РЎЗАНИНГ МОҲИЯТИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасининг фарз қилингани ҳақидаги ояти каримада: «Эй иймон келтирганлар,сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек,сизга ҳам рўза фарз қилинди.Шоядки, тақводор бўлсангиз», дейди. Ушбу оятни ўқиган одам, мусулмонларга улардан аввалгиларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинибди, деб кетавериши мумкин. Лекин тузукроқ таъаммул қилинса,  оятга тегишли маълумотлар, тафсирлар ўрганилса ўта аҳамиятли ҳақиқатлар юзага чиқади. Ушбу ояти каримани ўқиганимда, мўмин-мусулмонларга маъносини айтиб берганимда, ваъзларда шарҳлаганимда, «Ҳилол» тафсирида тафсир қилганимда доимо бир нарса хаёлимдан ўтади. Болаликда Совет мактабида, Рамазон пайтида бир ўқитувчи (агар ўшандай одамни ўқитувчи деб аташ мумкин бўлса), рўзани арабистонлик Муҳаммад деган одам ўйлаб чиқарган. Арабистонда иссиқ бўлади. Бир куни сасиб қолган гўштни еб, одамлар заҳарланиб қолган, деган эди. Ўшанда кичкинтой ўқувчилар рўзанинг моҳиятини тушунмасалар ҳам, ўқитувчи деган шахс ёлғон гапирганини яхши англаган эдилар. Ушбу оятда эса рўзани Муҳаммад исмли одам эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исмли одамнинг ва барча одамларнинг Роббиси амр этгани билдирилмоқда. Рўза ибодати фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига эмас, ўтган барча умматларга ҳам фарз қилингани билдирилмоқда. Чунки барча умматларнинг Роббиси бир, барча пайғамбарларнинг юборувчиси бир, барча китобларнинг туширувчиси бир,барча шариатларни жорий қилувчиси бир – Аллоҳ таолонинг ўзидир.

Юқоридаги ояти кариманинг тафсирида кўплаб тафсирчи олимларимиз, дунёдаги барча динларда (ҳатто самовий эмас), одамлар ўзлари ўйлаб чиқарган динлар, мазҳабларда ҳам рўза борлигини тарихчиларга асосланиб таъкидлайдилар. Чунки рўза тутиш инсон ҳаётининг тақозосидир. Рўзанинг инсон учун зарур нарса эканлигини инкор этиш учун ёки инсонлик табиатидан чиқиш керак ёки коммунист бўлиш керак. Бошқалар ҳаммаси у ёки бу шаклда рўзани ихтиёр қилганлар ва қилиб келмоқда. Агар инсон соғлигини сақлаш учун ҳаракат қилаётган мутахассисларга қўйиб берилса, айнан исломий рўзани бутун дунёдаги одамларга фарз қилишларига шубҳа қолмади. Чунки бошқа самовий динларда ҳам рўзанинг моҳияти замонлар ўтиши билан кишилар томонидан бузиб юборилган. Мисол учун ҳозирда энг кўп тарқалган динлардан бирида рўза ҳайвон маҳсулотлари яъни гўшт, сут, тухум каби маҳсулотларни танаввул қилишни тўхтатишни англатади. Яна буни маънавий жасорат, деб атайдилар. Бунда Аллоҳнинг амрини бузишнинг бир кўриниши борлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу ишда охират, илоҳий амрларга тегишли ишлар беҳуда кетганлигига шубҳа йўқ, аммо бу дунёда ҳам фойда йўқлигини табиблар ва овқатланиш мутахассислари ҳам таъкидламоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, исломий рўзадаги каби мутлақо еб-ичишнинг ҳамма турларини тарк этмагунча очлик фойда бериб, соғликни ўнгламайди. Бази овқатларни тарк этиш эса овқат парҳези бўлиб зарарли экан. Ушбу фикрлар, кишини мусулмонларнинг рўзага бугунги кунда бўлаётган муносабатларига тортади. Ҳамма эмас-ку, баъзи кишилар рўзанинг моҳиятини англаб ета олмайдилар. Ҳар йили рўзага бир-икки ой қолганда ўзини Ислом давлати деб номлаётган юртларда ахборот воситалари зўр бериб, Муборак Рамазонни муносиб кутиб олиш учун чет эллардан қўшимча гўшт-ёғ, ҳайвонлар, турли озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинаётганлиги ҳақида гапира бошлайдилар. Одамлар ҳам жон-жаҳди билан озиқ-овқат ғамлашга ўтадилар. Бозорларда озиқ-овқат нархи кескин кўтарилиб кетади. Натижада Рамазондан киссалари бўшаб, қоринлари тўлиб,  бир неча кило семириб чиқадилар. Рамазондан кўзланган асосий мақсад, тақводорлик ҳисси, сабр, меҳр-шафқат, бирдамлик руҳи каби олиймақом инсоний фазилатларни нима бўлганини Аллоҳнинг ўзи билади. Баъзи бир осий, фосиқ-фожирларга Аллоҳнинг амрига бўйсун, рўза тут, десанг, сенинг ишинг бўлмасин, ўзим биламан, дейди. Агар рўза тут озийсан, десанг, ундай бўлса тутсак бўлар экан, дейди. Қачон ҳаммамиз рўзанинг моҳиятини тушуниб етамиз? Қачон Аллоҳнинг амрини сўзсиз адо этадиган бўламиз?

Қачон дунёдан охиратни устун қўядиган бўламиз?! Аллоҳ таолонинг ўзи барчамизни тўғри йўлга бошласин! Омин!

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳ

Рамазонни қаршилаб китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Биргина зилзила бизнинг қаршимизда ҳайҳотдек қад ростлаган юзлаб биноларни сонияларда ер билан яксон давоми...

03:33 / 11.02.2023 2183
ҲАСИПЛИК ГЎШТ Беихтиёр тамшанди. Тили танглайига зулукдек ёпишиб, ҳаракатсиз тўхтади. Лабини яламоқчи давоми...

12:07 / 07.03.2017 4344
Баданни ғизо, яъни овқат ҳазм қилишга тайёрлайди. Организмнинг ўсишига замин ҳозирлайди.Моддалар давоми...

21:20 / 04.11.2023 1533
27 ноябрь куни Хўжа  Аламбардор масжидида ХХVреспублика қорилар мусобақаси ўтказилди.  Мусобақа икки давоми...

21:00 / 26.01.2017 4456