Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ахлоқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мусулмон билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Шунинг учун ҳам мусулмон киши барча ҳимматини ишга солиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиши керак.

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бандаликни жойига қўйиб, хулқланишни аъло даражада ўзларида жамлаган Зотдирлар. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилса, ҳеч бир қийинчиликсиз камолотнинг чўққисига чиқиши мумкин. Аммо Аллоҳ таолони кўп зикр қилмасдан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб, 21).

 

Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Набийлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Ул Зот ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. Ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса, қани энди! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, балки Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳ таолонинг амри билан бўлгандир.

 

Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин?!

Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?!

 

Бу оятда «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб таъкидланишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, у Зотнинг хулқлари билан хулқланиш учун кўп зикр қилиш шарт эканини билиб оламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўзлаштириш керак. Ул Зотнинг хулқлари Қуръон эди.

 

Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирган эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яхши хулқларни тугал қилиш учун юборилганман», – дедилар».

 

Байҳақий ривоят қилган.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхши хулқлар билан хулқланган ва ёмон хулқлардан йироқда бўлган зотдир. «Назратун-наъийм фий макорими ахлоқи расулил карим» энциклопедиясининг муаллифлари Қуръони Карим, суннат ва сийратда икки юзта гўзал ахлоқ, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқ зикр қилинганини топганлар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар тўпламини бағишлаганлар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда Аллоҳ таолодан ўзларини гўзал одоблар ва карамли хулқлар билан зийнатлашини сўраб юрар эдилар. Ул Зот дуоларида: «Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин», дер эдилар. Шунингдек: «Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин», дер эдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг дуоларини қабул қилди.

Саъд ибн Ҳишом ибн Омирдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва: «Эй, мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида хабар беринг»,  дедим.

 

Бас, у киши: «Хулқлари Қуръон эди. Қуръон ўқимайсанми? Аллоҳ азза ва жалланинг «Албатта, сен улуғ хулқдасан!» деган оятини ўқимайсанми?» – дедилар.

«Мен тарки дунё қилишни истайман»,  дедим.

 

«Ундай қилма! «Сизларга Расулуллоҳда яхши ўрнак бор эди»ни ўқимайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланганлар ва болалар орттирганлар»,  дедилар».

 

Аҳмад ривоят қилган.

 

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим орқали ахлоқий таълим берганига доир намуналар билан танишиб чиқайлик.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида у Зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган, яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул Зот ҳақидаги ривоятларда бу ҳақида кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган.

 

«Яхшиликка буюр».

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.

 

«Жоҳиллардан юз ўгир».

 

Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.

Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз». (Наҳл, 90)

 

«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.

 

Албатта, Аллоҳ: «...адолатга...» амр этади. Аллоҳ таоло буюрган адолат исломий мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавойи нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов бир хил.

 

«...эҳсонга...» амр этади.

 

«Эҳсон» сўзи «яхшилик қилиш» маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг, биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.

 

«...қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир...»

Бошқаларга яхшилик қилиш, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳаққлари бор.

 

«...ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур».

«Фаҳш»сўзининг луғавий маъноси «ҳаддан ошишлик»дир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.

Шу нарсалар ила: «У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».

Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.

Аллоҳ таоло таъкидлаб айтадики: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». (Шуаро, 43)

Бу оят тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъватдир. Ва яна кечиримли бўлишга ҳам даъватдир.

Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Бас, уларни афв эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар». (Моида, 13)

Аллоҳ таоло яна бундай деб буюради: «Бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳимли Зотдир». (Нур, 22)

Аллоҳ таоло ёмонлик айлаганга ҳам яхшилик қилишни буюриб шундай дейди: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур». (Фуссилат, 34)

 

Ҳар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар. Ҳеч қачон ёмонлик қилма. Ана ўшанда: «Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур». Бу жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган шахсгина катта муваффақиятларга эришади.

Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир». (Оли Имрон, 134)

 

Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло қатъий таъкидлаб буюрадики: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар». (Ҳужурот, 12)

 

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.

 

Ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг, «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда. Одатда, «жосуслик» деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмати, иззати ва обрўини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.

 

Бадгумонлик жосусликка йўл очгани каби жосуслик ғийбатга йўл очади. Шунинг учун ҳам ояти каримада «жосуслик қилманг»дан кейин «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилмоқда.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ва албатта, сен улуғ хулқдасан». (Қалам, 4)

Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун катта баҳодир. Аввало, ўтган оятда Аллоҳ таоло у Зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.

 

Аввал ҳам таъкидланганидек, Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.

 

Умуман, одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир. «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ таоло маҳбуб Расулининг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда. Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса, оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яхши хулқларни тугал қилиш учун юборилганман», – дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади»,  дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта, осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч)олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учун интиқом олганлар».

 

Аҳмад ривоят қилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни барча яхши ахлоқлар билан зийнатлаб, барча ёмон ахлоқлардан холи қилган. Шу тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак Расулининг ҳар тарафдан етук бўлишини таъминлаб келди. Аввало, у Зотнинг насаблари ўта пок насаб бўлишини таъминлади. Сўнг у Зотнинг жасадлари ўта пок ва мукаммал жасад бўлишини таъминлади. Сўнгра у Зотнинг халқлари беками-кўст бўлишини таъминлади. Ва ниҳоят, у Зотнинг хулқлари беками-кўст бўлишини таъминлади.

Мавзуга оид мақолалар
«Ҳилолнашр» матбаасининг фаолияти юксак баҳоланди  Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, халқимизнинг давоми...

13:38 / 24.12.2016 3101
Ҳозирга келиб, талоқ қилинган аёллар сони кунданкунга ортиб бормоқда. Бу инкор қилиб бўлмайдиган давоми...

10:49 / 11.12.2018 3191
Фарзандлар отасини қанчалар ҳурмат қилиши, ардоқлаши кўп жиҳатдан онага боғлиқ. Она отани эъзозласа, бола давоми...

22:29 / 11.12.2023 1893
Бир куни бир боғда ўтўланлар ва дала гуллари орасида атиргул очилди. Атофидаги барча ўсимликлар унинг давоми...

22:33 / 13.12.2016 4154