Саноқли кунлар ҳикмати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутишни фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара,183). Рамазон покланиш ойи. Бу ўринда инсондаги жисмоний тозаланишлардан кенгроқ маънолар назарда тутилади. Яъни рўзадорда руҳий тозаланиш кузатилади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси кучаяди. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар руҳий хотиржамликка эришади. Хотиржам руҳ эгалари тилларини ғийбатдан, беҳуда гап сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга нисбатан раҳим-шафқатлироқ муносабатда бўлишга интилади. Худбинлик ўрнини бағрикенглик эгаллайди. Ҳатто турли сабаблар билан рўзадор бўлмаган кишиларда ҳам бу муборак ойнинг ижобий таъсири кузатилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойига маърифат, мағфират, тинчлик, хоитржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади. Булар барчаси бир-бирини эргаштириб келувчи инсоний фазилатлар ҳисобланади. Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий таърифича: «Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъват, гуноҳлардан сақланиш » демакдир. «Олам аҳли билингизким, иш эмасдур душманлиғ. Ёр ўлунг бир бирларингизгаким, эрур ёрлиғ иш.....» Эътибор қилинг, Алишер Навоий ҳазратлари ўз хитобларида «Олам аҳли..» деяптилар. Миллат, ирқ, дину мазҳаб каби тафовутлардан юқори туриб, дунё халқларига мурожаат қиляптилар. Тинчликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чақиряптилар. Зеро, ер юзи бўйлаб сочилиб кетган ҳалқларнинг келиб чиқиш ўзаги битта, бир ота-она фарзандларидир. Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучаяди. Нифоқу ихтилоф ўрнига ҳамжиҳатлик, ҳамкорликка интилиш юзага келади. Рамазонда қилинадиган ҳар қандай хайрли амалга, бошқа ойлардаги амалларга нисбатан бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилади, шунга кўра кишиларда бу ойда савобли ишларни ҳар қачонгидан кўпроқ қилишга интилиш майли ошади. Қолаверса, бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг рўзадан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларда бардавом бўлишлари табиий. Фитр Рамазон охирида ҳар бир мусулмон бериши лозим бўлган садақадир. Фитрни ҳайит куни тонг отгач, беришни савоби улуғроқ дейилади. Аммо ҳайитдан олдинроқ бериш ҳам мумкин. Муҳтожлар ҳайит арафасида камчиликларини битказиб, байрамга тайёргарлик кўришларига имкон туғилади. Фитр садақаси замирида эса байрам ҳаммага татисин, қўли қисқа камҳаржроқ кишиларнинг оила аъзолари ҳам байрам шодликларидан баҳраманд бўлсин, байрам қувончи ҳар бир хонадонга, ҳар бир кўнгилга кириб борсин, деган эзгу мақсад ётади. Диннинг беш устунидан яна бири закот, айнан Рамазон ойида берилишида ҳам чуқур маъно бор. «Сизлар молларингизни закот бериш билан қўрғонлангиз (ҳалоллангиз), касалларингизни садақа бериш билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуо ҳозирлангиз» , дея марҳамат қилинади ҳадиси шарифда. Закот моли нисобга етган кишига вожиб бўлади. Бу жамиятда меҳр-оқибатни кучайтиришда, тўкисликни таъминлашда асос бўлади. Булардан ташқари, хайр-садақанинг, эҳсоннинг турлари кўп. Имкони бор мол-дунёси, бошқалар илму ҳунари, хизмати билан, ҳатто яхши сўзлари, панд-насиҳатлари билан ҳам хайр-садақа қилишлари мумкин. Яхшилик, эҳсон олдин ота-онага, оила аъзоларига қилинади. Бунда оила мустаҳкамлиги таъминланади. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, етим-есир ва кексаларга, талабаларга қилинган ёрдам хоҳ моддий, хоҳ маънавий тарзда бўлсин, ўзаро меҳр- оқибат ҳамжиҳатликни пайдо қилади. Бундай ҳамжиҳатлик устувор жамиятда эса соғлом муҳит юзага келади, мамлакат равнақи бардавом бўлади.
«Ислом нури» газетасидан олинди.
Мавзуга оид мақолалар
  Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин рухсат бўлгани боис тутмаган рўзасини тутиши давоми...

06:27 / 01.06.2017 2433
 Биллурларни синдириб қўйма  Ва албатта, Сен улкан хулқдасан Қалам сураси, 4оят. Сиз қиёмат куни Одам давоми...

06:20 / 07.12.2017 2689
Жакарта шаҳридаги масжидлардан бирида кам таъминланганлар учун гуруч берувчи автомат ўрнатилди. Ишга давоми...

08:36 / 05.03.2019 2605
  Ҳаким айтадилар Яхшилик юзда зиё, қалбда нур, баданга қувват, ризқда кенгчилик, халойиқ дилида муҳаббат давоми...

14:12 / 17.03.2017 4277