Католик роҳиба аксилислом роҳибнинг маърузасидан сўнг Исломни қабул қилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Собиқ роҳиба Ирена Хандоно You tubeдаги видео лавҳада шундай ҳикоя қилади: «Олти ёшлигимда мени черков мактабига беришди. Мен мутлақо черков ҳисобига яшай бошладим, чунки ота-онам Индонезиядаги энг катта черковнинг асосчилари эди. Ёшим улғайгач, Биби Марям номидаги черков ташкилотига кирдим. Бу ташкилотнинг вазифаси «адашган қўй»ларни қидириб топишдан иборат эди. Улар «адашган қўй» деб насроний бўлмаганларни айтишар, уларни топиб, насроний динига киритишга ҳаракат қилишар эди.

Бир йил ўтгач, мен насронийларнинг Индонезиядаги энг катта ҳаракати раҳбарига айландим. Сўнг роҳиба бўлиш учун сочимни олдирдим. Қачонлардир муслима бўлишим етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Аксинча, роҳиба бўлишни орзу қилар эдим. Бу орзуимга етишдим ҳам.

Бироқ, алҳамдулиллаҳ, шу пайтдан бошлаб Аллоҳ мени ҳақ йўлга ҳидоят қила бошлади. Мен насроний роҳиблар тайёрлайдиган диншунослик ва фалсафа университетига ўқишга кирдим. «Қиёсий диншунослик» фанидан кирадиган устозимиз бизга маърузалар ўқир эди. Маърузаларда жумладан Ислом ҳақида ҳам сўз юритилар, бироқ уни «ҳақ дин эмас, ёмон дин» деб ўргатишар эди.

Улар шундай дейишар эди: «Исломни билмоқчи бўлсангиз, индонезиялик мусулмонларга бир қаранг. Хўш, Индонезияда ким камбағал яшайди? Мусулмонлар. Индонезияда ким аҳмоқ? Мусулмонлар. Жумъа намозида калиш ўғирлайдиганлар кимлар? Мусулмонлар? Ким бирликни истамайди? Яна мусулмонлар. Террористлар кимлар? Мусулмонлар!». Курсдошларимнинг ҳаммаси Ислом ёмон дин экан, деб хулоса чиқаришарди. Бироқ мен уларнинг хулосасини нотўғри дедим. Мен бошқача фикрда эдим. Мен фақат Индонезия эмас, бошқа мамлакатларни ҳам ҳисобга олиш кераклигини айтдим. Масалан, Филиппинда қашшоқ ва саводсизларнинг аксарияти мусулмон эмас, католиклар эди. Ёки камбағал мамлакат ҳисобланган Мексикани олсак, у ердаги ўғрилар, зўравонлар, ичкиликбозлар ва казинодаги қиморбозларнинг ҳаммаси мусулмон эмас, католиклар эди. Шимолий Ирландияда эса католиклар билан протестантлар ўртасида тўқнашувлар тўхтамайди, одамлар бир-бирини ўлдиради, лекин уларнинг ичида мусулмонлар йўқ. Европаликлар уларни «террорчилар» деб атайди. Италияда наркотик сотувчилар ҳам, казино эгалари ҳам мусулмонлар эмас. Мафиянинг барча аъзолари эса католиклар.

Шулар ҳақида фикр юритгач, мен бизга дарс берадиган пасторнинг ёнига бордим ва «Сизнинг далилларингиз Исломнинг ёмон дин эканлигини исботлай олмади», дедим. Мен Исломни унинг ўз манбаларидан ўрганишга қарор қилганлигимни айтдим. Пастор бу диннинг заиф жиҳатларини топишга ҳаракат қилиш шарти билан бунга рухсат берди. Мен Қуръонни ўқий бошладим. Унда Худонинг бирлиги, ягоналиги таъкидланар эди. Худонинг бирлиги эса бизга черковда ўргатиладиган учликка зид келар эди. Мен кечаси «Ихлос» сурасини ўқидим. Унда тавҳид ҳақида айтилган эди. Эртасига эса черковдаги роҳиб «Худо битта, лекин уч қиёфада» деди. Шу куни кечаси мен яна Исломни ўрганишда давом этдим. Мен қалбимда Худонинг яккаю ёлғиз, мутлақо ягона эканлиги тушунар, бунинг ҳақиқат эканлигини ҳис қилар эдим. Пастор эса менинг роҳиба бўла туриб, ҳалигача учликнинг нима эканлигини тушунмаганимга хуноб бўлар эди. У учбурчак расмини чизиб, учбурчакнинг учта бурчаги бўлганидек, Худо ҳам уч қиёфага эга, дер эди. Мен шундай дедим: «Дунё кескин ўзгариб бораяпти. Худо буни эплашга қийналяпти. Балки, унга яна бир қиёфа керак бўлиб қолар?». Сўнг квадрат чиздим-да: «Нима бўпти, квадрат ҳам битта, лекин унинг тўртта бурчаги бор» дедим. «Бундай бўлиши мумкин эмас. Ақида шундай», - деди устозим. У менга шундай деди: «Сен Худонинг учталик тавҳидини тушунмасанг, унда шундай қабул қил, шунга ишон, лекин бошқа савол берма. Агар савол бераверсанг, шубҳаланаверсанг, гуноҳкор бўласан». Мен кечаси Қуръонни ўрганишда давом этавердим. Пастор билан Худонинг ягоналиги ҳақида суҳбатлашгим келаверарди. Мен унга шундай савол бердим: «Мана бу столни ким ясаган?». У индамади. Жавобни ўзим бердим: «Дурадгор ясаган. Лекин, бу стол қачон ясалган бўлса ҳам, унинг ўзи ҳеч қачон дурадгор бўла олмайди. Бирорта стол ҳеч қачон дурадгорга айланиб қолмайди». У менинг нимани назарда тутаётганимни сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Худо коинотдаги барча жонли ва жонсиз нарсаларни яратган. Шу жумладан, одамларни ҳам. Лекин бирорта одам ҳеч қачон Худо бўлиб қолмайди, Худога тенглаша олмайди». Мен бошқа мисол ҳам келтирдим. Армиядаги ҳамма сержантлар йиғилиб, ўзларидан генерал сайласалар ҳам, у ҳақиқий генерал бўлиб қолмайди, дедим. Худди шунингдек, бутун инсоният тўпланиб, бир кишини «худо» деб тайинласалар ҳам, у ҳеч қачон худо бўлиб қолмайди.

Сўнг мен унга Ийсо алайҳиссаломни илк бор 325 йилда худо деб эълон қилишганини эслатдим. Ўшанда Никей соборига тўпланган роҳиблар Ийсо алайҳиссалом билан Худонинг ўртасидаги муносабатларни ўғил ва ота ўртасидаги муносабатлар деб белгилаб, учлик ҳақидаги доктринани эълон қилишган. Уларнинг рақиби архиепископ Арий эса, Ийсо алайҳиссаломни инсон ва Худо яратган мавжудот деб ҳисоблар эди. Мен ҳам «Инжилда учлик ҳақида ҳеч нарса айтилмаган», дедим. Бу суҳбат менинг ҳаётимда улкан бурилиш ясаган суҳбат бўлди. Шу суҳбатдан сўнг мен Худонинг учлиги одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарган ёлғон эканлигини тушуниб етдим, насронийликдан батамом ҳафсалам пир бўлиб, Исломни қабул қилдим.

Мавзуга оид мақолалар
1. Эрталаб ва кечқурун тишларингизни лимон шарбати билан тозаланг агар милклар илвираб кетмаган бўлса. давоми...

11:33 / 25.11.2016 3445
 ЁКИ МАНА, СИЗГА ИСЛОМ МАДАНИЯТИ  Европа университетларидан бирида бўлган воқеа.  Бисмиллаҳир Роҳманир давоми...

08:38 / 28.02.2017 5812
Ҳозир шамоллашлар мавсуми бошланди. Кўпчилик тумов, томоқдаги оғриқ ва бош оғриғидан ҳамда шу касалликлар давоми...

14:05 / 04.03.2017 23328
Йигирма бешинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун Рамазоннинг йигирма бешинчи куни. Бу йил ҳам аввалги давоми...

21:37 / 20.06.2017 6052