Бу умматнинг қизи(4-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

***

Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. Умматимнинг қалби ўртанаётган аёлларидан бири, динининг дардидаги жигарпораси кўз олдимга келди. Мен сизни ўзим деб ўйладим. Сизни Каъба ёпинчиғига ёпишиб, «Ё Раббим!» деб йиғлаган аёллардан бирисиз, деб ўйладим. Мен сизни саҳрода боласи учун сув қидириб у ёқдан-бу ёққа югурган Ҳожар онамиз деб ўйладим. Сизнинг ҳаққингизга дуолар қилдим. Аллоҳим сизнинг фарзандларингиз  ҳаққига қилган дуоларингизни ижобат этсин! Аллоҳим сизни орзу-умидларингизга эриштирсин! Сиз фарзандлар имонини, камолини истаб қайғурган солиҳа бир онасиз. Шоҳид гўдагининг шафоати билан тирилиш сизга насиб этсин. Солиҳа аёл бўлиб, солиҳ фарзандларни тарбиялаш шарафини кўрасиз. Сизни табриклайман. Хоссатан, умр йўлдошингизни табриклайман. «Суннат хонадони»ни барпо этган бу уйингиз сизга муборак бўлсин. Сабр билан бус-бутун сақлаган қалъангиз боқий қолсин. Фарзандларингиз ҳаққига фарзандларимга қилгандек дуода бўламан. Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлсин, шу дард билан яшанг ва умрингиз охиригача шу дард қайғусида бўлинг. Иншааллоҳ, ажр ва савоб эгаси бўлурсиз...

Ҳатто бу дард сиз учун савобнинг манбаи бўлади. Буни асло унутманг. Сиз жиҳоддасиз, Бадрда, Ухудда эканингизни қабул қилинг. Шу ҳолингизда қолинг ва шундай яшанг.

Сизга бошлаб олишингиз учун кичик тавсиялар бераман, лекин шунчаки қолиб кетмасин. Уларни ўзингизга тамойил қилиб олинг:

– Фарзандларингиздан хавотирланинг, бу хавотир васвасага айланиб кетмасин. Турмуш ўртоғингиз билан давомли равишда мувозанатни сақланг. Бир сиз, бир у ташаббусни қўлга олсин. Шунда ҳаётда қоқилмай, олға кетасиз;

– Фарзандларингизни ибодатда бўлишига қатъий туринг, лекин йигирма ёшларигача баъзи-баъзида улардаги дангасаликка ўхшаш камчиликларни кўрмаганга олинг. Ёшига номуносиб талабларни қўйсангиз, сиздан узоқлашиб кетишлари мумкин. Вақти-вақти билан бир кўз, бир қулоғингизни юминг. Ўта талабчан бўлсангиз, қувватингиз тез тугаб қолиши мумкин;

– Фарзандларга берадиган энг яхши ёрдамингиз уларга намоз ва Қуръон ўқийдиган дўст топишингиздир;

– Ҳеч қачон ҳадеб танқид қиладиган, камчилик топаверадиган, ҳар доим маломат этадиган одам бўлманг. Худди қиши бўронли, баҳори гулларга тўла дунё каби бўлинг;

– Фарзандларнинг баъзи-баъзида кўнгилхушлик ва шўхликлар қилгилари келади, бу табиий ҳол. Сиз бу эҳтиёжни таъминлаб беролмасангиз, улар буни амалга ошириш учун сизга ёқмайдиган томондан йўл топишади. Жуда эҳтиёт бўлинг;

– Бола тарбияси ҳар доим жиҳод қилиш билан тенг бўлган. Ҳозирги вақтда эса энг катта жиҳодга айланди. Бу ишнинг муҳимлигини тушунинг. Бу мақсад йўлида ёлғиз қолишингиз мумкинлигини билинг ва бунга тайёр туринг;

– Қўлингиз дуода бўлсин. Ҳеч қачон қўлингизни пастга туширманг. Аллоҳ таолодан ёрдам сўранг. Сабр-матонат тиланг;

– Куч-қувватингизни замонга тарқатинг. Фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз, ўзингиз ва биз учун дуо қилинг. Шуни яхши билингки, сиз ва сиз каби Германияда ғурбатда юрган бошқа бир мўмина аёлнинг кўз ёшлари тупроқларимизга раҳмат ёғилишига сабаб бўлади. Сиз онасиз, дуо қилинг. Ота-она дуоси ижобатдир.

Сиз Онасиз. Бу уммат ичидан яна Осиё, Марям, Ҳадича каби солиҳа оналаримиз чиқажак. Сиз мана шундай умматнинг бир вакилисиз. Сиз мана шундай оналаримиз каби оналарни улғайтиражаксиз, иншаллоҳ.

Аллоҳимга дуо қилинг, синглим. Қўлларингиз толиққунча дуо қилинг. Намозларингиздан кейин ҳам, намозларингиздан олдин ҳам дуода бўлинг. Сиз кўрмасангиз ҳам, осмон сизнинг дуоингизга “омин” деб турадиган фаришталарга тўла. Аёллар – оналар қимматбаҳо жиҳозлар, турли сарпо-суриқлар, қўни-қўшни билан ғийбатлашишлар, уйни тозалаш, рўзғор ташвишлари билан ўралашиб, дин аҳкомларини унутиб қўйишмоқда. Ихлос ила дуолар қилинмагач,  улар ижобатини қандай кутамиз?!

  Бизнинг, айниқса, аёлларнинг дунёқарашини ўзгартиринг, синглим, ўзгартиринг. Қўлларингизни дуога шундай очингки, осмондаги булутлар пастга тушсин. Дунё учун чеккан ҳасратларимиз тугасин... Қори болаларимиз, Қуръон булбулларимиз кўпайсин...

Бу умматни Исломга, Расулига ошиқ, мақсадига муҳаббатли фарзандлар билан тирилтиринг...

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Aсрлар давомида отаоналар фарзандларига Хадийжа бинт Ҳувайлид, Насиба бинт Каъб, Aсмо бинт Aбу Бакр давоми...

08:00 / 28.01.2022 3217
Саодатли хонимларХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИДрозияллоҳу анҳо 15савол Хадижа бинт Хувайлиднинг хизматкори Майсара давоми...

06:00 / 26.06.2020 5215
У балки пардозсиз яшаб ўтажак,Балки тақмай ўтар тилло тақинчоқ.Далада ўт юлиб, заққум ютажак,Тандир ndash давоми...

21:38 / 06.04.2020 4605
Ислом қизининг ҳаёт меъёрлариИнқирозлар фақатгина Ислом билан поёнига етади, оқар қонни фақат Ислом давоми...

08:54 / 28.04.2021 5931