Кўнгил Каъбаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

XV аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил Рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 февраль)да Ҳиротда туғилган. Ҳазрати Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мактаб, олий таълим муассаларида кўп ўқиганмиз, танишганмиз. У зот диний олим бўлганлар, тасаввуф аҳлидан нақшбандия тариқатининг мутасаввуфи бўлганлар. Навоийнинг ҳар бир асари, ҳар бир байтларида бевосита ва билвосита Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифдан олинган хулосалар мажозий услубда баён этилганини Навоийшунос олимларимиз таъкидлайдилар.

Бунга, аввало, ёр образи орқали Аллоҳ таоло, Пайғамбар алайҳиссалом, пиру устозлар ёки ёр дейилганда қалб ва кўнгил ҳам тушунилиши гапимиз тасдиғи бўла олади.

Унинг ижодининг гултожи саналган «Хамса» асарини ҳам яхши биламиз. Бу асарни Алишер Навоий 1483 йили, яъни 42 ёшида ёзишга киришди ва уни 3 йилда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ортиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий мисрасининг деярли ярмини ташкил этади.

Ислом ақидаларига кўра, бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз «ал-Хамсату» дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам тавҳид (иймон), намоз, рўза, закот, ҳаж- ўзига хос «Хамса» (бешлик)ни ташкил этади. Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, «Хамса»нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган Бомдод, Пешин, Аср, Шом ва Хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда «Хамса»ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади. Навоий ўз «Хамса»сини яратишга 1483 йилда киришган бўлса, унинг биринчи достони «Ҳайратул аброр» (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши)ни ўша йили ёзиб тугатди. 1484 йилда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» (Етти сайёра), 1485 йилда «Садди Искандарий» достонини поёнига етказди. Ҳазрати Навоий «Хамса»сига киритилган достонларда ўша давр учун муҳим бўлган муаммоларни қўйди, мутафаккир сифатида илғор қарашларни илгари сурди, ўзбек тилининг қудратини оламга намойиш этди.

Кўнгил Каъбаси

Маълумки, инсоннинг вужуди Аллоҳнинг иморатидир. Бу иморатнинг пойдевори эса кўнгилдир. Қўл, оёқ синса бўлар, эт тилинса, битиб кетар, аммо синган кўнгил қайта бутланилмас. Шу боис Қодир Эгам уни эҳтиётлаб қовурғалар орасига жойламишдир. Шунинг учун ҳам уни Каъбадек муқаддас билиб, унга ниҳоятда ҳурмат ила муносабатда бўлмоғимиз керак. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижодида шу нозик масалага қандай ёндашилган?

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай...

Кимки бузилган, ҳасратда қолган кўнгилга қувонч ва шодлик бахшида эта олса, вайрон этилган Каъбани тиклаганчалик савоб олади. Дарҳақиқат, кўнгил синса, бутун вужуд нурай бошлайди. Нурай бошлаган вужуд олиб келадиган оқибатларга бир эътибор беринг-а:

Агар фарзанднинг кўнгли бузилса, вужуди нурай бошласа, у бировнинг термулиб-тикилиб улғайтирган боласи, йиқилса, ота-онаси ҳам қулайди.

Агар ота нураса, бир этак бола эгасиз қолади. Агар у она бўлса, оналигини бутун адо этолмайди.

Агар у устоз бўлса, илм истагида келган не-не шогирдлар ноумид қайтадилар. Агар у олим бўлса-чи? Не-не асарлар ёзилмай, қанчадан-қанча китоблар битилмай қолиши бор гап.

Ойдин Абдуваҳҳоб қизи

Мавзуга оид мақолалар
11 « ». . Ўн биринчи ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар давоми...

21:59 / 22.05.2018 2258
Бандадирсан, бандаликни исбот этиб,Хато қилсанг, маломат қилгувчи кўп,Бу онларда виждонидан сабот давоми...

21:33 / 30.06.2023 2097
Анжир билан қасам, зайтун билан қасам. Тин сураси 1оят Зайтуннинг бўйи тўрт, етти метргача борадиган майда давоми...

11:31 / 24.11.2016 18941
ДЎСТЛАРИМ Таъсир қилса етиб сўзларим, Шод бўларди кулиб кўзларим, Ҳар бир ишни қилар давоми...

21:31 / 18.11.2016 3201