Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи: Бағдоддаги имтиҳон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Вафийётул-аъён» ва бошқа китобларда қуйидагилар ёзилган: «Бағдоднинг ҳадис соҳиблари унинг келганини эшитганларида жамланишди. Юзта ҳадисни олиб матнлари ва санадларини алмаштиришди. Бир исноднинг матнини бошқа иснодга, бир матннинг иснодини бошқа матнга қўйишди. Сўнг ўн кишига ўнтадан бўлиб беришди ва имом Бухорий ҳозир бўлганда унга айтиб беришни амр қилдилар. Мажлисга вақт тайин қилинди. Мазкур мажлисга Хуросон ва бошқа тарафлардан келган муҳаддислар ҳам ҳозир бўлишди. Мажлис бошланиши билан ҳалиги ўн кишидан бири мазкур ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Кейин бошқа ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, дейишда давом этди. Мажлисда ҳозир бўлганлардан гапнинг фаҳмига етганлари, бу одам билиб турибди, дейишарди. Бошқалари эса, имом Бухорийга ожизлик, нуқсон ва ҳафтафаҳмлик нисбатини беришар эди. Сўнгра ҳалиги ўн кишидан яна бири туриб мазкур алмаштириб қўйилган ҳадислардан бири ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. Бошқаси ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, деди. У бирин-кетин ўнта ҳадис ҳақида сўради. Бухорий, буни билмайман, дейишда давом этди. Кейин учинчи, тўртинчи бўлиб, ўн кишининг ҳаммаси ўзларининг алмаштирилган ҳадислари ҳақида сўрадилар. Бухорий, буни билмайман, дейишдан бошқани зиёда қилмади. Бухорий уларнинг саволи тамом бўлганини билганидан кейин биринчи одамга қараб: «Аммо сенинг биринчи ҳадисинг бундай, иккинчи ҳадисинг бундай, учинчиси, тўртинчиси...» деб ўнтанинг барчасини айтиб берди.

Ҳар бир матнни ўз иснодига, иснодни ўз матнига тўғри ҳолда қўйиб чиқди. Бошқалар ила ҳам шундай қилди. Барча матнларни ўз иснодига, иснодларни ўз матнига қўйиб чиқди. Бас, одамлар унинг ҳифзига тан бердилар ва фазлини эътироф қилдилар».

Али ибн Ҳусайн ибн Осим Пойкандий айтади:

Ҳузуримизга Муҳаммад ибн Исмоил келди. Унинг ҳузурида жамландик. Унинг суҳбатидан машойихлардан ҳеч ким четда қолмас эди. Биз унинг олдида баъзи нарсаларни эсладик. Соҳибларимиздан бири:

«Мен Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг «Мен китобимдаги етмиш минг ҳадисга назар соламан» деганини эшитганман»,–деди.

Шунда Муҳаммад ибн Исмоил:

«Шундан ҳам ажабланасанми?! Ушбу замонда ўз китобидаги икки юз минг ҳадисга назар соладиганлар бор»,–деди ўзига шама қилиб».

Имом Бухорий бир марта: «Мен юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан биламан»,–деди.

Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Самарқандий:

«Мен уламоларни Ҳарамайни, Ҳижоз, Шом ва Ироқда кўп кўрганман. Уларнинг ичида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдек жамловчисини кўрганим йўқ», дейди.

 Имом Бухорий ҳадисларни қуруқ ёд олиш билангина эмас, балки уларни яхши билиши ила шуҳрат қозонган эдилар.

Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Асадийдан Бухорий, Абу Заръа ва Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ҳақида сўралганда, «Уларнинг ичида ҳадисни энг яхши биладигани Муҳаммад ибн Исмоилдир. Мен ундан кўра фаҳми зўрроқ хуросонликни кўрмадим», деб жавоб берган.

Икки юз қирқ еттинчи йили Муҳаммад ибн Идрис Розий ўз шерикларига: «Ҳузурингизга Хуросондан бир киши келади. У ердан ундан кўра ҳофизаси кучлироқ одам чиқмаган ва Ироққа ундан кўра илмлироқ одам келмаган»,– деди. Ўшандан бир неча ой кейин ҳузурларига Муҳаммад ибн Исмоил келди.

Иброҳим Хаввос айтади:

«Абу Заръанинг Муҳаммад ибн Исмоилнинг олдида худди ёш болага ўхшаб ўтириб, ҳадиснинг иллати ҳақида сўраётганини кўрдим».

Имом Бухорий айтадилар:

«Муҳаммад ибн Салом менга: «Китобларимга назар солиб, хатоларини белгилаб бер. Токи кейин уларни ривоят қилмай»,–деди. Айтганини қилиб бердим».

Муҳаммад ибн Салом Муҳаммад ибн Исмоил яхши деган ҳадисни «йигит рози бўлди» деб, заиф ҳадисларни «йигит рози бўлмади» деб белгилаб қўйган эди.

Баъзи шериклари «Бу йигит ким?» деб сўраганда, у: «Мисли йўқ киши, Муҳаммад ибн Исмоил», деб жавоб берарди.

Абу Ҳомид Аъмаший айтади:

«Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни Абу Усмон Саъид ибн Марвоннинг жанозасида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳё ундан исмлар, кунялар ва ҳадиснинг иллатлари ҳақида сўрар эди. У саволларга Муҳаммад ибн Исмоил ўқдек тез, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқигандек жавоб берар эди».

«Тарихи Бағдод» китобида қуйидагилар келтирилади:

«Уни Ражо ибн Муражжий Марвазий зиёрат қилганда Бухорийдан Айюбнинг ҳадисларидан сўради. Абу Абдуллоҳ жавоб берди. Ҳаттоки Ражо савол сўрашдан тўхтади ва Абу Абдуллоҳга: «Зикр қилмаган нарсамиз қолдими?»–деди.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис айта бошлади. Ражо: «Буни ким ривоят қилган?»–дерди. Абу Абдуллоҳ унинг иснодини келтирарди. Ўнтадан кўп ҳадисни айтгандан кейин Ражода шиддатли ўзгариш пайдо бўлди. Абу Абдуллоҳ унинг юзига назар солиб ўзгаришни сезди ва гапни тўхтатди.

Ражо чиқиб кетгандан кейин Абу Абдуллоҳ:

«Мен унга айтганимдан бир неча марта кўпини айтмоқчи эдим. Аммо унга бир нарса бўлиб қолмасин, деб гапдан тўхтадим»,–деди».

«Тарихи Бағдод» китобида келтирилади:

«Бир киши Бухорийдан:

«Ёдлаш қобилиятига дори борми?»–деб сўради.

«Билмайман»,–деди у ва сўровчига қараб: «Ёдлаш учун кишига илмга чанқоқлик ва доимий изланишдан кўра манфаатлироқ нарсани билмайман»,–деди.

Имом Бухорий:

«Менда иснодини билмайдиган ҳадис йўқ. Тарихдаги ҳар бир исмнинг менда қиссаси бор», дерди.

Бир куни Бухорий Найсабурда Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг мажлисида ҳозир бўлди. Исҳоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бир ҳадисни зикр қилди. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасидан кейин Ато Кайхароний зикр қилинган эди. Бас, Исҳоқ:

«Эй, Абу Абдуллоҳ! Кайхарон нима?» – деди.

«Ямандаги бир қишлоқ. Муовия ибн Абу Суфён Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан шу кишини Яманга юборган ва ундан Ато иккита ҳадис эшитган эди»,– деди Бухорий.

«Эй, Абу Абдуллоҳ! Худди қавмнинг орасида бўлгандексан-а!»–деди Исҳоқ.

 Абу Ийсо Термизий айтади:

«Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам иллатлар маъноси, тарих ва иснодларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдек бирор кишини кўрмадим».

«Ал-адаб ал-муфрад» китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
Мавзуга оид мақолалар
 Қуръон тиловати мусобақасидаги илк ғолибалар    Шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси давоми...

13:42 / 16.01.2018 3504
httpswww.youtube.comwatchvFzCbf6s96eYampfeatureyoutu.be

15:16 / 20.12.2018 2929
«Агар сабзини тўғрамасдан, бутунлигича қайнатилса, саратон хасталиги олдини оладиган моддалар унинг ичида давоми...

20:45 / 13.12.2016 4494