Ҳадис №4: Инсоннинг яралиш босқичлари ва унинг хотимаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадиларки: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У Зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади.

Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», – дедилар».

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Бу улуғ ҳадис инсоннинг яратилиш чоғидан ва дунё ҳаётига қадам қўйишидан бошлаб то саодат олами бўлмиш жаннатга ёки шақоват олами бўлмиш дўзахга абадий кириб кетадиган вақти етиб келгунга қадар бўлган барча ҳолатларини ўз ичига олган. Ҳадисда инсоннинг охиратда жаннат ёки дўзахга кириши унинг дунё ҳаётида касб қилган амалларига биноан содир бўлиши ва инсоннинг қандай амаллар қилишини эса Аллоҳ таоло азалда билиб, тақдир қилгани ва шунга биноан ҳукм чиқаргани ҳам баён қилинади.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 1. Она қорнида боланинг ривожланиш босқичлари

Ушбу ҳадис фарзанднинг она қорнида ҳар бири қирқ кундан иборат уч босқични бошдан ўтказишига далолат қилади. Шундай қилиб, ҳомила биринчи қирқ кунликда «нутфа», иккинчисида «алақа», учинчисида «музға» ҳолида бўлади. Бир юз йигирма кун ўтгач, фаришта унга жон пуфлайди ва ҳадисда зикр қилинган тўрт нарсани ёзиб қўяди.

 «Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик», (Ҳаж сураси, 5-оят);

 «Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир», (Мўминун сураси, 12-14 – оятлар).

Ҳадисдаги мазкур тўрт босқичдан ташқари, оятда Аллоҳ таоло яна уч босқични зикр қилди. Шундай қилиб, босқичлар еттига етди. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Одам фарзанди етти босқичда яратилди» деб, сўнггидан шу оятни тиловат қилар эдилар.

 Аллоҳ таоло инсонни бир лаҳзада комил яратиб қўйишга қодир бўла туриб, айнан шу тартиб билан бир ҳолдан бошқасига аста-секинлик билан ўтказиб яратди. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таолонинг бепоён коиноти қандай қилиб сабаб-омиллар ва шу омилларни келтириб чиқарувчи кучлар воситасида ва яна ҳар қандай ишдан олдин муҳайё этилиши лозим бўлган муқаддималар ва уларнинг натижалари ўлароқ яратилган бўлса, инсоннинг яратилиш жараёни ҳам шу низомга мос тушиши, тўғри келиши керак эди. Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилиш учун ҳам шу услуб гўзалроқ ва ўринлироқдир.

Бундан ташқари, бу тадрижийлик бандаларнинг ўз ишларида оғир-вазмин бўлишлари ва шошқалоқликдан йироқ бўлишлари учун Аллоҳ таоло берган ўзига хос таълим-тарбия ҳамдир. Инсон зоҳирий камолотга етгунга қадар яратилиш чоғида ҳам, ундан кейин ҳам бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шундай экан, унинг маънавий камолоти ҳам айни шу тадрижий услуб билан вужудга келади. Мазкур ҳадис шунга ишора қилади. Киши ўзининг юриш-туришида ҳам шу услубни қўллаши лозим. Акс ҳолда у пала-партишлик билан иш тутган бўлади ва мақсадга етиши қийинлашади.

  2. Жон (руҳ) пуфланиши

Уламолар эр-хотин қўшилишидан кейин бир юз йигирма кун ўтгач, яъни тўрт ой ўтиб бешинчи ойга киргач, она қорнидаги болага руҳ пуфланиши, яъни жон киргизилиши муқаррар эканига иттифоқ қилганлар. Бу кузатув ёрдамида қўлга киритиш мумкин бўлган илмий ҳақиқат бўлиб, фарзанднинг отаси ким эканлигини аниқлаш ҳамда қачон нафақа вожиб бўлиши каби бир қанча аҳкомларда шу муддатга суянилади. Ҳомилага жон пуфлангани она бачадонида унинг қимирлаб ҳаракатланиши билан аниқланади. Эри вафот этган аёлнинг идда сақлаш муддати тўрт ою ўн кун этиб белгиланишидаги ҳикмат ҳам ана шундадир. Чунки айни шунча муддат ўтиши билангина аёл қорнида ҳомила аломатлари бор-йўқлиги аниқ билинади.

Руҳ фақат ўша билангина инсон тирик бўла оладиган, Аллоҳ таолонинг амридан бўлган, моҳияти фақат Унинг ўзигагина маълум бўлган нарсадир. «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт», (Исро сураси, 85-оят).

Имом Нававийнинг «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳларидан: «Руҳ намликнинг яшил новда билан чамбарчас бирикиб кетгани сингари баданда сизиб юрадиган юмшоқ, латиф жисмдир.»

Имом Ғаззолий эса «Иҳёи улумид-дин» китобида ёзадилар: «Руҳ баданда ҳаракат қилиб юрувчи, аразлардан (яъни ранг, ҳид каби ноаслий сифатлардан) холи бўлган жавҳардир».

  3. Болани олдириб ташлаш ҳаромдир

Болага жон пуфланганидан сўнг уни олдириб ташлаш, яъни ҳомиланинг она бачадонида ўрнашгани аниқ бўлгач, сунъий йўл билан чиқариб ташлашнинг ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилганлар. Улар бу ишни хилқати тўла-тўкис яратиб бўлинган ва тириклиги кўриниб турган жонзотга қарши қилинган жиноят бўлганлиги учун мусулмон кишига ҳаром деб эътибор қилганлар. Бола олиб ташланаётган вақтда она қорнидан тирик ҳолда тушиб, кейин ўлган бўлса, товон тўланади, агар ўзи ўлик ҳолда тушган бўлса, ундан бироз камроқ молиявий жарима солинади.

Жон киритилмасидан аввал болани олдириб ташлаш ҳам ҳаромдир. Кўпчилик фуқаҳолар шу мазҳабдадирлар. Бунга далил бачадонда нутфа ўрнашиши биланоқ яратилиш жараёни бошланишига ишора қиладиган саҳиҳ ҳадислардир. Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Нутфа (бачадонда ўрнашганидан сўнг) қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ таоло бир фариштани юборади. Бас, у фаришта унга шакл-сурат беради, унинг қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади». (Муслим ривоятлари).

 Ибн Ражаб Ҳанбалий «Жомеул-улум вал-ҳикам» китобида айтадилар: «Бир гуруҳ фуқаҳолар аёл кишига қорнидаги болани олиб ташлашга, агар унга ҳали жон пуфланмаган бўлса, рухсат берганлар ва уни азл (эрлик уруғини аёлнинг авратидан ташқарига ташлаш) ҳукмида бўлади деб айтганлар. Лекин бу заиф қавлдир. Чунки бу ҳолда бола яратилиш жараёнига кириб бўлган ва эҳтимол бирон суратга эга бўлишга ҳам улгурган бўлади. Азлда эса, бола ҳали мутлақо вужудга келмаган бўлади. Лекин гоҳида, агар Аллоҳ таоло фарзандни яратишни ирода қилган бўлса, бу азл ҳам унинг вужудга келишини тўса олмайди».

Имом Ғаззолий «Иҳёи улумид-дин» китобида айтадилар: «Азл  фарзандни олиб ташлаш ёки тириклайин кўмиш каби эмас. Чунки ҳомилани олиб ташлаш вужудга келган жонга нисбатан қилинган жиноятдир. Вужудга келишнинг бир неча босқичлари бордир. Унинг биринчи босқичи «нутфа» бачадонга тушиб, аёлнинг суви билан аралашиши ва ҳаётни қабул қилишга тайёр бўлиб туриши бўлиб, бу ҳолатни бузиш жиноятдир. Агар «нутфа» лахта қон ҳолига келиб қолган бўлса, буни бузишнинг жинояти янада хунуклашади. Энди унга жон пуфланиб, хилқати тўла-тўкис яратилиб бўлган бўлса, жиноят бундан ҳам баттар бўлади. Жиноятнинг энг хунуги эса алоҳида тирик жон бўлиб ажралганидан кейингисидир».

4. Аллоҳ таолонинг илми

Аллоҳ таоло халқларнинг барча аҳволларини уларни яратмасдан аввалданоқ билади. Бандалар тарафидан иймон ёки тоат, куфр ёки маъсият содир бўлса, шуни Аллоҳ таоло аввалдан билган ва шундай бўлишини ирода қилгандир. Аллоҳ таоло тақдирни қадимдаёқ битиб қўйгани ҳақида сўз юритувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.

 Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Туғилиб дунёга келган қандайин жон бўлмасин, унинг жаннатда ёки дўзахда бўладиган ўрнини Аллоҳ таоло, албатт, тақдирда битиб қўйган бўлади ва унинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини ҳам, албатта, ёзиб қўйган бўлади».

Шунда бир киши:

«Ё Расулуллоҳ! Ундай бўлса, амални тарк қилиб, тақдирга таяниб, таслим бўлиб ўтираверсак бўлмайдими?» – деб сўради.

«Сизлар амал қилаверинглар! Зеро ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади», – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз».

Имом Бухорий ривоят қилган.

  5. Тақдирни ҳужжат қилиш

Аллоҳ таоло бизни Ўзига иймон келтириб, Унга итоат этишга буюрди ҳамда Унга куфр келтириб, маъсият қилишдан қайтарди. Бизнинг зиммамизга юклатилган нарса шундан иборатдир. Аммо бизнинг фойдамиз ёхуд зиёнимизга тақдир этиб, битиб қўйилган нарсаларга келсак, бу биз учун номаълум бўлиб, биз уни суриштиришдан масъул эмасмиз. Бас, шундай экан, залолат, куфр ёки фисққа гирифтор бўлган киши ўз қилмишларини Аллоҳ таоло «унинг пешонасига ёзиб қўйгани ва шундай бўлишини Унинг ўзи хоҳлаганини» баҳона қилиши нолойиқдир. «Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи Зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир» – деб айт», (Тавба сураси, 105-оят).

 Бироқ тақдир этилган мусибат амалда содир бўлиб ўтганидан сўнг тасалли учун тақдирни ҳужжат қилишга рухсат этилади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таолонинг қазо-қадарига таслим бўлиб, бўйсуниши билан хотиржамлик топади. Зеро Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳар қандай фойда ёки зиён аслида мўминнинг фойдасига ишлайди.

  6. Амаллар хотимасига қараб белгиланади

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Амаллар фақат хотимасига қараб белгиланади», (Бухорий ривоятлари).

Яъни бир кишининг ҳаёти охирида иймонли ва тоат-ибодатли бўлиши тақдир этилган бўлса, ҳаётида маълум муддат кофир ёки осий бўлиб юрса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга иймон ва тоат-ибодат учун тавфиқ беради ва ўша аҳволда жон бериб, жаннатга киради.

Яна бир киши эса умрининг охирида кофир ёки фосиқ бўлиб қолиши тақдир этилган бўлса, ҳаётининг маълум қисмини иймонда ва тоат-ибодатда кечирса ҳам, тақдирда белгиланган кун келганда, шу банданинг ўз иродаси ва касб қилган амали туфайли Аллоҳ таоло уни ёрдамсиз қўяди-да, банда куфр калимасини айтиб қўяди ёки дўзах аҳли амалларидан бирини қилиб жон беради ва дўзахга киради.

 Шунинг учун инсон зоҳирда иймон ва тоат-ибодатда бўлиб кўринаётганидан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, инсоннинг зоҳирда кофир ёки осий-фосиқ бўлиб кўринаётганидан умидсизланиш ҳам яхши эмас. Чунки хулоса ҳамма нарсанинг охирги натижасига қараб чиқарилади.

 Демак, Аллоҳ таолодан бизни ҳақ йўлда собит қилишини ва ҳаётимизга гўзал хотима ясашини сўраб дуо қилмоғимиз лозим.

  7. «Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, менинг қалбимни ўз динингда собит қилгин!»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Барча одам фарзандларининг қалблари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртасида худди битта қалб мисоли кабидир, уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр». Кейин эса дуо қилдилар: «Эй қалбларни буриб қўйгувчи Зот, қалбларимизни ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!» (Муслим ривоятлари).

 Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадилар: «Ҳаётнинг ёмон хотима билан якунланиши кишининг ичида одамларга кўринмайдиган, ташқаридан билинмайдиган бир махфий иллат борлиги туфайли бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай бўлишидан асрасин! Шунингдек, киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юрса-да, ичида махфий бир яхши хислати бор бўлиши ва ҳаётининг охирида ана шу хислати унга ғолиб келиб, гўзал хотима билан вафот этиши мумкин».

 Абдулазиз ибн Довуд айтадилар: «Ўлим тўшагида ётган бир кишининг ҳузурига бордим. Унга калимаи шаҳодатни талқин қилишаётган эди. Шунда ҳалиги киши бу калимага ишонмаслигини айтди. Ўша киши ҳақида сўраб-суриштирсам, ароққа муккасидан кетган экан». Шунинг учун Абдулазиз ибн Довуд: «Гуноҳлардан сақланинглар, ўша кишини дўзахга қулатган нарса ҳам худди шу нарса бўлди», - деб айтардилар.

Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили фақат ҳаж ва умрага келувчи мусулмон зиёратчилар учун Саудиянинг Макка шаҳри яқинида махсус янги давоми...

11:18 / 25.01.2017 3340
Ўсмирлик сиз микроскоп остидасиз    Ўзингизнинг фарзандингизни ҳам тушунмай қоляпсизми Унинг кайфиятлари, давоми...

12:56 / 18.08.2018 3712
41. Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин  Аллоҳ таоло у зотни давоми...

16:50 / 11.12.2017 3438