Онага эҳтиром
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шубҳасизки, Исломдан бошқа ҳеч бир дин ёки ҳеч бир миллатда онани эҳтиром қилиш Исломда буюрилгани каби эмас. Исломда ота-онага яхшилик қилиш фарздир. Бу фарзни адо этган киши фарз ибодатни адо этган кишининг савобини оладир.Ўтмиш саҳифаларини варақлар эканмиз, салафи солиҳларимизнинг оналарини эҳтиром қилишлари ҳақида нодир ривоятларни учратамиз. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтмоқни лозим топдик. Шоядки, бизлар ҳам улардан ўрнак олиб, оналаримизни янада эҳтиром айласак. Абу Муррадан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайрани Марвон ўз ўрнига қўйиб кетар эди. Унинг уйи Зулҳулайфада эди. Онаси бир уйда, у бир уйда яшар эди. У уйидан чиқмоқчи бўлса, онасининг эшиги олдига бориб: «Ассалому алайкум, онажон! Ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. Онаси ҳам: «Ва алайка, ўғилгинам! Ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!» дер эди. «Сизга мени кичиклигимда тарбиялаганингиз учун Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди. «Сенга ҳам менга катталигимда яхшилик қилганинг учун Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!» дер эди онаси. Кейин уйга кирмоқчи бўлса ҳам, шундай қилар эди». Ҳақиқатда, бизни кичиклигимизда тарбиялаб, парваришлаб вояга етказган оналаримизни ҳар қанча эъзозласак ҳам, оз. Айниқса,  ота-онанинг ёши улғайиб, заифлашиб қолганда фарзанд уларга ҳар томонлама жуда эътибор қилмоғи лозим. Хусусан, муомала жараёнида ҳам ёш бола каби табиати нозик бўлиб қолган ота-онанинг кўнглига озор бериб қўйишдан эҳтиёт бўлмоқ даркор. Доим уларнинг хизматларига тайёр бўлиб, ҳар қандай шаръий истакларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилмоқ керак. Бу борада ҳам салафи солиҳларимизнинг тутган йўлларига назар солсак, ҳайратланарли ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оналари тирикликларида «Онамнинг хизматларидан қолиб кетмай», деб ҳаж қилмаган эканлар. Оналари вафот қилганларидан сўнг ҳаж қилган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бундай йўл тутганларини кўриб, бугунги кунда ота-онасини норози қилиб чет элларга сафарга кетаётган фарзандларнинг ҳолига ачинамиз... Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб ҳижрат учун байъат қилмоқчи бўлди. У ота-онасини йиғлаган ҳолда қолдириб келган эди.У Зот: «Ота-онангнинг ҳузурларига қайтгин, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай қилиб кулдиргин», дедилар». Имом Бухорий ривоят қилган. Мазкур ҳадисдан ота-онанинг хизматини қилиш, уларнинг кўнглини олиш  улуғ ибодат бўлганлиги, ҳаттоки ўша вақтда фарз бўлган ҳижратдан ҳам устун қўйилгани кўриниб турибди. Чунки ота-онага яхшилик қилиш ҳам фарз. Ҳадисда саҳобийнинг ота-оналарини йиғлатган ҳолда тарк қилганлари айтилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, худди шундай кулдиргин» дейишларидан уларнинг кўнглини олиб, улардан изн олгин, деган маънода айтган бўлсалар, не ажаб. Аллоҳим барчамизга Аллоҳнинг розилигини топишни ҳамда ота-оналаримизнинг розилигини олишни насиб айласин!
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Крайстчерчдаги воқеадан бир ҳафта ўтиб, жума куни бутун Янги Зеландия бўйлаб аёллар мусулмонларга давоми...

09:32 / 24.03.2019 2792
Молмулкни беҳуда сарфлашга .исроф, дейилади, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Молмулкини беҳуда, ноўрин давоми...

22:02 / 19.09.2023 2042
Кўзларимизни ёшлаб, Кўнгилларимиз ғашлаб, Биз ғарибларни ташлаб, Устозим кетиб қолди Илм бобида давоми...

23:15 / 02.02.2017 5947
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойини фазилатлар билан тўлдирган ва бу ойнинг рўзасини динимизнинг давоми...

06:32 / 02.05.2019 3943