"Рамазонда кўзгуга боқиб…" танлови (3-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Шакл эмас, моҳият муҳим.
Урф-одат ва анъаналар халқларнинг кўп асрлик ҳаёти ҳамда турмуши жараёнида вужудга келиб, уларда шу миллатнинг миллий хусусиятлари, эътиқоди, турмуш тарзи акс этади. Муборак Рамазон ойида ҳам ана шундай миллатимизга хос бўлган кўпгина урф-одатларимизни кўриш мумкин. Жумладан, болаларнинг Рамазон қўшиқларини айтиб юришлари, арафа куни қўшниларга палов тарқатиш ва ҳоказо. Болаларнинг Рамазон қўшиқларини айтиб юришлари авваллари Рамазон хушхабарини одамларга етказиш ва суюнчи олиш мақсадида бўлган бўлса, ҳозирда бу анъананинг шакли бору моҳияти йўқолгандек гўё. Рамазон айтувчи болалар ҳам Рамазон қўшиқларини нари борса, бир-икки қаторинигина билади ва «пул ишлаш» мақсадида турли хонадонларни тақиллатади. Шунга мувофиқ хонадон эгалари ҳам бу «ташрифчи»ларни унчалик хушламайдилар. Кимлардир озроқ пул беради-ю, бир-бирларидан шу хонадонда пул берилганини эшитиб келган бошқа рамазончиларни «Ҳадеб келаверасизларми, ҳозир бердик-ку?!» дея қайтариб юборади. Баъзи оилалар эса бир марта берса, кейин ҳар куни келишади, деган фикр билан эшикни умуман очмай қўя қолишади. Бу вазиятда болаларнинг ҳаракати гўё тиламчиликка ўхшаб қолмаяптимикин?
Арафа куни овқат тарқатишда ҳам қўшни ҳаққини адо этиш, ўзгаларга эзгулик улашишдек гўзал мазмун яширинган. Аммо бу анъаналаримиз баъзан кишини ўйга толдиради. Ушбу одатлар орқали қанчалик қўшни ҳаққи адо этиляпти, шаклан эзгуликни акс эттиргани билан моҳиятан оддийгина овқат алмашишдек бўлиб қолмаяптими? Арафа куни палов тайёрлаб, ён-веримизга олиб чиқишимиз қанчалик қўшни учун манфаатли, ахир улар ҳам шу куни палов тайёрлашган, биз улашадиган ширинликлардан пиширишган бўлишади-ку?! Бунинг муқобилида қўшни ҳаққини адо этиш учун арафа куни келишини кутиб ўтирмай, ҳамма бажаргани учунгина шу анъанага эргашишдан фарқли равишда тансиқ таом тайёрлаганимизда қўшнига ҳам илиниш, ҳовлимиздаги бирор мева пишганида қўшниларга тарқатиш аслида қўшни ҳаққини адо этишнинг бир кўриниши эмасми? Бу каби эзгуликларда фарзандларимизни жалб қилсак, уларни ҳам «олувчи қўл бўлишга эмас, балки берувчи қўл» бўлишга ўргатармидик. Шу орқали фарзандларимизга сўраганда бандалардан эмас, ягона Аллоҳдан сўраш кераклигини, сахийлик умрга, молга барака беришини уқтирармидик. Айниқса, Рамазон ойида бундай эзгуликларни бажариш янада кўп савобга эга бўлиш имконини беришини, рўза оғиз одамга егулик бериш орқали ифторлик қилганнинг савобини олишимиз мумкинлигини тушунтирган бўлармидик. Бу фикримиз билан мавжуд урф-одатларимизни танқид қилиш фикридан йироқмиз, аммо амал қилишда доимо шу урф-одат негизида яширинган моҳиятни англаб етайлик демоқчимиз, холос.
Азизлар, ҳаётимиз давомида бирор миллий анъана, одатларимизга риоя қилар эканмиз, уни аввал дин мезони билан ўлчаб кўрайлик, эзгуликка чорлашини билгач эса, фақат шаклини эмас, моҳиятини ҳам ўзлаштирайлик.

Шаҳло Алимбаева

Мавзуга оид мақолалар
Индамаслар оламин сайр айладим. Сайр этиб мен бериё хайр айладим.  Энг ажаб олам экан бу олами, Сайр қилсин, давоми...

13:43 / 12.11.2016 13960
Ислом ва бошқа динларда рўза, Яратганга ибодатларнинг энг муҳими бўлиш билан бирга, инсон саломатлиги давоми...

06:58 / 06.03.2017 40906
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга давоми...

08:26 / 10.11.2016 4774
Ҳурматли сайт ходимлари, мана Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотларидан бир неча кун ўтган давоми...

03:09 / 03.02.2017 5785