Ҳадис №2: Ислом, иймон ва эҳсон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганимизда баногоҳ олдимизга кийимлари оппоқ, соч-соқоли тим қора, устида сафар аломатлари кўринмайдиган, орамизда ҳам ҳеч ким уни танимайдиган бир киши чиқди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб ўтирди. Тиззасини у кишининг тиззаларига тақаб, икки қўлини (ўзининг) сонларига қўйиб, деди:

— Эй Муҳаммад! Менга Ислом ҳақида хабар беринг!

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

— Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закотни ўташинг, Рамазонда рўза тутишинг ва агар қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир.

Ҳалиги киши:

— Тўғри айтдингиз! – деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаётганига ҳайрон бўлдик.

— Менга иймон ҳақида хабар беринг!

— Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшисию ёмонига иймон келтиришинг.

У одам:

— Тўғри айтдингиз! – деб, кейин яна сўради:

— Менга эҳсон ҳақида хабар беринг!

— Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб туради.

— Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг.

— У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билгувчи эмас.

— Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг.

— Чўри ўзининг хўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз.

Сўнг ҳалиги киши кетди. Мен бир оз муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сўрадилар:

— Эй Умар! Биласанми, ўша сўровчи киши кимлигини?

— Аллоҳ ва Расули билувчироқ.

— У киши – Жаброил алайҳиссалом, сизларга динингизни таълим бергани келган эдилар, – дедилар». Муслим ривоятлари.

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Ибн Дақиқ ал-Ийд айтадилар:

— Бу барча зоҳирий ва ботиний вазифаларни ўз ичига олган улуғ ҳадисдир. Шариат илмларининг ҳаммаси шу ҳадисга бориб тақалади ва шундан келиб чиқади. Негаки у Суннат илмларининг барчасини ўз ичига қамраб олган. Қуръон маъноларини ўзида жамлагани учун Фотиҳа сураси «Уммул Қуръон» –«Қуръон онаси» деб номланганидек, бу ҳадис ҳам «Суннат онаси»дир.

Бундан ташқари, у мутавотир ҳадислардан ҳисобланиб, саҳобаи киромларнинг саккиз нафаридан ворид бўлган. Улар: Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зар, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашъарий ва Жарир Бажалийдирлар. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

  1. Кийим ва ташқи кўринишни гўзал қилиб юриш

Масжидга кириш, илм мажлисларида қатнашиш учун покиза кийимларни кийиш, хушбўй атирлар сепиш, илм мажлисларида олимлар билан одоб ила муомала қилиш яхши хислатлар жумласига киради. Чунки Жаброил алайҳиссалом сўзлари билан ҳам, кўринишлари билан ҳам умматга таълим берганлар.

  1. Ислом нима?

Исломнинг луғавий маъноси – Аллоҳ таолога бўйсуниш, таслим бўлиш. Шаръий истилоҳда эса Ислом қуйидаги беш асос устига бино қилинган диндир:

  1. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом – Аллоҳнинг Расули» деб гувоҳлик бериш;
  2. Намозни ўз вақтида, шартларига, рукнларига, суннат ва одобларига риоя қилган ҳолда адо этиш;
  3. Закотни ўташ;
  4. Рамазон ойида рўза тутиш;
  5. Ҳаж сафарини қилишга қодир бўлса (яъни йўллар очиқ, озиқ-овқати ва аҳли-оиласи учун нафақаси етарли бўлса), бир марта Байтуллоҳни ҳаж қилиш;
  6. Иймон нима?

Иймоннинг луғавий маъноси ишониш, тасдиқ қилиш. Шаръий маъноси эса қуйида зикр қилинган нарсаларга қатъий ишониш:

— Барча нарсани яратган Аллоҳ таолонинг борлигига, Унинг ягона ва шериксиз Зот эканига иймон келтириш;

— Аллоҳ таолонинг фаришталар дея аталмиш махлуқлари борлигига, улар Аллоҳнинг буйруғига осийлик қилмай, буюрилган нарсаларни бекаму кўст бажарадиган ва шу туфайли ҳурматга сазовор бўлган улуғ бандалар эканлигига, уларнинг Аллоҳ томонидан нурдан яратилгани, еб-ичиш, эркаклик, аёллик, насл қолдириб кўпайиш каби сифатларга эга бўлмаган жонли мавжудотлар эканига ҳамда ададларини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслигига иймон келтириш;

— Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган самовий китобларга ишониш ҳамда бу китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилмасдан ва қўшимчалар киритилмасдан илгари Аллоҳнинг шариати ҳисобланганига иймон келтириш;

— Аллоҳ таоло халқларни ҳидоятга бошлаш учун пайғамбарларни ихтиёр қилганига, уларнинг баъзиларига самовий китобларни нозил этганига ҳамда барчалари хато-маъсиятлардан маъсум зотлар бўлишганига иймон келтириш;

— Охират ҳаёти ҳақлигига, ўша кунда Аллоҳ таоло халқларни қайта тирилтириб, яхши амаллари учун мукофотлашига ва ёмон амаллари учун етарли жазо беришига иймон келтириш;

— Борлиқда рўй бераётган ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён бўлган ҳикмат учун, Унинг тақдир қилиши билангина ва Унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ амалга ошишига иймон келтириш;

— Буларнинг барчаси иймон арконларидир. Ким шунга иймон келтириб, эътиқод қилса, нажот топади, зафар қучади. Ким инкор қилса, адашади, дунё ва охиратда бахтсиз бўлади. «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўладир», (Нисо сураси, 136-оят).

  1. Ислом билан иймон ўртасидаги фарқ

Ислом ва иймон луғавий жиҳатдан ҳам, шаръий жиҳатдан ҳам фарқли бўлган икки алоҳида атамадир. Турли атамалар борасидаги асосий қоида ҳам ана шундай. Бироқ шариат гоҳида бу масалаларга кенгроқ ёндашиб, бирининг номини зикр қилганда иккинчисини, иккинчисининг номини зикр қилганда эса биринчисини назарда тутиши ҳам мумкин. Чунки Ислом ва иймон бири, албатта, иккинчисини тақозо қиладиган нарсалардир. Ислом амалларини бажармай туриб қалбида иймонни даъво қилиш ҳам ва аксинча, қалбида иймон бўлмай туриб аъзолар билан Ислом амалларини бажариш ҳам бефойда. Шунинг учун иймон арконларининг барчасига қалб билан ишониб, тана аъзолари билан Ислом амалларини бажариш шарт.

  1. Эҳсон нима?

Бирон ишни эҳсон билан қилиш шу ишни ихлос билан пухта ва чиройли бажаришдир. Ибодатни эҳсон билан бажаришнинг маъноси ибодатда худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос қилиш, ҳамда қилаётган ибодатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ тарзда бажаришдир. Агар киши бунга қодир бўлмаса, у ўзидан содир бўлаётган ҳар бир каттаю кичик амални Аллоҳ таоло кўриб турганини ёдга олмоғи зарур.

  1. Қиёмат ва унинг аломатлари

Қиёмат кунининг қачон бошланиши Аллоҳ таолонинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илмлар жумласидан бўлиб, Аллоҳ буни бандаларидан ҳеч кимга, ҳатто фаришта ва элчиларига ҳам маълум қилмаган. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «У ҳақида сўралаётган киши сўровчидан кўра кўпроқ билувчи эмас», – деб жавоб бердилар. Аммо Қиёматдан аввалроқ содир бўлиб, унинг яқин қолганлигини билдирувчи қуйидаги баъзи аломатларни санаб ўтдилар:

  • Замона шу даражада фасодга юз тутадики, фарзандлар ўз ота-оналарига кўп зулм қилиб, уларга нисбатан хўжайин ўз қулларига қилганидек қўпол муомалада бўладилар;
  • Кўп ишлар ўзгача тус олиб, бир-бири билан аралашиб-қоришиб кетади; энг разил кишилар халқлар устига раҳбар бўлиб қоладилар, ишлар нолойиқ кимсалар қўлига ўтади, одамлар қўлида мол-дунё кўпаяди, дабдаба, исрофгарчилик авж олади. Одамлар иморатларининг баландлиги ҳамда рўзғор буюмларию уй жиҳозларининг кўплиги билан керилиб, мақтанадилар. Камбағаллиги боис доимо ўзгалар эҳсонига яшаб ўрганган, ўзлари қўпол ва тўпори бўлган қўйбоқар кишилар замона зайли билан кўпчиликка бош бўлиб қоладилар;
  1. Савол сўраш одоби ва унинг фойдалари

Мусулмон киши дунё ва охирати учун фойдали бўлган нарсалар ҳақида сўраб, бефойда саволларни тарк қилмоғи лозим. Илм мажлисида ўтирган киши гарчи ўзи яхши билса-да, биродарлари фойдаланиши учун зарур саволни сўраши ҳам тўғри бўлади.

Билмайдиган нарсаси ҳақида сўралган киши билмайман деб жавоб бериши лозим. Бундай камтарона жавоб унинг эҳтиёткор, тақводор ва тўғри илм соҳиби эканига далолат қилади.

  1. Савол-жавоб тарбия услубларидан биридир

Савол-жавоб қилиш қадимда ҳам, ҳозир ҳам муваффақиятли тарбия услубларидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларини шу тарзда тарбия қилганлари кўпгина ҳадисларда айтилган. Савол-жавоб атрофдагилар диққат-эътиборини ўзига тортади, натижада бир яхшиликдан кўпчилик баҳраманд бўлади.

 
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистонидаги Кабапўш кисва  тикилувчи фабрика Япониядан келтириладиган янгича ускуналар билан давоми...

07:20 / 09.02.2017 6002
       Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳамнафас бўлиш неъматини давоми...

20:23 / 28.02.2017 5581
Бир қиз шундай ҳикоя қилади.Онам менга доим айтар эдилар .Бекорчи қолинган кун қайғу кўп бўладиган, давоми...

22:39 / 24-yanvar 7930
Дуо Аллоҳ таолога энг маҳбуб, энг карамли нарсадир. У зот дуони яхшилик ато этиш, ёмонликни даф қилиш учун давоми...

21:00 / 22.09.2019 22652