Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ким бугун ва охиратгача бутун умрини солиҳ банда сифатида яшамоқчи бўлса, улардан ўрнак олади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида, ер ва осмонни тўлдирган фаришталарнинг гувоҳлигида мусулмон бўлиб яшадилар. Уларнинг бу мусулмонлик ҳаёти ҳаммага ибрат бўлди. Намоз улар ўқишганидек, рўза улар тутишганидек адо этилади. Ҳатто биродарлик ҳам уларнинг биродарлигидек адо этилади. Никоҳ ва ажрашиш уларникидек ҳукм этилади. Мўминнинг феъл-атвори, мусулмон шахсияти барча замон ва ҳар қандай муҳитда биринчи бўлиб улардан олинади. Бу умматнинг бошида улар туришади. Аллоҳ таолонинг изни билан охиригача уларнинг изи ва таъсири туради. Улар билан бир сафда бўлиш Қуръон билан бир сафда туришдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишнинг энг гўзал, ва мукаммал шартидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофида ёш йигит-қизлар бор эди. Улар Аллоҳ рози бўладиган ҳаёт кечиришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом том маънода уларни бағриларига босдилар. У зот уларни севдилар. Ўз фарзандлари ва набираларидан ажратмадилар. Худди ўзларининг фарзандларидек муомала қилдилар. Бу ёшлар ўша даврнинг мўминлари сифатида яшашдилар. Улар рози бўлишди ва рози қилишди.
Бу уммат қиёматгача яшайди. Умматнинг ичида ёш йигит-қизлар бўлади. Аллоҳ таоло илк авлоднинг ёшларини қандай кўрган бўлса, бу давр ёшларини ҳам шундай кўришни истайди. Бунинг учун асҳоби киромнинг авлоди бизга мисол бўлади, деймиз. Бу умматнинг қизлари хоҳ ҳозирги замонда ёки бошқа бир вақтда: «Аллоҳим! Мен шу ердаман!» деб айта оладиган бекаму-кўст қизлардир. Ота-онасининг ёнида бўлганида, кўчада дўстлари билан бирга юрганида, тўйи куни, турмушга чиқиб, бошқа бировга турмуш ўртоқ бўлганида, гўдагини бағрига босиб, она бўлганида: «Аллоҳим! Мен шу ердаман!» деб айтадиган қизлар бу умматнинг қизларидир! Улар «Мен шу ердаман», дейиш билан оталарининг бутларидан воз кечган ва Аллоҳнинг ваҳийсига бўйсунган қизларнинг давомчиси бўлишади. «Аллоҳим! Мен шу ердаман!» деган сўз шариатингга бўйсунаман, ширк ва куфрдан таъсирланмайман, динимни ҳар замон ва ҳар макон учун деб биламан, деган овоз бўлади.
Улар бу умматнинг қизларидир. Гўдакликларида қулоқларига айтилган азонни жонлари узилгунча эшитадиган қизлардир улар. Улар асл муслималикни тўй кунига асраб қўйишади. Уларнинг ҳақиқий ёпинчиқлари (ҳижоблари) мияларини ўраб олган. Ширк ва бидъат, хурофот, модернизм уларнинг мияларини кўра олмайди. Улар сабр-матонат эгаларидир. Улар атроф-муҳитнинг босими олдида эгилмайди, енгилмади, бўйсунмайди...
Инсоният учун берилган энг хайрли умматнинг бу қизлари инсоният учун қимматбаҳо дурдир. Уларнинг борлиги шарафли инсонларнинг борлигини билдиради. Ҳа, улар кўп эмас. Гарчи улар оз бўлса-да, асл қимматбаҳо дур кабидир. Улар саодат асри давридан анча узоқ даврнинг одамларидир. Улар тайёрига келадиган эмас, тайёргарлик кўрадиган умматдир. Улар гўдак, қизалоқ, ёш қиз, турмуш ўртоқ, оналардир. Улар гўзаллик, севги, муҳаббат эгаларидир. Улар Аллоҳ таоло: «Улар билан ҳузурланинг», дея марҳамат қилган аёлдир, яъни турмуш ўртоғингиздир. Улар оёқлари остида жаннат бор оналардир. Улар ҳақиқатни таълим берадиган самимий ва дўстона ўқитувчилардир. Улар сабр-тоқат ила зикр ва дуолар қилувчи аёлдир. Улар кийим-кечак ва идишларни ювадиган, уй саришталаб, топ-тоза қиладиган хонадон бекасидир. Улар фарзанд туғиб, уни тарбия қилиб, турмуш ўртоғига суянчиқ бўлиб, бўлажак комил оталарни камолга етказишади. Улар бўлажак оналарга солиҳа она бўлишади. Улар ҳаёт чечакларидир. Улар ҳаётни гўзал ва нурга тўлдирган умматнинг асл ўзаги бўлган умматдир. Улар Аллоҳнинг изни ила имонимиз ва мусулмонлигимизнинг бақосидир. Азон айтилган тупроқларимизда униб-ўсган, вояга етган солиҳа қизларимиздир улар. Бу шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай давом этади. Шайтон битта қизимизни йўлдан оздирмоқчи бўлса, бу ҳолат барча қизларимизни қайғуга солади. Ҳатто битта қизимиз: «Аллоҳим, мен шу ердаман! Мен шариатингнинг сўнгги ҳимоячиси бўлишга тайёрман» деса, бу гапи биз учун бутун инсониятнинг умидидек катта умид бўлади.
***
“Муҳтарам устоз! Аллоҳга шукр бўлсинки, сиз ва сизга ўхшаган устозларимиз бизга зиё улашмоқдасиз. Менинг уч нафар фарзандим бор. Биз Германияда яшаймиз. Фарзандларимни имкон қадар Ислом йўлида хайрли авлод қилиб тарбиялаш ҳаракатидаман. Лекин уларнинг хатога йўл қўйишларидан жуда қўрқаман. Улар ҳаққига кўп дуо қиламан. 12 ёшли қизимга намоз фарз бўлди. Алҳамдулиллаҳ, у намозларини ўқияпти, аммо баъзан тортишиб қоламиз. Намоз вақти бўлганда уни огоҳлантираман. Ҳадеб такрорлайверганимдан кейин вазият таранглашади. Мен нима қилишим керак? Мен уни намозни энг охирги вақтига қолдиришини хоҳламайман. Ёки бу ишим хатоми?
Қизим мактабга боради, аммо рўзаларини тутмасликка йўл қўймайман. Вақтида рўза тутади. Лекин бу ҳолатга атрофимдаги қўшнилар эътироз билдиришади. Ҳатто мени «Виждонсиз онасан» дейишади. Фарзандларимга яхши она бўлолмасликдан жуда қўрқаман. Баъзан уларни ҳимоя қила олмаганим учун қийналаман. Вақти келиб уларнинг: «Нега бу ҳақда бизга айтмадингиз?» дейишларидан ва хатога йўл қўйишларидан... ҳаммасидан қўрқаман. Ён-атрофимда немис-руслар яшашади. Уларнинг эътиқоди бошқача. Мана шундай муҳитдан болаларимни ҳимоя қила олмаслигимдан доим ташвишдаман. Насиҳатни имкон қадар уйда қилишга интиламан. Бизнинг ғамимиз дунё эмас, охират кунидир. Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Аллоҳга омонат бўлинг”.