“Рамазонда кўзгуга боқиб...” танлови (4-мақола)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар ёғилсин.

Биз мусулмонлар аввалдан меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, оилага садоқат, ота-онага ҳурмат ва бошқа бир қанча гўзал хислатларимиз билан ўзга дин вакилларидан ажралиб турамиз. Алҳамдулиллаҳ! Ҳаттоки улар бизга ҳавас қилишади.
Аммо нимагадир сўнгги пайтларда "кўзгуга боқсам", ибодатда, суннатга эргашишда айрим сусткашликларни кўряпман. Раҳмат ойи бўлган Рамазон ойида ибодатга "белни боғлаш" ўрнига ушбу ойга номуносиб бўлган, суннатга тўғри келмайдиган амаллар билан бандмиз. Келинг, улардан баъзиларини санаб ўтсак.
1) Ортиқча сарф-харажату исрофгарчиликларга асосланган базму ифторликлар.
Бундай ифторликлар сўнгги пайтларда жамият орасида оммалашиб бормоқда. Тўғри, рўзадорлар учун ифторлик қилиб бериш мустаҳаб амал. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ҳадислар бор.
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас", дедилар (Термизий ва Аҳмад ривояти).
Аммо халқимиз ифторликларда одамлар гап-сўз қилишидан қўрқиб, турли исрофгарчиликка йўл қўймоқдалар. Шу ўринда Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримда келган сўзларини эсласак, "Эй одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас" (Аъроф сураси, 31-оят).
Дарҳақиқат, исроф ёмон нарса. Айниқса, дунёнинг бошқа нуқталаридаги мусулмонларни сув билан оғиз ёпиб, фақат сув билан ифторлик қилишаётгани, борингки, ана, бир қултум сувга ташна бўлаётганини ўйлаб, мулоҳаза қилсак, албатта, "кўзгуга боқиб", ўзимиздан уялган бўлар эдик. Нега ҳам уялмайлик, ахир бизнинг ифторлик дастурхонимиз бир эмас, 3-4 хил таому ноз-неъматлар билан безалган-ку?! Ваҳоланки, рўза тутган одамнинг қорни ярим коса овқатга шундоқ тўяди. Ҳаддан ошиқ тўйиб овқатланиш эса ибодатларда сусткашлик, зеҳнимиз пасайиши ва соғлигимизга путур етишига олиб келади.
2) Вақтни зое қилиш.
Вақтни ортиқча озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар хариди, бемаъни сериаллар томошаси, бекорчи гап-сўзлар билан ўтказиш. Кун бўйи ижтимоий тармоқлардан бош кўтармаслик, тунни уйқу билан ўтказиш, бир сўз билан айтганда, ушбу муборак ойнинг муборак дақиқаларидан унумли фойдаланиб қолмаслик.
3) Риёкорлик. Баъзи бирларимиз тутаётган рўзаларимиз, қилаётган хайр-эҳсонларимизни ҳаммага кўз-кўз қилиш ниятида ижтимоий тармоқларга расм, видеолар жойлаймиз. Бу борада риёдан ўта эҳтиёт бўлишлик, гўзал амалларимизни пинҳона, Аллоҳдан савоб умидида қилишлигимиз керак.
4) Фарзандларимизнинг шом пайти эшик қоқиб, рамазонлик айтиб юриши.
Балки бу гапимни хушламассиз, аммо фарзандларимизни кун ботганда катталарсиз кўчада юриши яхши эмас. Ахир она бўлиб хавотир олмайсизми? Рамазон қўшиғининг матнига эътибор қаратинг-а:
Ўчоқда кул,
Кармонда пул.
Чиқара қолинг,
100 сўм пул… (Бизнинг пайтимизда 100 сўм эди.)

Ундан кўра фарзандларимизга зикр, салавотлар, Қуръондан кичик суралар ёдлатсак, афзал эмасми? Биз шундай қилишимиз керакки, фарзандларимиз қалбида Рамазонга бўлган муҳаббат барқ урсин, уни интиқ кутишсин, намозни, рўзани тўкис адо этувчилардан бўлишсин. Рамазонда улар билан бирга ночор оилалар фарзандларига, меҳрибонлик уйидаги болаларга ҳадялар улашишга нима дейсиз? Мана шунда улар қалбида саховатпешалик, раҳмдиллик туйғулари шаклланади. Менимча, бу болаларнинг пул илинжида эшик қоқиб, рамазонлик айтиб юришидан афзалроқ. Валлоҳу аълам.
Азиз диндошим, Рамазон ойи шунчалар улуғ, барокатли ойки, унда қилинадиган барча савобли амалларимизнинг ажри 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтириб берилиши ваъда қилинган. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб, ибодатларни маҳкам тутишга, кўпроқ хайр-эҳсон, силаи раҳм қилишга, тилимизнинг зикр, истиғфор, салавотлар билан машғул бўлишига эътибор қаратайлик. Аллоҳ барчамизга жаннатнинг Райён эшикларидан киришимизни насиб айласин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Умида Шаядгарова

Мавзуга оид мақолалар
.Эй онажон Аллоҳ таоло сизни мағфират қилсин, кечирсин, сизни Ўзи мукофотласин. Аллоҳ сизни раҳматига олсин. давоми...

01:17 / 02.03.2021 4448
Жорий февраль ойидан бошлаб сиз, азиз ўқувчиларимиз учун рус тилидаги «Islam.uz» сайти Telegram ижтимоий тармоғида давоми...

21:19 / 17.02.2017 4462
Таҳорат одоблари  1. Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш. Таҳорат ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандоқ давоми...

07:47 / 25.10.2016 5948
Ҳар  бир нарсани билишга интиладиган олимларнинг тадқиқотларига асосан, эркакларга нисбатан аёллар учун давоми...

17:14 / 24.02.2017 7533