Мусулмоннинг ҳақлари I
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳаққлари бордир. Баъзиларини амал қилиш учун ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», – дедилар.

«Улар қайсилар, ё Расулуллоҳ?» – дейилди.

«Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Термизийнинг ривоятида:

«Мусулмоннинг мусулмонда маъруф йўли ила олти ҳаққи бордир: уни учратса, салом беради; даъват қилса, унга ижобат қилади; акса урса, унга яхшилик тилайди; вафот этса, жанозасига эргашади; бемор бўлса, бориб кўради ва ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар ҳозир биз ўрганаётган бобнинг айни мақсадидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳаққларини шундай ўргатмоқдалар:

1. Қачон учратсанг, унга салом бер.

Икки мусулмон учрашганда, уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳаққи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, ўшаниси савобнинг кўпини олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади.

Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро, фақат урушиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса бир-бирлари билан саломлашишни ўзларининг ва бошқаларнинг ҳаққи деб англайдилар.

2. Қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер.

Бирор мусулмон маросим қилиб, ўз биродарини ўша маросимга даъват қилса, ўша даъватга жавоб бериб, мазкур маросимга бормоқ ҳалиги мусулмон зиммасига ҳаққ бўлиб тушади. Бу ҳам жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим омилдир.

Ҳанафий мазҳабида, номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир.

Валийма бир мусулмон киши ўзига етган хурсанд­чилик муносабати ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида, хайр-эҳсон бўлсин дея, дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Албатта, ундай даъватни қабул қилиш лозим бўлади. Чунки шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади ва мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.

3. Қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил.

Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли-туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахассиси бор. Улар ўз мутахассислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мав­қеъга эгадир. Бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳаққдир.

Шунингдек, мусулмон киши илмли, тажрибали одамларнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўралган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади.

Бу омил ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши турган гап.

4. Қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила.

Ҳар бир мусулмон акса урганида «алҳамду лиллаҳ» дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса «ярҳамукаллоҳу» – Аллоҳ сенга раҳм қилсин, деб яхшилик тиламоғи бурчдир.

Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап.

5. Қачон бемор бўлса, уни бориб кўр.

Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича, бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонларнинг уни бориб кўришлари бемор олдидаги бурчлари ҳисобланади.

6. Қачон вафот этса, ҳозир бўл.

Ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг зиммасидан ҳам соқит бўлади. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.

7. Ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради.

Мусулмон шахснинг ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоғи, уларга ҳам шундай яхшилик етишини исташи уларнинг олдидаги бурчидир.

Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир.

8. Ўзига ёмон кўрган нарсани биродарига ҳам ёмон кўради.

Бу ҳаққ аввалги гапдан келиб чиққан. Мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим бўлганидек, ўзига ёмон кўрган нарсани биродарига ҳам ёмон кўриши лозим бўлади.

9. Мусулмонлардан бирортасига ҳам на гап ва на амал билан озор етказмаслик.

Бу маънода келган баъзи ҳадисларга назар солайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижратда (узоқда) бўлган одамдир», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Термизий ва Насаий:

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпроқ тил ва қўлдан зарар, озор етади. Шунинг учун ҳам ҳадисда «тилидан ва қўлидан» деб алоҳида таъкидлаб айтиляпти. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан  бировга озор бериш мумкин, деган хулоса чиқмайди. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

Энди Термизий ва Насаий ривоятларида келган:

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик.

«Иймон», «мўмин» сўзлари «амн» – «омонлик», «ишончли» маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда «ювош» – «хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», – дедилар». 

Насаий ривоят қилган.

10. Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозуъли бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», – дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ибн Абу Дунёнинг ривоятида:

«Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Афв бандага иззатдан бошқани зиё­да қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳим қилур», дейилган.

Олий мақомга етай десак, тавозели бўлайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила фахрланишини кетказгандир. Тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлиши мумкин. Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар қавмлар билан фахрланишларини қўйсинлар. Улар жаҳаннам кўмиридан бир кўмир бўлишдан ўзга эмаслар. Бўлмаса, улар Аллоҳ учун тумшуғи ила гўнг титадиган сассиқ қўнғиздан ҳам пастроқ бўлурлар», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга: «Тавозуъ қилинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин», деди», – дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Демак, тавозе кишилар орасида, жамиятларда тажовуз қилиш ва фахрланиш орқали содир бўладиган барча нохушликларнинг олдини олар экан.

11. Мусулмон киши бировнинг ғийбатига қулоқ солмаслиги ва ўзи бировни ғийбат қилмаслиги керак.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир» («Ҳужурот» сураси, 12-оят).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг асҳобимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолимда чиқишни истайман», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг – мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса, Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

12. Аччиғини чиқарган танишларидан уч кундан ортиқ аразламайди.

Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандалик билан, гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиққанда ўзига келиши учун урушган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, икковлари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Салом берувчи эса аразлашдан чиқади», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ундан ортиқ аразлаган ҳолда ўлиб қолса, дўзахга киради», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

13. Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик.

Уч марта изн сўрайди. Рухсат берса киради, рухсат бермаса, қайтиб кетади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қи­лади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга, то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» («Нур» сураси, 27-оят).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин...» – дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахс­ни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин.

«Изн» деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.

Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим.

14. Барчага ҳусни хулқ ила муомалада бўлиш.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Мўмин-мусулмон банда ўз муомаласини барча одамлар ила ҳусни хулқ асосида олиб бормоғи керак.

15. Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳимли бўлиш.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир чол келганда, қавм унга жой беришга кечикди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичкинамизга раҳим қилмаган, каттамизни улуғламаган, амру маъруф ва наҳйу мункар қилмаган биздан эмас», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир ёш қарияни ёши учун икром қилса, албатта, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган шахсни муҳайё қилади», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Асарлардан бирида: «Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳим қилмаса ва уламоларимизни эътироф қилмаса, биздан эмас», дейилган.

Мавзуга оид мақолалар
Наманган вилояти бўйлаб ниҳоясига етган Қуръон мусобақаси чин маънода байрамга айланиб кетди. Қуйида давоми...

11:17 / 06.02.2018 3295
Ёз кунларининг бирида ўғлим мактабда бирга ўқиган ўртоғини уйимизга бошлаб келди. Танидингизми, она давоми...

12:33 / 25.02.2019 3294
Бу йилги ҳажга қанча зиёратчи келди 2023 йил, 27 июн куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги бу йилги ҳаж мавсумида давоми...

20:59 / 04.07.2023 1669
Конференциянинг иккинчи куни кечги мажлисида «Ўрта Шарқда Исломий ёрдам ерларини ривожлантириш» мудири давоми...

13:22 / 28.01.2017 3829