Аллоҳга содиқлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган «садоқат», «содиқлик», «ростгўйлик» каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада «сидқ» шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин, «қувват» маъносини англатади. Бу сўз «кизб»нинг– ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган.

Уламоларимиз сидқ ҳақида бир-бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифлар айтганлар. 

Роғиб раҳматуллоҳи алайҳи «Муфрадот»да:

«Сидқ гапнинг виждонга ва хабарини берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса, сидқ тугал бўлмайди», деган (277-бет).

Журжоний «Таърифот»да:

«Сидқ ҳукмнинг воқега тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган (132-бет).

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳидан сидқ ва ихлос ҳақида: «Икковлари бирми ёки ораларида фарқ борми?» деб сўралганда:

«Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фардир. Сидқ барча нарсанинг аслидир. Ихлос фақат амалларни бошлагандан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган («Далилул Фолиҳин», 202-бет).

Имом Абдулкарим Қушайрий:

«Сидқ аҳволингда аралашган нарса, эътиқодингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган.

Сидқнинг турлари

Уламоларимиз сидқнинг турларини учга бўлишган:

1. Гап-сўздаги содиқлик.

Бунда гап-сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган.

2. Амалдаги содиқлик.

Бунда қилинадиган ишнинг фармонга тўғри бўлиши кўзда тутилган.

3. Ҳолдаги содиқлик.

Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга мувофиқ келиши кўзда тутилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. Ул Зотнинг энг машҳур сифатларидан бири «Содиқ» бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда сидқ сифати барча тарафдан мукаммал тарзда намоён бўлган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши айтадилар:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. Ул Зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки бахтлилигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу cевимли Набийи­миз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган Зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: «Ул Зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода қилади.

Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум.

Масдуқликлари, яъни ростгўйликлари тасдиқланган Зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир.

Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзи эшитган ҳадисни ривоят қилиши бу ҳадисда келадиган маъноларга мутлақо шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бирлари «Сиддиқ» лақабини олганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож қилганларида мушриклар бу гапларга, умуман, ишонмасдан масхара қилиб кулдилар.

Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди. 

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:

«Ул Зот шу гапларни айтдими?»– деб сўрадилар.

«Ҳа»,–дедилар.

«Агар у Зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман»,– деди.

«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!»– дейишди.

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман»,– деди.

Шундан сўнг Абу Бакр «Сиддиқ» – ўта тасдиқловчи, деб атала бошландилар.

«Сиддиқ» – «сидқи кўп одам» дегани. Баъзилар: ундан асло ёлғон содир бўлмаган одам сиддиқдир, деганлар.

Баъзи уламолар: сиддиқлар Набийлардан бир оз фазли кам одамлардир, деганлар.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деган («Бақара» сураси, 177-оят).

Оятнинг аввалида мусулмон одамга лозим бўлган гўзал сифатлар зикр қилиниб, охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан: «Иймон нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини жамлаб, бир-биридан ажрамайдиган тарзда бирлаштириб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлав­ҳа қўйибди.

Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақидасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Ўтган азизларимиздан Суфён Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:

«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.

Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида бундай деб марҳамат қилган...

Аллоҳ таоло яна шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», («Тавба» сураси,119-оят).

Сўзларида, ишларида, ниятларида ва иймонларида садоқатли эркак-аёллар содиқлардир. Сўзда садоқатли бўлиш рост сўзлаш, ёлғон гапирмасликдир. Содиқлик гўзал сифат бўлиб, ҳар бир эркак-аёл учун олий фазилатлардан бўлиб келган. Содиқлик иймоннинг аломатидир. Ким содиқ бўлса, нажотга эришади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу – Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», («Нисо» сураси, 69-, 70-оятлар).

Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма мусулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади.

Жаннатдаги мақомларда эса мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан абадий бўлади.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Аллоҳ: «Бу кун – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга(дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий – боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ ютуқдир», деди», деган (119-оят).

Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. «Кун»дан мурод эса қиёмат кунидир.

«Бу кун – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун.»

Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймонлари манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.

«Уларга(дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий – боқий бўлурлар.»

Яъни қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар мазкур жаннатларда абадий қолурлар.

«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ ютуқдир.»

Бундоқ бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади.

Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилади», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Сиддиқ бўлиш – катта бахт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сиддиқларни мадҳ этган. Каззоб бўлиш катта бадбахтлик. Аллоҳ таоло каззобларни ўз душмани деб эълон қилган.

Бас, ҳар бир мўмин-мусулмон сиддиқлардан бўлишга ҳаракат қилсин ва каззоб бўлишдан ўзини сақласин.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир кечаю бир кундузда беш вақт намоз»,– дедилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» – деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», – дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазон рўзасини тутишлик», – дедилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» – деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», – дедилар.

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» – деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», – дедилар.

Бас, ўша одам:

«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», – дея орқага қайтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», – дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка солмаган нарсага ўт. Албатта, содиқлик хотиржамликдир. Албатта, каззоблик шубҳадир», – деганларини эшитдим».

Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Кимнинг одамларга уч нарсаси бўлса, одамларга унинг ҳақида уч нарса лозим бўлади. Ким уларга гапнинг содиғини айтса, омонат қўйсалар, хиёнат қилмаса ва ваъда берса, вафо қилса, уларга уни қалблари ила севиш, тиллари ила мақташ ва ёрдамларини аямаслик лозим бўлади» («Одобуш шаръия», 29).

Абдулвоҳид ибн Зайд:

«Сидқ Аллоҳга амал ила вафо қилишдир», деган.

Иброҳим ал-Хаввос:

«Содиқнинг фақат фарзни адо этаётганини ва фазлга амал қилаётганини кўрасан», деган.

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи:

«Сидқнинг ҳақиқати ёлғондан бошқа нажот бермайдиган ерда рост гапиришдадир», деган.

Сидқнинг фойдаларидан:

1. Сидқ аброрларнинг жаннатга борадиган йўлидир.

2. Содиқлар Аллоҳнинг муқарраб аҳбобларидир.

3. Содиқларни одамлар яхши кўрадилар, уларга ишонадилар ва омонатларини топширадилар.

4. Содиқларнинг жамиятда иззати бўлади.

5. Содиқлик амалларни кўтаради ва шаънини улуғлайди.

6. Содиқлик қувватнинг аломатидир.

7. Содиқлик ўзига ишончнинг белгисидир.

8. Содиқлик нажотдир.

9. Содиқлар Набийлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга тириладилар.

Имом Ғаззолий содиқликнинг олти маъноси ҳақида батафсил сўз юритганлар:

1. Тилдаги содиқлик.

Бу маъно фақат хабарларга ва хабарни ўз ичига олган маъноларга боғлиқ бўлади. Хабар ўтган ёки келаси замонга боғлиқ бўлади. Бунга ваъдага вафо қилиш ҳам киради.

Ҳар бир бандага сўзини муҳофаза қилиши ва ростдан бошқани гапирмаслиги лозим бўлади. Бу, содиқликнинг энг машҳур туридир.

2. Ният ва иродадаги содиқлик.

Бу борадаги содиқлик ихлосга муҳтож бўлади. Бунинг барча ҳаракат ва саканотлар ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина бўлишидан бошқа боиси йўқ. Агар унга озгина бўлса ҳам бошқа нарса аралашадиган бўлса, ниятнинг содиқлиги бузилади ва унинг эгаси ёлғончига айланади.

3. Азму қарордаги содиқлик.

Кўпинча инсон амалдан олдин азму қарор қилади. Мисол учун: «Агар Аллоҳ таоло менга мол берса, мадраса қураман», дейди. Худди мана шу азму қарор гоҳида жазм ила содиқ бўлса, гоҳида истак ва орзудан нарига ўтмаган бўлиши мумкин. Шундан азму қарори ҳеч қандай майлсиз, иккиланишсиз ва заифликсиз тугал қувватга эга бўлган киши содиқ дейилади.

4. Азмга вафо қилишдаги содиқлик.

Гоҳида нафс қарор қилиниши билан азмни амалга оширишга киришади. Гоҳида эса шаҳватлар ғолиб келиб, азму қарорга амал қилиш қийинлашиб қолади. Аҳдига вафо қилганларгина содиқлар бўла олади.

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар», деган (23-оят).

Яъни мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган, азму қарор қилган кишилар бор. Улар содиқлардир, мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар.

Собитдан, у амакиси Анасдан, У Ҳишомдан ривоят қилинади:

«Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу иш унга жуда оғир ботди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган биринчи урушда ғойиб бўлдимми?!»– деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга:

«Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бир урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг Ўзи кўради», – дер эди.

Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга:

«Эй Абу Амр! Оҳ! Оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда! Мен унинг Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» – деди. Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жасадидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқи изларини топдилар. Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр:

«Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», – дерди.

Бас, ушбу оят нозил бўлди: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар» .

Буни у ва унинг соҳиблари ҳақида нозил бўлган деб билар эдилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар ичида бу кишига ўхшаб жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидойиликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда.

«Бас, улардан баъзилари ажалини топди».

Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб шаҳиди аъло бўлди. Орзусига эришди. Ўзи кўзлаган олий мақомга етишди.

«Баъзилари эса интизор бўлиб турибдир ».

«Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».

Бу мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларини ҳеч нарсага алмаштирмадилар.

5. Амалдаги содиқлик.

Бунда банда ташқаридаги амали ичкарисида, ўзида бўлмаган сифатга далолат қилиб қолмаслиги учун жидду жаҳд қилади. Ичидаги бори ташқарига чиқишига эришади. Баъзи кишилар ташқаридан намозни хушу билан ўқиётгандек бўлиб кўринади. У буни одамлар кўрсин учун қилмайди. Аммо шу билан бирга, ичи ташига тўғри келмайди. У таш­қаридан хушу ила намоз ўқиётган бўлиб кўринса-да, хаёли бозорда юрган бўлади. Демак, бундай одам амалида содиқ эмас, балки ёлғончидир.

Шундан қуйидаги хулоса чиқади: Одамнинг ичи ташига тўғри келмаслиги икки хил бўлади. Агар бу иш ният ва қасд билан қилинаётган бўлса, риё бўлади. Аммо ният ва қасдсиз қилинаётган бўлса, содиқликка зид бўлади.

Бу нотўғри ҳолатдан қутулиш учун киши ичи ва ташининг бир хил бўлишини таъминлаши лозим.

Язид ибн Ҳорис роҳматуллоҳи алайҳи:

«Агар банданинг сири ва ошкори бир хил бўлса, ишнинг ярми ҳосил бўлади. Агар сири ошкоридан афзал бўлса, фазлга эришади. Агар ошкори сиридан афзал бўлса, жаврчи бўлади», деган.

Абдурроҳман ибн Зайд:

«Ҳасан бир нарсага амр қилса, ўзи ўшани ҳаммадан кўра яхши қилар эди. Бир нарсадан наҳйи қилса, ўшандан ўзи ҳаммадан кўра узоқда бўлар эди. Мен у каби ичи ташига ўхшаш одамни кўрмаганман», деган.

6. Дин мақомотларидаги содиқлик.

Бу – содиқликнинг энг олий ва азиз даражасидир. Бу даражадаги содиқлик хавф, ражо, таъзим, зуҳд, ризо, таваккул, муҳаббат ва шунга ўхшаш нарсаларда бўлади.

Мазкур ишларнинг бошланиши, ғояси ва ҳақиқати бор. Бир нарса ғолиб, ҳақиқати юзага чиқса, ўша нарса содиқлик даражасига кўтарилган бўлади. Мисол учун, содиқ хавф, содиқ таваккул ва бошқалар.

Мавзуга оид мақолалар
Бугун 18 апрель 2019 йил санасида Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ҳилолнашр нашриётига ҳам ўз давоми...

21:24 / 18.04.2019 2015
Эр аҳлиаёлининг ҳузурига кўчадан салом бериб киради ва уларнинг аҳволини ва кайфиятини сўрайди.Аёли ёлғиз, давоми...

22:03 / 25.02.2023 2631
ҲАЖДА МАН ҚИЛИНГАН АМАЛЛАР Эҳромга киргач, аёли билан жинсий яқинлик қилишдан, ёмон сўз айтишдан, гуноҳ давоми...

19:16 / 02.12.2016 3695