Олимларнинг оламшумул кашфиёти: инсон Аллоҳга бўлган иймон ила туғилади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Асрлар давомида дунёнинг энг машҳур файласуфлари ва турли дин мутахассислари Аллоҳнинг борлигини инкор қилиш ва йўқлигини тасдиқ этиш ҳаракатида бўлдилар. Аммо ана шу машҳур  илм эгалари ҳозирги замон илми «иррационал», деб эълон қилган ажойиб бир саволга жавоб беришда ожиз қолдилар.

Британиядаги Бристоль тадқиқот университети олимларининг кашфиёти илм оламида ҳақиқий оламшумул ҳодисага сабаб бўлди. Мазкур университет олимлари ўз тадқиқотлари жараёнида ҳозирги замон инсон болалари Аллоҳга бўлган иймон ила туғилишларини таъкидладилар.«Биз, янги туғилган бола онги ғайбий нарсаларга бўлган иймондан иборат эканлигини аниқладик», — деб эълон қилди тадқиқот бошлиғи профессор Брюс Худ. Шунингдек, Бристол университети илмий кенгашининг замонавий тадқиқотлари шуни кўрсатдики, на «homo sapience» ва на ҳозирги замон жамияти Аллоҳга иймонсиз бўлган ҳолда дунёга кела олмасдилар.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсониятнинг биринчи босқичларида Аллоҳга иймони бўлган, адолат ва сабабият қонуниятига ишонган жамоатлар бошқаларга нисбатан мустаҳкам ижтимоий алоқаларни ташкил қилишган ва бу ила ўз турмуш даражаларини ривожлантиришган. Айнан ана шу жамоатлар ҳозирги замон тараққиётига асос солишган ва айнан улар унинг ривожланишига туртки бўлишган, деб хабар беради «Илм – Куч».

Аслида эса ҳозирги замон илми ўзи тасдиқ қилмоқчи бўлган нарсалар устида изланаётган бир пайтда, бир минг тўрт юз йил аввал бу нарсалар Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида аниқ далиллар ила баён қилинган. «Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла».

Яъни Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, даври қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга «Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар «Худди шундай», яъни албатта, сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан, инсон уруғлик пайтида, яъни она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» – дедилар.

Сўнгра, Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Тўртовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз бормоқда. «Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади». Яъни ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар. Шу жойда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида, саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» – дедилар». Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини кесадилар, бурунларини кесадилар ва ҳоказо.

Шунга ўхшаб инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг, «Агар хоҳласангиз, Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.

Ушбу ҳадисда катта ҳикмат мавжудлигини кўрамиз. Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда инсоннинг ҳам ўрни бор.

Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир. Бола динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса уни берувчи Зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчидир. Ҳар бир мусулмон ота-она шу масъулиятни тўлиқ тушуниши керак. Ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериши керак. Агар кўпчилик ўйлаганидек, қазо ва қадар мажбурлаш бўлганида, тарбия орқали турли динга кириб кетиш зикр қилинмаган бўлар эди.

Мазкур мақола www.inauka.ru маълумотлари ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг китоблари асосида тайёрланди.

Мавзуга оид мақолалар
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ер юзида 2 миллиардга яқин киши йод танқис ҳудудларда давоми...

13:51 / 24.11.2016 13650
Биринчи фасл Фейсбукнинг умумий одоблари Эй карамли мусулмон Билгинки, «Фейсбук» деб аталмиш оламнинг давоми...

10:36 / 20.02.2019 2918
embedhttpswww.youtube.comwatchv9wkc8EKR1ZUembed

18:22 / 30.01.2018 3326
Ассалому алайкум, азиз муслима опасингиллар Юртимизга фасллар келинчаги баҳор кириб келди. Ушбу муносабат давоми...

23:53 / 11.12.2016 8993