Тил офатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.

 Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман»,  дедилар».

Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Имом Термизий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда у Зотга яқинлашиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», дедим.

«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қилурсан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмассан. Ҳамда намозни қоим қилурсан. Закотни адо қилурсан, Рамазон (рўзаси)ни тутурсан, Байтни ҳаж қилурсан», дедилар. Сўнгра: «Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми: рўза сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», деб «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар.

Сўнгра эса: «Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» – дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», – дедим.

«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир», дедилар. Сўнгра дедилар: «Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?»

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Пайғамбари», дедим.

Бас, у Зот тилларини тутиб: «Мана буни тийгин!»  дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биз гапирган нарсамиз учун, албатта, (иқобга) олинамизми?» – дедим мен.

«Онанг азангни тутсин, эй Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юз тубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди!» – дедилар».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ», деган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган».

Мухаллад ибн Ҳусайн: «Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим», деган экан.

Биринчи офат – кераксиз сўз.

 Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказишдир.

 Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

 Ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Ким сукут сақласа, нажот топади».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Саъийддан ривоят қилинади:

«Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз, дейдилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра айтади: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди», деган.

Ҳакимларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан.

Иккинчи офат – ботил сўзга киришиш.

 Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари ва фосиқларнинг қилмишларига ўхшаш нарсалар ҳақидаги гаплардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва у туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади», – дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Жанжал ва тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади.

Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

Жанжал ва тортишувлардан каттароқ офат хусумат қилишдир. Айниқса, ботил йўл билан ва илмсиз равишда хусумат қилиш жуда ҳам ёмон иш. Чунки у қалбларни ҳасадга тўлдиради, ғазабни қўзитади ва бировларнинг обрўсига тил теккизишгача олиб боради. Шунинг учун ҳақ эгаси ҳам, иложи борича, хусуматчиликдан ўзини олиб қочгани афзал.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенинг хусуматчи бўлиб туришинг гуноҳкорлик учун етарлидир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун одамларнинг энг ёмон кўрилгани ашаддий хусуматчидир», – дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

«Ашаддий хусуматчи» сулҳни қабул қилмайдиган, жанжални пулга сотиб оладиган шахсдир.

Учинчи офат – гапда чуқур кетиш.

Бу нарса оғиз тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз»,  дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказишлари учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур.

Тўртинчи офат – фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш.

 «Фаҳш» сўзи «қабиҳ», «уят», «шармсизлик» маъноларини англатади.

Уламолар фаҳшни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Фаҳш соғлом табиат нафрат қиладиган ва мустақим ақл нуқсон санайдиган нарсадир», деган.

Роғиб: «Фаҳш – қабиҳлиги катта бўлган гаплар ва ишлардир», деган.

 Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:

«Сен: «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, холос», деб айт», деган (33-оят).

Аввал айтилганидек, фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларни васф қилганида уларнинг фаҳшдан четда бўлишларини таъкидлаган:

 Аллоҳ таоло «Шуаро» сурасида:

«Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир», деган (37-оят).

Уламоларимиз, «фаҳш ишлар» деганда шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилади, дейдилар. Фаҳш ишлар ичида катта гуноҳлар қаторига кирадиган зинокорлик ва баччабозлик кабилари ҳам бор, катта гуноҳлар сирасига кирмайдиганлари ҳам бор.

Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, улкан гуноҳлар, фаҳш иш ва сўзлардан четда бўлмоғи лозим. Бунга эса фақат иймон билан эришиб бўлади. Қалби соф иймонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва бузуқ ишларни қилмайди. Улардан четда бўлган соф иймонли бандаларгина Аллоҳ таоло ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга соҳиб бўладилар.

Бу қабилдаги гапларни гапиришни шариат ман қилган. Улар чиркинликлар манбаси ва ёмонликлар уясидир.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ уятсиз бўлмоқни ва уятсиз гапларнинг гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар.

Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.

 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий(сўканғич, аччиқ сўзли) бўлмайди»,  дедилар».

Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳолларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда, бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Сўкиш ва ачитиб гапиришни арабчада «базоъа» дейилади. Бу сўз луғатда мавжуд бўлган, рост бўлса ҳам, аччиқ ва уятсиз гапни англатади.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

Fаззолий: «У, қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир», деган.

Муновий: «У, калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир», деган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан урушиш куфрдир», дедилар.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Одатда, одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. Сўкса, сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар. Фалончи бўлгандан кейин сўкади-да, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар.

Аслида эса сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганини англатади», – дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир.

Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшашаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади.

 Бешинчи офат – мазаҳ.

 «Мазаҳ» арабча сўз бўлиб, аслида, ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун, рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул ,от бир кишига: «Эй, икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлар.

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра «Воқеъа» сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳурлар)ни дафъатан, хос қилиб яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик» оятларини ўқиганлар.

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазаҳларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлиши.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлгани.

3. Нодир бўлгани.

Бу ҳолатлар доимий равишда мазаҳ қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди.

Бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни томоша қилганлар, дея ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Мазаҳда ҳаддан ошиш ва бардавом бўлиш ман қилинган. Чунки бу иш одамнинг виқорига футур етказади. Турли гина ва кўнгил қолиш ҳолатларини келтириб чиқаради.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ғазотларига чиқдилар. Ул Зотнинг саҳобаларидан бирлари бир кишининг ўқдонини олиб, ҳазил учун беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топмасдан, хавфга тушди. Ундан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:

«Нимага кулмоқдасизлар?» – дедилар.

«Йўқ. Аллоҳга қасам. Фақат фалончининг ўқдонини ҳазиллашиб беркитиб қўйган эдик, у қўрқиб кетди», – дейишди.

«Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», – дедилар.

Умар ибн Абдулазиз: «Мазаҳдан сақланингиз. У, кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазаҳ сўкиш-у, аммо эгаси кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазаҳ тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Мазаҳ худди олов ўтинни егандек ҳайбатни ейди», дейилган.

Ҳакимлардан баъзиси: «Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади», деган.

Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо.

 «Масхара» сўзи луғатда «бировни ҳақир – паст санаш» ва «хор билиш» маъносини англатади.

Уламолар масхарани қуйидагича таърифлайдилар:

Муновий: «Масхара маънавий жиҳатдан ақлни паст санаш ва ҳиссий жиҳатдан ишни хор санашдир», деган.

Ибн Камол: «Масхара эгаси наздида арзийдиган ва масхара қилувчи наздида арзимайдиган нарсадир», деган.

Масхара қилиш бировнинг айбини пастга уриш, хорлаш йўли ила кулгига олишдир. Гоҳида гап ва амалга ўхшатиш қилиш, имо-ишора билан ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин. Масхара ва истеҳзо қилиш динсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинган. Бас, уларни масхара қилганларга ўзлари масхара этиб юрган нарса тушди», деган (41-оят).

Пайғамбарларни масхаралаган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.

 Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қиладир ва уларга аламли азоб бўладир», деган (79-оят).

Қуръони Карим мўмин-мусулмонларни бировни масхара ва истеҳзо қилишдан қайтарган.

 Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир», деган (11-оят).

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заиф­лашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилур. Бас, унга, бу ёққа кел, деюлур. У ғам-ғуссаси ила келганда, эшик ёпилур. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб бу ёққа кел дейилганда, ноумидликдан келмайдиган бўлгунча давом этади», – дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

 Масхаранинг зарарлари қуйидагилар:

1. Масхара Аллоҳ таолонинг амрига очиқ хилофдир.

2. Масхара Аллоҳ таолонинг азобига сабаб бўлади.

3. Масхара инсон ҳуқуқини очиқ-ойдин бузишдир.

4. Масхара қалбни ўлдиради ва ғафлатга сабаб бўлади.

5. Масхара кофир ва мунофиқларнинг сиймосидир.

6. Масхара шариат ҳаром қилган ишдир.

7. Масхара Аллоҳ таолонинг зикрини эсдан чиқаради.

 Еттинчи офат – ёлғон.

 Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.

Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Ёлғон хабар унинг воқеликка тўғри келмаслигидир», деган.

Ибн Ҳажар: «Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.

Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.

Қуръони Каримнинг «Юсуф» сурасида бунга далил бор:

«Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: «Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар.

Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар» (16 – 18-оятлар).

Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида, ашёвий далил деб, Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди.

Улар ҳам сўз ила, ҳам амал ила ёлғон тўқишди.

Мавзуга оид мақолалар

10:33 / 24.01.2017 17423
Инсониятни Ўзининг ҳақ каломига мушарраф қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз давоми...

10:01 / 27.01.2017 3719
Лондонда бўлиб ўтган сипо мода ҳафталигида London Modest Fashion Week Голливуд актрисаси Линдси Лохан кутилмаганда давоми...

12:23 / 25.02.2018 3329