Анбиёлар қиссаси: Одам алайҳиссалом қиссаси I
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамнинг яратилиши

Биринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади:

وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва  Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. У: «Мен сиз билмаганни биламан», деди (30-оят).

 Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Фаришталарнинг:

«Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан?» деган гапларидан улар ўзларигагина маълум йўл билан инсон ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини билишгани, айни чоғда, улар фаришталик табиати билан, ўзлари айтиб турган тасбиҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади, деб билишгани маълум бўлмоқда.

Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар.

«Мен, сиз билмаганни биламан», деди Аллоҳ таоло.

Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди.

Шунингдек, фаришталарнинг тасбиҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай,

«Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди» (Роҳман сураси, 14-оят).

Бу оятда «инсонни» деганда Одам Ато назарда тутиляпти. «Қуриган лой» деб таржима қилган иборамиз оятда «солсол» деб келган. «Солсол» деб лойнинг қотиб, чертса овоз чиқарадиган бўлиб қолган ҳолига айтилади.

Ушбу оятда зикр қилинган ҳолат Аллоҳ таоло Одамни яратишининг турли босқичларидан биридир. Тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритилган.

Қуръон таъкидлашича, инсонни йўқдан бор қилган Зот уни тупроқдан яратган Аллоҳ таолодир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибалардан исботланишича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калций, хлор, темир, мис, йод, альюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор. Тупроқдан борлиқнинг энг улкан мўъжизаларидан бири бўлган инсонни, унинг фикри, руҳи, ҳис-туйғулари, асаблари ва ҳозиргача инсоннинг ўзи ҳам тушуниб етмаган ажойиботлари билан ким ярата олади? Бу ишни фақат Роҳман сифатига эга бўлган қудратли Аллоҳ таологина қилиши мумкин.

***

Одамга улуғ мартаба берилиши

Ҳа, Роҳман сифатли Аллоҳ таоло тупроқдан инсон яратди:

«Ва У Зот Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг», деди» (Бақара сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни бергани ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади.

Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмасди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди. Ривоятларда келишича, бунинг исми от, буниси туя, манави қуёш, бу эса юлдуз, деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири – илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсон илми ила борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатгандан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва, «Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, деган даъволаринг рост бўлса, ушбу нарсаларнинг исмларини менга айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

«Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли Зотсан», дедилар» (Бақара сураси, 32-оят).

Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида билмайман дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:

«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди» (Бақара сураси, 33-оят).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

***

Одамга сажда қилиш ҳақидаги фармон

Ушбу мавқифда, хусусан, Одамнинг фазли фаришталар кўз олдида намоён бўлгандан кейин, Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидаги фармонни берди:

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара сураси,  34-оят).

Аллоҳ таоло фаришталарга сажда қилишни буюриб, Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳ таолонинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки уларнинг фитратида Аллоҳ таолонинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади. Ушбу иборадан келиб чиқиб, баъзилар: «Иблис аслида фаришталардан эди, аммо амрга итоат этмай, одамга сажда қилмагани учун уларнинг сафидан чиқарилган», дейишади. Аслида ундай эмас. Иблис асли жиндан бўлган, бу ҳақда оят бор. Қолаверса, Қуръони Карим оятида айтилганидек, фаришталарда Аллоҳ таолонинг амрига исён қилиш табиати йўқ. Шундан Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрган пайтда Иблис ҳам ўша жойда ҳозир бўлган, деб хулоса қилса бўлади.

Ҳа, Аллоҳ таоло Одамга сажда қилишга амр қилганда:

«Бас, фаришталар барчалари жамланиб, сажда қилдилар».

Бу сажда ибодат саждаси эмас, балки табрикдир.

«Магар Иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.

Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди. Шунинг учун кофирлардан бўлди. Аллоҳ таолонинг амридан бош тортиб, сажда қилмаганлар кофир бўладилар.

***

Иблис гуноҳини эътироф қилмади

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани дақиқ жойларигача билгувчи Зотдир. У Зот Иблиснинг Одамга нима учун сажда қилмаганини билиб турса ҳам, унинг дилидагини тилига чиқариш учун сўради.

«У Зот: «Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди» (Сод сураси, 75-оят).

Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган Зот. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал  руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган Иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:

«Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!» деб сўрамоқда.

«Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди».

Аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло нима учун Иблиснинг Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо Иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун бу саволни берди. Натижада, Иблиснинг дилидаги тилига чиқди.

«У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди» (76-оят).

Бу жавобдан Одамга Аллоҳ таоло томонидан берилган мартабага Иблис ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.

«Мен ундан яхшиман».

Иблис, мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан, деб бош тортди.

«Мени оловдан яратгансан».

Уламоларимиз Иблиснинг шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. Иблис фаришталардан эди, деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан бош тортишни ўзига раво кўрди.

«Уни лойдан яратгансан», деди».

Иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади. Шунда:

«У Зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан.

Ва, албатта, сенга жазо кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди» (77–78-оятлар).

Аллоҳ таоло, эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ, сен, албатта, лаънатланган – раҳматимдан қувилгансан, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бўлгай, деди.

«У: «Эй Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!» деди» (79-оят).

Иблис Аллоҳ таолога ёлбориб, одамлар қайта тирилтириладиган қиёмат кунигача бу дунёда туришга муҳлат сўради. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат юзасидан Иблисга ўша кунгача муҳлат берди.

«У Зот: «Сен муҳлат берилганлардансан, Маълум вақт кунигача», деди» (80–81-оятлар).

Аллоҳ таоло Иблисга қиёмат кунигача муҳлат берилганлар қаторида эканини айтди.

У: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан.

Магар улардан танланган бандаларинггина (иғвога учмас)», деди» (82–83-оятлар).

Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса Иблиснинг иғвосига учраши–турган гап. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Иблиснинг ўзига ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган.

«У Зот: «Ҳақ шулки, зотан Мен фақат ҳақни айтурман.

Албатта, Мен жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди» (84–85-оятлар).

Аллоҳ таоло ҳақиқатни айтди: «Эй Иблис, сен одамларни иғво қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверсинлар, аммо сен ҳам билиб қўй, улар ҳам билиб қўйсинлар, Мен, албатта, сени ҳам, сенга эргашганларни ҳам жаҳаннамга тушираман, деди ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди.

Иблис билан инсон орасида душманлик шундан бошланади...

Мавзуга оид мақолалар
51. Савол Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган ёш бола ким Жавоб давоми...

18:20 / 15.12.2017 3862
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама сайтимиз давоми...

07:22 / 09.02.2017 3549
Эйнштейн Илм динсиз оқсоқдир. Дин илмсиз кўрдирrdquoБиз қачон тафаккур қиламизБизнинг Еримиздан жуда давоми...

02:21 / 09.03.2020 3494
Савол Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам рабиъул аввал ойининг қайси кунида туғилганлар     Жавоб давоми...

12:07 / 27.11.2017 2450