Аллоҳ таолонинг муҳаббатини жалб қилувчи сабаблар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мазкур сабаблар ўнтадир:

1. Қуръони Каримни тадаббур ила маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.

2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш. Бу нарса муҳаббат даражасидан ўтиб, маҳбубиятга эриштиради.

3. Барча ҳолатларда тил, дил, амал ва ҳол билан Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш. Банданинг зикрдан бўлган насибасига қараб, муҳаббатдан бўлган насибаси белгиланади.

4. Ҳавойи нафс ғалаба қилганда, Унинг муҳаббат қилган нарсаларини ўзинг муҳаббат қилган нарсалардан устун қўймоғинг.

5. Қалбнинг У Зотнинг исмлари, сифатларини яхши мутолаа ва мушоҳада қилиш, таниш. Бас, ким Аллоҳ таолони исмлари ва сифатлари билан таниса, шубҳасиз, Унга муҳаббат қилади.

6. У Зотнинг зоҳирий ва ботиний яхшилиги, эҳсони, неъматларини мушоҳада қилиш.

7. Аллоҳ таолонинг олдида қалбнинг бутунлай синиши.

8. Илоҳий нузул вақтида (кечанинг учдан бири қолганда) У Зот билан холий қолиб, муножот қилиш ва каломини тиловат қилиш. У Зотнинг ҳузурида бандалик одобларини ўрнига қўйиш ва бу ҳолни истиғфор ҳамда тавба ила хатм қилиш.

9. Содиқ муҳаббатлилар мажлисларида ўтириб, уларнинг каломларидан энг ширин меваларини териш.

10. Аллоҳ таоло билан қалб орасида тўсиқ бўладиган ҳар бир нарсадан узоқда бўлиш.

Аллоҳнинг муҳаббати ҳақидаги оятлар:

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур...» деган (54-оят).

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишини ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган.

Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар:

Биринчиси, ўзаро муҳаббат

«Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур.»

Яъни Аллоҳ таоло уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳ таолонинг муҳаббати бўлар экан.

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандалар Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт. Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир. Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.

Мазкур бандаларнинг сифатларидан иккинчи ва учинчиси...

Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини ихтиёр қилган қавмдан бўлиш:

«Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи Зотдир».

Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етмоқлари лозим.

Аллоҳнинг муҳаббати аломатлари:

1. Аллоҳга мулоқот бўлишни севиш.

2. Аллоҳга маъсият қилмаслик.

3. Аллоҳнинг тоатини лозим тутиш, дангасалик ва ҳавойи нафсга эргашишдан йироқ бўлиш.

4. Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш.

5. Аллоҳга Унинг китобини тиловат қилиш, таҳажжуд намози ўқиш каби амаллар ила унс пайдо қилиш.

6. Аллоҳнинг зикрисиз ва тоатисиз ўтган ҳар бир соатга афсус қилиш.

7. Аллоҳнинг тоатини вазмин санамай, тоатдан ҳузурланиш.

8. Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлиш.

9. Аллоҳга муҳаббатини беркитиб, уни даъво қилишдан йироқ бўлиш.

10. Аллоҳдан унс топиб, У Зотдан рози бўлиш.

Аллоҳнинг муҳаббати фойдаларидан:

1. Аллоҳнинг муҳаббати иймон камолоти далилидир.

2. Аллоҳнинг муҳаббати Ислом гўзаллиги далилидир.

3. Аллоҳнинг муҳаббати У Зот ила учрашув шавқидир.

4. Аллоҳнинг муҳаббати бор қалбни Аллоҳ таолонинг баракаси давомли равишда ўраб туради.

5. Аллоҳнинг муҳаббати асари қийинчилик ва ғам-ғусса пайтида зоҳир бўлади.

6. Аллоҳнинг муҳаббати, бу дунё неъмати ва сурури ўлароқ, охират неъмати ва сурурига етказади.

7. Аллоҳнинг муҳаббати мусибат пайтида тасалли беради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, бундай қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда бадани билан молу мулк учун ҳаракат қилаётган чоғида ҳам, қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади.

У нақшбандийларнинг «даст ба кору дил ба ёр» шиорига амал қилган бўлади. Оқибатда қалби Аллоҳ таоло муҳаббати ила тўлади. Қалби Аллоҳнинг муҳаббати ила тўлиб-тошган бандага Аллоҳ таоло ҳақиқий маънодаги бойликни ато қилади ва уни қашшоқликдан қутқаради.

Аксинча, қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ибодати ҳамда зикри билан обод бўлмаган банданинг очкўз бўлиб, доимий қашшоқликда қолиши ҳам турган гап.

Гап моддий маънодаги молу дунёнинг кўп ёки озлигида эмас. Балки банданинг ўша молу дунёга бўлган муносабатидадир. Тарихда молу дунёси ҳадсиз-ҳисобсиз бўлган тариқат шайхлари анчагина бор. Уларнинг бошқа бойлардан фарқи ўз молу дунёларига заррача муҳаббат қўймасдан фақат Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан машғул бўлганлари ва қалбларида молу дунё муҳаббатига жой қолмаганидадир.

Мавзуга оид мақолалар
Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умму Руммон бинти Омир давоми...

12:31 / 10.01.2017 5175
  , , ,                             Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло Пайғамбари Мусо давоми...

06:27 / 29.11.2016 6438
«Мусофир» ўз юртининг уйларидан уч куну уч кечалик масофани қасд қилиб чиққан одамдир. Уч куну уч кечалик давоми...

12:30 / 18.05.2017 4076
Суннатда келган мева юрак хуружи ва инсультдан ҳимоя   Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

14:18 / 11.10.2018 3247