Дарҳол ижобат бўлган беш дуо

0 1 507

Дуо Аллоҳ таолога энг маҳбуб, энг карамли нарсадир. У зот дуони яхшилик ато этиш, ёмонликни даф қилиш учун бандалари орасида жорий қилган. Дуо кўплаб яхшилик ва ютуқларни қўлга киритиб, кўплаб ёмонлик ва мусибатларнинг йўқ бўлиши учун улкан сабабдир. Набий алайҳиссалом бир ҳадиси шарифда шундай деб марҳамат қилганлар: “Дуодан кўра Аллоҳ таолога карамлироқ ҳеч нарса йўқ”. Бухорий, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўп жойларида бандаларини дуо қилишга амр этган. У Зот шундай марҳамат қилади:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» (Бақара сураси, 186-оят).

أَمَّن يُجِيبُ الْمُضْطَرَّ إِذَا دَعَاهُ وَيَكْشِفُ السُّوءَ وَيَجْعَلُكُمْ خُلَفَاءَ الْأَرْضِ أَإِلَهٌ مَّعَ اللَّهِ قَلِيلًا مَّا تَذَكَّرُونَ

«Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!» (Намл сураси, 62-оят).

Аллоҳ таоло биринчи оятда дуоларни қабул қилиши, иккинчи оятда эса эҳтиёж ва машаққатлардан халос этиши ҳақида хабар бермоқда. Аммо, афсуски, биз кўпинча дуонинг аҳамиятига эътибор бермаймиз ёки унутамиз. 

Қуръони Каримда инсонларнинг дуоларини турли муддатларда қабул қилингани ҳақида қиссалар келган. Аммо айрим солиҳ инсонларнинг дуолари дарҳол ижобат бўлган. Улар кимлар ва қайси дуолар эди?

Марям бинти Имрон онасининг дуоси

Имроннинг аёли Аллоҳ таолога қизи учун шундай дуо қилди:

وَإِنِّي سَمَّيْتُهَا مَرْيَمَ وَإِنِّي أُعِيذُهَا بِكَ وَذُرِّيَّتَهَا مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ

«Ва мен унга «Марям» деб ном қўйдим ва, албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман» (Оли Имрон сураси, 36-оят).

Аллоҳ таоло унинг дуоси қабул бўлгани ҳақида хабарни берди:

فَتَقَبَّلَهَا رَبُّهَا بِقَبُولٍ حَسَنٍ وَأَنْبَتَهَا نَبَاتًا حَسَنًا وَكَفَّلَهَا زَكَرِيَّا

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди» (Оли Имрон сураси, 36-оят).

Айюб алайҳиссалом дуоси

 Айюб алайҳиссалом оғир дарддан халос бўлиш учун Аллоҳ таолога дуо қилди:

أَنِّي مَسَّنِيَ الضُّرُّ وَأَنْتَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

 «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» (Анбиё сураси, 83-оят).

Аллоҳ таоло у зотнинг дуоларини ижобат қилди:

رْكُضْ بِرِجْلِكَ هَذَا مُغْتَسَلٌ بَارِدٌ وَشَرَابٌ

 «Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», (дейилди)» (Сод сураси, 42-оят).

Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарди ва касаллик азобидан қутулиб, соғайди. 

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ فَكَشَفْنَا مَا بِهِ مِن ضُرٍّ وَآتَيْنَاهُ أَهْلَهُ وَمِثْلَهُم مَّعَهُمْ رَحْمَةً مِّنْ عِندِنَا وَذِكْرَى لِلْعَابِدِينَ

«Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик» (Анбиё сураси, 84-оят).

Юнус алайҳиссалом дуоси

 Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб Аллоҳ таолога дуо қилди:

لَٓا اِلٰهَ اِلَّٓا اَنْتَ سُبْحَانَكَۗ اِنّ۪ي كُنْتُ مِنَ الظَّالِم۪ينَۚ

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят).

Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Аллоҳ таоло у зотни балиққа юттириб, синовга учратди. Балиқ ичида  Юнус алайҳиссалом дуо қилдилар. Аллоҳ таоло дуосини ижобат қилди ва қирғоққа чиқарди.

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنجِي الْمُؤْمِنِينَ

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 88-оят).

Закариё алайҳиссалом дуоси

Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога фарзанд сўраб дуо қилди:

رَبِّ لَا تَذَرْنِي فَرْداً وَأَنتَ خَيْرُ الْوَارِثِينَ

 «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан» (Анбиё сураси, 88-оят).

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссалом дуосини ижобат этди:

فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَوَهَبْنَا لَهُ يَحْيَى وَأَصْلَحْنَا لَهُ زَوْجَهُ إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَبًا وَرَهَبًا وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ

«Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).

Сулаймон алайҳиссалом дуоси

Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ  таолодан ўзигагина хос бўлган қудрат сўраб дуо қилди:

رَبِّ اغْفِرْ لِي وَهَبْ لِي مُلْكًا لَّا يَنبَغِي لِأَحَدٍ مِّن بَعْدِي إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ

 «Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, Сен кўплаб атоларни бергувчисан» (Сод сураси, 35-оят).

Аллоҳ таоло у зотнинг дуосини ижобат этди ва:

فَسَخَّرْنَا لَهُ الرِّيحَ تَجْرِي بِأَمْرِهِ رُخَاءً حَيْثُ أَصَاب وَالشَّيَاطِينَ كُلَّ بَنَّاءٍ وَغَوَّاصٍَ وَآخَرِينَ مُقَرَّنِينَ فِي الْأَصْفَادِ

 «Бас, Биз унга шамолни бўйинсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйинсундирдик)», дедилар (Сод сураси, 36-38 оятлар).

Бу мисоллар барча мусулмонлар учун бевосита кўрсатмадир. Аллоҳ таоло тақводор бандаларининг дуосини ижобат этади. Муҳими, инсон Аллоҳ йўлида қоим бўлиб, чин ихлос ва ишонч билан дуода бўлиши керак. 

Инсон бошига мусибат келганида Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш ўрнига кўпинча тушкунликка тушади ёки бошқалардан ёрдам кутади. Аслида, ҳаракат ва дуода бардавом бўлиш керак. Барча ишда ҳам Аллоҳ таолога ишонч, умид ва тиришқоқлик муҳимдир.

Дуоларингиз ижобат бўлсин!

Оиша тайёрлади

Баҳам кўринг

Leave A Reply