Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:  «Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорваларнинг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар ва уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди», деган (Наҳл, 80).

Инсоннинг уйи унинг энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйдан бошқа жойда одам оромини йўқотади, уйидагидек тинчлана билмайди. Буни ҳар бир инсон, хусусан, уйи йўқ кишилар жуда яхши ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга, уй жиҳозларига ва унинг осойишталик, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.

«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди».

Ҳар бир уй оромгоҳдир. Мусулмон инсон учун унинг уйи емакхона, омонлик жойи, хотиржамлик маскани ва тинчлик-осойишталик марказидир.

«У сизга чорваларнинг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар».

Бу ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Агар шундай қилмаганида кўчиб юрувчи, саҳро, чўлу биёбонларда яшовчи қабилалар оромгоҳ топа олмай қийналар эдилар.

«…ва уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача жиҳоз ва мато бўладиган қилди».

Қўйнинг жуни, туянинг юнги ва эчкининг қилида уйга ишлатиш учун жуда кўп манфаатлар бор. Айниқса, кейинги вақтларда бу матоларнинг қиймати янада ортди, талаб кучайди. Инсон Аллоҳнинг бу неъматига ҳам шукр қилиши керак. Уларни берган Аллоҳга иймон келтириб, ибодат этиши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрадан ҳужра қилиб олиб, унда намоз ўқир эдилар. Кундузи уни солиб устига ўтирар эдилар. Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у зотнинг намозидек намоз ўқий бошладилар.

Улар кўпайиб кетганларида у Зот уларга юзланиб: «Эй одамлар! Амаллардан ўзингиз тоқат қиладиганингизни олинглар. Албатта, Аллоҳ сиз малолланмагунингизча малолланмас. Албатта, Аллоҳ учун амалларнинг энг маҳбуби – оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

 Ушбу ривоятнинг бу ерда келтирилишига сабаб очиқ-ойдин кўриниб турибди. Унда ўша вақтда кенг тарқалган уй жиҳози бўлмиш бўйра ҳақида сўз кетмоқда.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрадан ҳужра қилиб олиб, унда намоз ўқир эдилар».

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўйрани масжиднинг бир бурчагига тиклаб ҳужрага ўхшатиб олиб, ичига кириб нафл намоз ўқир эдилар.

«Кундузи уни солиб устига ўтирар эдилар».

Ўша кечаси ҳужра қилиб олинган бўйрани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз куни тагларига солиб ўтирар, ундан уй жиҳози сифатида фойдаланар эдилар. У Зотнинг уйлардаги ҳаёт ана шундай камтарона ва содда бўлган эди.

«Одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у Зотнинг намозидек намоз ўқий бошладилар».

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйрадан ҳужра қилиб олиб, нафл намоз ўқиётганларини кўрган одамлар у Зотнинг бўйрадан ясаб олган ҳужраларига яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиб, унга ёпиштириб жой қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига қўшилиб ўқий бошладилар.

«Улар кўпайиб кетганларида у Зот уларга юзланиб: «Эй одамлар! Амаллардан ўзингиз тоқат қиладиганингизни олинглар. Албатта, Аллоҳ сиз малолланмагунингизча малолланмас. Албатта, Аллоҳ учун амалларнинг энг маҳбуби – оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир».

Яъни кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб нафл намоз ўқийдиганлар кўпайиб кетганларида уларга бу борада мурожаат қилдилар.

«Амаллардан ўзингиз тоқат қиладиганингизни олинглар».

Яъни нафл ибодат қиладиган бўлсангиз, имкон ва шароитингизга қараб, кучингиз етадиганини олинг. Қурбингиз етмайдиган ишни ўз ихтиёрингиз ила вазифа қилиб олиб, кейин қийналиб юрманг. Агар бошқаларга қизиқиб, бирданига кўп нафл амални ўзингизга вазифа қилиб олсангиз, кейин малол кўриб қолишингиз мумкин.

«Албатта, Аллоҳ сиз малолланмагунингизча малолланмас».

Шунинг учун ўз имконингизга қараб, тоқатингиз етадиган ишни қилинг.

«Албатта, Аллоҳ учун амалларнинг энг маҳбуби – оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир».

Шунинг учун нафл ибодат қилишда ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бир-икки қилиб, кейин ташлаб юборадиган эмас, балки бардавом бўладиган амални ихтиёр қилмоқ керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ухлайдиган тўшаклари ичига лийф солинган теридан эди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

«Лийф» – хурмо пўстлоғининг ички тарафидаги майин толалар.

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари ичига хурмо пўстлоғининг майин толалари солинган, жилди ошланган теридан қилинган экан. У Зот ўша тўшакни кундузи тагларига солиб ўтирар, кечаси тагларига солиб ётар эканлар. Бу ҳам камтарона ва содда ҳаёт намунаси.

 Ҳадис ва ҳаётнинг «Таом, шароб, либос» жузидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Диетолог Марият Мухина «Аргументы и Факты» нашрига берган интервьюсида эрта қаришнинг олдини олувчи давоми...

21:00 / 24.09.2019 2840
Никоҳнинг илк даври энг қийин   пайт ҳисобланиб, ўз ҳаёт тартибига эга бўлган икки ёш тамоман ўзгача ҳаёт давоми...

18:39 / 19.02.2017 14844
Орасида туғиш ва эрхотинлик алоқаси борларга. Бунда кишининг туққанлари, яъни отаонаси, неча поғона давоми...

14:26 / 04.06.2017 3237
Англиялик бир киши Исломдаги айрим ҳукмлардан норози бўлиб, бир шайхнинг ҳузурига мунозара учун борибди. давоми...

06:28 / 13.12.2016 3312