Ақл фазилатлар асосидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билгилки, ҳар бир фазилатнинг ўз асоси ва ҳар бир одобнинг ўз манбаи бор. Фазилатлар асоси ва одоблар манбаи ақл бўлиб, Аллоҳ таоло уни дин учун асос, дунё учун эса устун қилди. Шунингдек, ўзининг буйруқ ва қайтариқларини ақл даражасига қараб вожиб этди ва дунёни ақл ҳукмлари билан бошқариладиган қилди.

Орзу-мақсад ва қизиқишлари ҳар хил бўлишига қарамасдан, одамлар орасини ақл воситасида бирлаштирди ва улар бажарилиши лозим бўлган ишларни икки қисмга ажратди. Биринчиси, ақл вожиб этган нарса бўлиб, шариат уни тасдиқлайди. Иккинчиси, ақлга мувофиқ нарса бўлиб, шариат уни вожиб этади.

Ақл шу икки қисмнинг устунидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича, у Зот айтадилар: «Киши ўз соҳибини ҳидоятга бошлайдиган ёки ҳалокатдан қутқарадиган ақлга ўхшаш бирон нарсани топмади».

Яна бир ҳадисларида шундай деганлар: «Ҳар бир нарсанинг асоси бор. Киши амалининг асоси унинг ақлидир». Банданинг Роббига ибодати ҳам унинг ақл даражасига қараб ҳосил бўлади. Фожирларнинг: «Агар бизлар (Пайғамбар сўзларини) тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах аҳлидан бўлмас эдик», деганларини эшитмаганмисиз?» (Мулк, 10)

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кишининг асли унинг ақлидир, насаби динидир ва муруввати унинг хулқидир», деган.

Ҳасан Басрий айтади: «Аллоҳ кимга ақл берган бўлса, бир кун келиб ўша ақл туфайли уни қутқаради».

Донишмандлардан бири деди: «Ақл энг яхши дўст, нодонлик ашаддий душмандир».

Бир адиб айтган экан:«Ҳар бир кишининг дўсти ақли, душмани эса жоҳиллигидир». Улуғлардан бири шундай деган экан: «Неъматлар ичида энг яхшиси ақл, мусибатлар ичида энг ёмони жоҳилликдир».

Шоир Иброҳим ибн Ҳассон шундай дейди:«Чор-ночор бўлса-да йигитга соғлом ақл зийнат бўлур. Насл-насаби улуғ бўлса-да, калтафаҳмлик унга айб бўлур. Одамлар ичида йигит ақли билан танилар, илм ва тажриба ақлига қараб юзага чиқур.

Аллоҳ берган неъматларнинг энг афзали ақлдир. Ҳеч бир нарса дунёда асло унга тенг кела олмайди. Агар Раҳмон Зот киши ақлини етук қилган бўлса, шу баробар ахлоқ ва мақсадлари ҳам мукаммал бўлур».

Билгилки, кўпгина ишларнинг моҳияти ақл туфайли англанади, яхшилик билан ёмонликлар ораси ажратилади. Ақл, асосан, туғма ва муктасаб (ўзлаштирилган), деган икки қисмдан иборат. Туғма ақл аслий бўлиб, унинг ҳад-чегараси мавжудки, шариат таклифлари, яъни буйруқ ва қайтариқлари ана шу туғма ақлга тааллуқлидир.

Шариат таклифлари ана шу ҳад-чегарадан ошиб ҳам ёки ундан камайиб ҳам кетмайди. Мана шу ҳад-чегара туфайли инсон ҳайвонлардан ажралиб туради. Агар инсонда туғма ақл иллатдан холи бўлса, у оқил деб номланади ва шу туфайли комиллик даражасига етишади.

Солиҳ ибн Абдулқуддус айтганидек: Агар кишининг ақли расо бўлса, ишлари ҳам мукаммал бўлур, Бора-бора мақсад-орзулари рўёбга чиқиб, таквин тўлиқ бўлур.

Заҳҳок Аллоҳ таолонинг: «У тирик кишиларни огоҳлантириш учун» деган (Ёсин, 70) сўзини «Оқил кишиларни», деб тафсир қилди.

«Адабуддунё ваддин» китобидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Исломнинг бешинчи рукни бўлмиш Ҳаж ибодати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта таъсири бор омилдир. Бу давоми...

15:22 / 10.11.2016 3707
 Баъзида ўзимиз сезмаган ҳолатда вақтимизни беҳуда сарфлаймиз. Бир ишни бошлаб қўйиб, иккинчисига сакраб давоми...

21:45 / 01.01.2017 3740
    Иккинчи хотин. Бу сўзлар худди чақмоқдек қулоқларим остида янгради. «Иккинчи хотинни нима қилади давоми...

07:37 / 06.02.2017 12922
embedhttpswww.youtube.comwatchv7sPbYQ7z4Eampfeatureyoutu.beembed

11:03 / 19.05.2015 13724