Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Расулимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ.

Маълумотларга кўра, бу йил ҳам юртимизда  ота-оналар ўз фарзандларига энг кўп Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмларини қўйдилар. Мусулмонлар 15 асрдан буён кунда 5 маротаба миноралардан туриб, Аллоҳ таолонинг номи билан у зотнинг номларини бирга зикр қилиб келадилар. Муаззинлар миноралардан туриб: «Гувоҳлик берамизки, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», дея бонг урадилар, қалбларни жумбушга  келтирадилар.

Дунёда ҳеч ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилмаган, яхши кўрилмайди ҳам. Бугун ана шу муҳаббатнинг кичик ифодаси ўлароқ, у зот таваллуд топган ойда – Мавлид ойида у зотни шарафлаб, эҳтиром ва эҳтимомимизни билдирдик.

Бугун, 9 ноябрь куни бўлиб ўтган мавлид тадбиримизни ҳам  бежизга «Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!» дея номламадик. Чунки биз у зотни соғинганмиз. Чунки у зотнинг ҳаётлари барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир. Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир...


Тадбирда жамоамиз вакиллари Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга ўз соғинчларини ифода этиб, шеър ўқидилар:


Дунё арзимайди дийдорингизга,

“Умматим” деб чеккан озорингизга.

Тўйиб термулсайдим рухсорингизга,

Сизни соғинганда, ё Расулуллоҳ...


У зотни соғиниб, соғинчдан йиғлаган қалбларимиз Қуръони каримнинг тиловатидан янада кўпроқ тўлқинланди. Тиловатдан сўнг muslimaat.uz сайти ва Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий канали раҳбари, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ хайрли дуо ва гўзал тилаклар билдирдилар. «Муншидаат» гуруҳи қизларининг ижросидаги нашид ва салавотлар қалбларга ором бағишлади. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид домланинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган соғинчларини, буюк арбобларнинг, бошқа дин вакилларининг у зот ҳақидаги эътирофларини ифода этувчи «Эътироф» видеоролиги... ҳамма-ҳаммаси у зотга бўлган гўзал муҳаббатдан сўзлайди.

Bintu Sodiq ижтимоий-маърифий каналида, шунингдек, forum.muslimaat.uz муслималар форумида мавлид ойи муносабати билан эълон қилинган танловда ғолиб бўлган олти нафар муслима опа-сингилларимизни устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳамда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг фарзанди аржумандлари Исмоилжон Муҳаммад Содиқнинг аёллари Машҳура Турсунова шаҳодатнома ва эсдалик совғалар билан тақдирладилар.

Мавлид тадбирига ташриф буюрган меҳмонлар ўртасида ўтказилган саралаш мусобақаси йиғилганларни жонлантириб юборди.  Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини тўхтамай санаб берган Дилафрўз Юсупова ғолиб бўлиб, гўзал ҳадя билан тақдирландилар.

Тадбирда азиз меҳмонларимиз –  «Миллий» телеканали бош директори Лола Зуннунова, «Ўзбекистон» телерадиоканали катта муҳаррири Умида Усмонова, Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси, истеъдодли шоира Меҳриноз Аббосова сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдирдилар, гўзал таассуротларини сўзлаб бердилар.

Устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқнинг мавлид ойи муносабати билан изҳор этган самимий табриклари, ҳабибимиз, шафоатчимиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишнинг дунё ва охиратимиз учун фойдаси ҳақидаги гўзал мавъизаси тадбир қатнашчиларида алоҳида таассурот қолдирди. Хайрли дуоларидан кўзларимиз намланди, қалбларимиз энтикди...


Қалбларимиз сизга муштоқ, йа Расулаллоҳ!

Жонларимиз сизга фидо бўлсин, йа Расулаллоҳ...


Мавзуга оид мақолалар
Туркиянинг Диёрбакр вилоятида истиқомат қилувчи Ражаб Чинор Қуръони Каримни ўзига хос усулда ўрганиб, ёд олди. У 1,5 йил олдин масжидга фаррош бўлиб ишга кириб, у давоми...

17:22 / 30 март 1151
Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юрти раҳбари Ибрагимова Нозима Камилжановна Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар давоми...

04:37 / 28.06.2019 926
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳАзиз опасингиллар Muslimaat.uz сайти қошида муборак Рамазон ҳайити муносабати билан аёлқизлар ўртасида гўзал салавоту давоми...

04:29 / 27 апрель 494
Рамазон орзулар рўёбга чиқадиrdquo Кўнгиллилар Рамазон орзулар рўёбга чиқадиrdquo акциясини уюштирмоқдалар, унга кўра Ийд алФитрrdquo Рамазон ҳайити куни давоми...

11:34 / 18 май 661