Гўдак тилидан (учинчи кун...)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи кун...

Ассалому алайкум! Учинчи кунга ҳам кириб келдик. Бугун ҳаво бир оз иссиқроқ.

Тонгда саҳарликдан кейин дадам билан бомдод намозини ўқиш учун масжидга йўл олдик. Йўлда кетаётганимизда ерда қимирлаётган бир нарсага кўзим тушди. Югуриб бориб қарасам, қушча экан. Қоронғуда қулаб тушганми, билмадим, учолмасдан ерда ётибди. Дадам ҳам кўриб, дарров қўлларига олдилар. Масжидга етиб борганимизда дадам қушчага сув бердилар. Кейин эса масжид қоровули Аҳмад амакига қушчани топширдилар. Намоздан кейин чиқсак, Аҳмад амаки қушчани кичкинагина қафасга солиб қўйган эканлар.

Дадамдан қушчани ўзимиз билан олиб кетишимиз ҳақида сўрадим. Рози бўлдилар. Уйга олиб бордик.

Уйга киришимиз билан ойим қушчани кўриб, дарҳол қўлимиздан олдилар-да, каттароқ қафасга кўчирдилар. Сўнг қанотларига малҳам суртиб, сув ва дон бердилар. Ўлиб қолмасайди, дея роса қўрқдим. Дадам қушча тез орада яхши бўлиб қолишини айтдилар.

Маҳалламиздаги Арслон исмли бир бола яқинда бир қушни тутиб олган эди. Унга кўп озор берди. Роса қийнади. Охири ўлиб қолди.

Дадамга бу ҳақда айтсам, у киши: «Ҳеч бир жонзотга озор бериб бўлмайди, уларни ҳам Аллоҳ сен ва мени яратганидек яратган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қушларга озор беришдан қайтарганлар», дедилар.

Мен ҳам жонзотларга асло озор бермайман! Тўғри, анча олдин бир марта билмасдан чумолини босиб қўйган эдим. Кўрмай қолгандим-да. Энди ҳеч қачон чумолиларни босиб олмасликка ҳаракат қиламан.

Энди қушчадан хабар олиб келай-чи. Сизлар билан эртага яна гаплашамиз.

Мавзуга оид мақолалар
Оёқ таги ва товоннинг ёрилиши оёқнинг таг қисми ва унга яқин бўлган товон атрофларида, терининг қаттиқ давоми...

06:44 / 12.12.2016 12998
Маълумки, шу кунларда Қуръон мусобақаси Тошкент вилояти бўйлаб давом этмоқда. Бугун эса Назарбек давоми...

16:51 / 12.02.2018 4265
Шу йилнинг март ойида Германиянинг молиявий ишларни назорат қилувчи органи Bafin, мамлакатдаги биринчи ислом давоми...

09:48 / 05.02.2017 5749
Аллоҳ таоло айтади «Олтин ва кумушни тўплайдиган ва уларни Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилмайдиганларга аламли давоми...

21:58 / 09.03.2017 5322