоннинг ҳаётидан ҳисобланмайди». Инсон ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу вақтда энг афзал сўзу амалларни бажармоғи лозим. Унинг нияти мудом яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган амалларда сусткашлик қилмаслиги керак». Қуръони Каримда вақтнинг бебаҳо ва қадрига етмаса бўлмайдиган улуғ неъмат эканига ошкора ёки зимдан далолат қилувчи кўплаб ишоралар бор. Аллоҳ таоло вақтнинг бўлаклари ва ажралмас қисми бўлмиш кеча ва кундуз ила қасам ичади. Тонгга, чошгоҳ вақтига қасамёд қилади. Масалан, «Лайл»  сурасида: «Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам», «Зуҳо» сурасида: «Чошгоҳ вақтига қасам», дея марҳамат қилади. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло Ўз бандалари ва махлуқотларидан бири билан қасам ичса, бу қасам ичилаётган у ёки бу мавжудотнинг буюклигига ва қадри баландлигига ишора қилиш билан бир қаторда қасамдан сўнг айтиладиган нарсанинг ҳам юксак аҳамиятга молик эканлигини билдиради. Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим:

1. Вақт тез ўтади. Хоҳ шод-ҳуррамлик билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади, холос.

Шоир айтади:

Бахту саодатга тўла ойларим Гўё давом этди кундан ҳам қисқа Ва лекин ҳижронга тўла кунларим Йиллардек кўринди менинг кўзимга, Наҳот, энди ўтди йиллар, дўстларим, Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.

2. Ўтган вақт ортга қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам. Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кетувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Демак, ҳар лаҳзани ғанимат билиш лозим. Бу ҳолни Ҳасан Басрий етук сўзлар билан чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги кунман, ишларингга шоҳидман. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини ўз олдингда (яъни келажакда, қиёматда) топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтиб келмайди». Ҳасан Басрий ҳақларида ал-Имом Али Зайнул-Обидин: «Бу зотнинг сўзлари пайғамбарларнинг сўзларига ўхшаш киши эдилар», деганлар. Кўп кексаларни кўрамиз, улар ёшлик даврларини яна бир бора қайтишини орзу қиладилар, лекин бу ушалмайдиган орзу, балки армондир. Инсон ёруғ дунёдан юз ўгириб, охират сари юзланган вақтида ўзига яна бироз муҳлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу қилади. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!.. Сизларнинг бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ бандалардан бўлсам», деб қолишдан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Бирон жоннинг ажали келганда Аллоҳ таоло уни ҳаргиз кечиктирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир!». (Мунофиқун, 9–10). Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, ёки тадбиркорлик, тижорат каби касб-кор қилиши ва жамиятга манфаат келтиришга ҳаракат қилиши айни муддаодир. Халқ нақлида «Ёшликда билганинг – тошга ёзганинг, қариликда билганинг – музга ёзганинг» дейилади. Умрнинг олтин чоғида фурсатни беҳуда, таралла бедодлик билан ўтказмай инсоний ахлоқ-одоб, муомала-муносабат, касбу ҳунар, ширинсуханлик ва одилликни ихлос-эътиқод билан ўрганиб олинса, одам учун бир умрга унутилмас одатга айланади. Бу эса ҳаётда яхши ва мазмунли яшаш учун доим ойдин, равшан йўлларни очиб беради.
Мавзуга оид мақолалар
Андижон вилоятида Қуръон мусобақаси   Ўзбекистон Республикасида илк бор оммавий тарзда ташкил қилинган давоми...

01:39 / 04.02.2018 2578
Таркиби кўк пиёз 1 боғ салат барглари 1 боғ тухум 4 та сметана ёки майонез зайтун доналари давоми...

17:53 / 09.02.2017 4245
Ўзингизни қийин, чиқиб кетиш имконсиз бир вазият, танг аҳволда, ўта чарчаган ҳис этяпсизми Келажагингиз давоми...

02:05 / 03-fevral 3327