Эй умматнинг қизи!(12)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эримнинг муносабатлари ўзгарган...

Ҳурматли устоз!

Мени афв этасиз, деган умидда бир савол сўрамоқчи эдим. Бу сатрларни минг андиша билан ёзяпман.

Уч фарзандим бор. Уларнинг ҳаммасини икки йил давомида эмизганман. Шунинг учун бўлса керак, кўкракларим олдинги ҳолатини йўқотди. Бу нарсаларнинг менга унчалик аҳамияти йўқ, лекин эрим учун у муаммога айланган. Доимий равишда камситишлари мени кўп хафа қилади. Ўзимга бўлган ишончим ҳам қолмади. Эримнинг муносабатлари ўзгарган, ҳатто бошқа аёлга уйланишини ҳам очиқ айтади...

Роббим менга бир турмуш ўртоқ берди ва мен уни жуда хурсанд қилишни истайман. Турли хил воситалардан фойдаланиб кўрдим. Дори-дармон, крем... Бирортаси кутилган натижани бермади.

Кўкракларимни аввалги ҳолатига қайтариш учун пластик амалиёт қилдиришим мумкинми? Бу саволни ўқиб: «Уммат ёнаётганида, қон йиғлаётганда, сизнинг топган муаммоингизга қаранг», дейишингиз мумкин. Лекин дунё ҳаётида эримни хурсанд қилолмасам, кўнглини тўлдира олмасам, ўзимни айбдор деб ҳисоблайман.

Агар амалиёт жоиз бўлмаса, менга насиҳат қилинг. Қандай чоралар уни менга янада яқинлаштиради? Унга нима дейин? Уни қандай қилиб яна ўзимга қайтарсам бўлади?

Саломат бўлинг.

Сиз шу умматнинг бир вакилисиз!

Синглим,

Аллоҳ таоло сизларга ва зурриётингизга офият берсин.

Уммат қай аҳволда бўлишидан қатъи назар, шу умматнинг бир вакили сифатида бу нарсаларни сўрашдан уялмаслигингиз керак. Зотан, умматимизнинг ҳолатларидан бири ҳам эр ва хотин ўртасидаги бу муаммолардир. Бу борада Роббим сизнинг ёрдамчингиз бўлсин.

Бундай мавзуга ташқи томондан аралашиш яхши натижа бермаса-да, сизга қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Турмуш ўртоғингиз нимагадир муккасидан кетган бўлиши мумкин. Бу бир эҳтимол. Совуқ муомаласининг сабаби бутунлай сиз айтаётган вазият билан боғлиқ эмас. Эҳтимол, бу сабр косасини тоширган бир томчи бўлиши ҳам мумкин. Турмуш ўртоғингизнинг ҳақ ёки ноҳақли жиҳатидан айтмаяпман бу гапларни. Мавзуни янаям кенгроқ тушунишингизга ёрдам берсин деган мақсадда гапираяпман.

Синглим, аввало сиз ўзингизни бир ислоҳ қилинг. Яъни,

-ишлатадиган атир-упангиз:

-кийган кийимингизнинг ранги, шакли;

-муҳаббатлашиш асносидаги жозибали сўзларингиз;

-унинг оила аъзоларининг сизга муносабати, сизнинг улар ҳақидаги фикрларингиз;

-эҳтимол фарзандларингизнинг отасига нисбатан нотўғри қарашлари

Мана шулар ҳақида бир зум ўйланг. Яна, сиз

-харажатларингизни ошириб юбораётган бўлишингиз мумкин;

-ётоққа кирганда ундан аввал ухлаб қолаётгандирсиз;

-хоҳиш-истаги йўқ пайтда унга яқинлашишни истаётгандирсиз.

Шундай нозик ҳолатларга ҳам диққатли бўлинг.

Кўпинча мана шу сабаблар муносабатларни бузадиган илк дарзлар ҳисобланади.

Шуни аниқ айтишим керакки, буларнинг бари топилган тақдирда ҳам, ҳеч қандай чора, қайтариш учун ечим йўқ дегани эмас. Агар тўғри йўл тутилса, Аллоҳнинг изни ила, қайтариш мумкин.

Мўмина опа-сингилларимиз бундай муаммога дуч келишганда, кўпинча энг охиргида айтиладиган гапларни бошида айтиб қўйишади, энг охирда қилиниши керак бўлган нарсаларни бошидаёқ қилишади. Натижада муаммо боши берк кўчага кириб қолади. Ўрнак бўлиши, масала янада яхшироқ тушунилиши учун бир ўхшатиш қилмоқчиман. Баъзан ёшларнинг юзида майда ҳуснбузарлар пайдо бўлади. Ёшлар дарҳол ойнанинг олдига ўтириб, уни сиқиб ташлашга уринишади. Игнанинг учидек жой ярага айланади. Камига қўлларидаги микробларни бу ярага туширишади. Юзларининг чиройини асрайман деб ҳаммаёқларини яра-чақа қоплайди. Бу ҳолатни опа-сингилларимизнинг юқоридаги мавзуга нисбатан акс таъсирларига ўхшатаман.

Сизнинг ҳолатингиз умуман бошқача бўлиши мумкин. Сиз бу борада ҳақ бўлишингиз ҳам мумкин. Бунга баҳо бериш менинг бурчим эмас, лекин умумий вазиятни ҳисобга олиб, сизга ёрдам бермоқчиман.

Агар хоҳласангиз, келинг, бир ечим топишга ҳаракат қилиб кўрамиз:

1) Сиз ҳам, турмуш ўртоғингиз ҳам инсонсиз, бандасиз. Хатога йўл қўйишингиз мумкин. Бу вазиятга сиз ёки турмуш ўртоғингиз йўл қўйган хато мантиғи билан баҳо бериб кўринг. Агар сиз ҳақ бўлсангиз, турмуш ўртоғингиз хато қиляпти деб қабул қилинг. Бу мантиқ «алдади, нонкўрлик қилди, фойдаланиб бўлиб, четга улоқтирди...» каби мулоҳазаларга ечим топишда янада оқилона ёндошиш бўлар эди. Аввало, бундай йўл тутишда кимнидир айблаш ва узоқлаштириш эмас, унга ечим излаш бор. Холис нуқтаи назар билан шуни айтишим мумкинки, биз яшаётган бу шаҳарларда эркакларнинг аҳволи жуда катта хавф остида. Дарҳақиқат, инсоният пайдо бўлганидан то шу кунгача аёл зоти бунчалик даражада очилиб кетмаган. Гарчи эркаклар ҳам қолишмаса-да, вазият қўрқинчлидир.

2) Турмуш ўртоғингизни тахминан бир ойча кузатинг. Ўзига хос кўнгилхушликлари, янги пайдо бўлган қизиқишлари, қулоғига хуш ёқадиган сўзларидан тортиб, сизда йўқ деб ўйлаган ёки ҳақиқатда сиздан тополмаган жиҳатларни аниқланг. Худди айғоқчидек иш тутинг. Албатта, бу вақт давомида қўлингизда диктафон билан юрмайсиз. Бу кузатувларингизни табиий шароитда амалга оширинг. Охир-оқибат қандайдир камчилик ёки қинғир хатти-ҳаракатларни аниқлаштирсангиз, ўзингизни шифокордек тутишингиз лозим. «Дарди»га шифо топиб, турмуш ўртоғингизни яна қайтариб оласиз.

3) Масаланинг шу ерига келганда иккингизнинг ўртангизда бир маслаҳатчи бўлиши фойдадан холи эмас. Унинг олдига бирга бориб дардингизни айтишингиз ечимни янада осонлаштиради. Эрингиз сизга очмаган сирларини унга очиши мумкин. Аками, домлами, руҳшуносми, кимлигидан қатъи назар битта маслаҳатчингиз бўлсин.

4) турмуш ўртоғингизнинг кўзи бошқа аёл шамғалат қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу энг оғир эҳтимол. Даволаш жараёни ҳам узоққа чўзилиши мумкин. Бу муаммони фақат мен айтиб ўтган маслаҳатчи ёрдамида ҳал қила оласиз.

5) Яна ҳузур-ҳаловатли оилани истасангиз, турмуш ўртоғингизни бошқа аёл билан бирга экани билганингизда, у билан бўлган муносабатларингизни асло тўхтатманг. Уни маломат ва баддуо қилманг. Эски айбларини юзига солманг. Оила катталарини ўртага аралаштирманг. Дўстларига ҳолатни очиб ташламанг. Агар билсангиз, буларнинг бари оловга  мой сепиш билан тенг. Ҳузур-халоват илинжида бўлсангиз, турмуш ўртоғингиз хасталикка чалингану, сиз уни даволашга ҳаракат қилаётгандек сабр билан иш олиб боринг. Аллоҳнинг изни билан, сабрингиз хосиласи ўлароқ эрингиз охир-оқибат ақли-хушини йиғиб олиб, сизга боғланади.

6) Самимий дуолар қилишга ҳеч қачон бепарво бўлманг. Ҳар намозингиздан кейин дуо қилинг. Қалб ва ҳис-туйғулар Аллоҳнинг иродаси боғлиқ эканини унутмаслигингиз керак. Дуо жуда кучли қуролдир. Баддуо фақат йиқитади, дуо эса тиклайди ва юксалтиради.

7) Бу даврда фарзандларингизни бағрингизга босишни эсингиздан чиқарманг. Оталарига қарши уларни қайрасангиз, хатога йўл қўясиз. Шундоқ ҳам сиз уларга она эканингизни кўрсатаяпсиз. Уларга сиз оғриқ қолдирувчи малҳамдек бўлинг.

8) Масалан, ёшингиз қирқда ва кўкракларингиз учта туққан аёлнинг табиий кўринишида бўлса, кўкракларингизни жарроҳлик йўли билан ўзгартиришингиз жоиз эмас. Гуноҳкор бўласиз. Гуноҳга қўл уришдан ташқари турмуш ўртоғингиз муносабатида кўп нарса ўзгармаслиги мумкин. Лекин бундан бошқа сабабларда, масалан, қирқ ёшдалигингизга қарамай олтмиш ёшга ўхшаб кўринсангиз ёки яна туғишга тўғри келиб қолганида эмизишнинг имкони йўқ даражада заифлашиб, шифокор томонидан тайинлаганидагина мурожаат этишингиз мумкин бўлади.

 Синглим, бундай ҳолатда асло динингиз кўрсатган чегарадан чиқманг. Аёлларнинг  олдидаги энг оғир масалалардан бири мана шу имтиҳондир ва аёллар бу имтиҳондан осон ўта олишмайди. Қанчалик қийин бўлмасин – бу имтиҳон. Жуда сабрли бўлинг. Аллоҳнинг эркакларга берган иккинчи хотинга уйланиш рухсатини борлинигини эсдан чиқармаган ҳолда ўзингизни таҳликага отманг. Бундай масалада эътироз билдиришингиз на эрингизни ундан воз кечиртиради, на сизга тинчлик беради. Фақатгина шайтонни хурсанд қиласиз. Шунинг сабабидан шайтон сизни динингиздан, динингизнинг аҳкомларидан совутмасин. Сизни бу мавзуда гиж-гижлаганларни йўқ деб ҳисобланг. Турмуш ўртоғингиз ўзининг имтиҳонига жавобгар, сиз ўзингизникига.

Мўмин охират инсони.

Охират инсони нима дегани?

Дунёси қўлидан кетса ёниб-куймайди. Балони сўраманг, лекин бало келганида ўзини йўқотмайдиган мўмин бўлинг. Агар Раббингиз шунча тадбирингизга қарамай сизга синовларини юбораверса, бундан катта муаммо ясаманг. Ўзингизни имтиҳонлар бўлмайдиган, танамиз чиримайдиган жой учун тайёрланг. У ерда бундай дардлар бўлмайди. Аллоҳга омонат қолинг.

Мавзуга оид мақолалар
Самолётда бир ёрдамчи учувчи ва бир бошқарувчи учувчи бўлади. Иккиси ҳам самолётни бошқаради. Лекин қарорни давоми...

09:48 / 10.11.2021 3264
Мағлубларга зулм қилиш йўқИслом ҳар нарсада ўлчовли бўлишга ва барчага адолат билан муомала қилишга давоми...

09:26 / 12.05.2021 6478
Табарий ўзининг тарих китобида ривоят қиладиquotУмар ибн Абдулазиз халифалик даврида бир кишига саккиз давоми...

22:00 / 01.12.2021 2361
Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган ва қалби Аллоҳ ва Унинг расулига бўлган иймонга тўла бўлган кишини дунёда яхши давоми...

22:00 / 17.12.2021 2534