Тижорат моллари закоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покларидан инфоқ қилинглар», деган (Бақара: 267). Мужоҳид «Ушбу оят тижорат ҳақида тушган», деган. Шарҳ: Бу ояти каримани зикр қилиш билан тижорат молларидан закот бериш вожиб эканига далил келтирилмоқда.

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аммо баъду, шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни савдо учун тайёрлаб қўйган нарсаларимиздан садақа чиқаришимизга амр қилар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр қилишлари ҳам савдо молларидан закот бериш фарз эканига далилдир. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянинг ўз садақаси бор. Қўйнинг ўз садақаси бор. Қорамолнинг ўз садақаси бор. Кийимнинг ўз садақаси бор», дедилар». Дора Қутний ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган. Шарҳ: «Кийим» дегани – кийим тижорати, дегани, у эса ҳамма тижорат молларига далолат қилади. Саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва салафи солиҳнинг барчалари тижорат молларидан закот чиқариш фарз эканига ижмоъ қилишган. Бинобарин, мусулмон умматининг бу закотни адо этиши ҳам фарз амал ҳисобланади. Абу Убайд Абдин ал-Қорийдан ривоят қилган: «У киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида Байтулмолга масъул бўлган экан. У зот қачон закот йиққани чиқсалар, тожирларнинг молини, ҳозиринию ғойибини ҳисоб қилар, сўнгра ҳозирининг ҳам, ғойибининг ҳам закотини олар эканлар». Абу Амр ибн Ҳаммос ва унинг отасидан ривоят қилинишича отаси қуйидагиларни айтган: «Умар менинг олдимдан ўтаётиб: «Эй Ҳаммос, молингнинг закотини адо қил», деди. «Менинг ўқдонлар ва теридан бошқа молим йўқ», дедим. «Ана шуларнинг қийматини ўлчаб, сўнгра закотини адо қил», деди Умар». Абу Убайд қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Қуллар ва кийимлар каби тижорати ирода қилинган нарсаларда закот бор», деганлар. Бунга ўхшаш ривоятлар жуда ҳам кўп. Хулоса қилиб айтилганда, мусулмонлар жумҳури тижорат молларида закот борлигига иттифоқ қилганлар. Тижорат энг кўп ва кенг тарқалган касблардан бўлиб, мол топиш ва пулни ишлатишнинг машҳур йўлларидан биридир. Ислом дини ҳалол-пок йўл билан тижорат қилишга тарғиб қилган. Тижорат мол топишнинг энг улкан манбаларидан биридир. Тожирлар миллион ва миллиардлаб сўмларини тижорат моллари билан банд қиладилар. Уларнинг ичида мискинларнинг ҳақи бўлмиш закот бўлиши керак. Бўлмаса тожирлар пулларига тижорат моли олиб қўйиб, закот бермай юраверадилар. Уламоларимиз тижорат молларини, «фойда кўриш мақсадида олди-сотди учун тайёрлаб қўйилган нарса» деб таъриф қилганлар. Демак, пул бирлигидан бошқа, тижорат учун тайёрлаб қўйилган асбоб-ускуна, турли матоҳлар, кийим-кечак, озиқ-овқат, тақинчоқлар, ҳайвонлар ва бошқа нарсалар тижорат моллари ҳисобланади. Ким ўша нарсалардан тижорат учун тайёрлаб қўйса, унга бир йил тўлса, уни пулга чаққанда қиймати нисобга етса, закот бериш фарз бўлади. Закотга қийматнинг икки ярим фоизи чиқарилади.

ТИЖОРАТ МОЛИДАН ЗАКОТ ЧИҚАРИШ ШАРТЛАРИ

Инсон сотиб олган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди. Кўпгина нарсалар шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақат сотиб фойда олиш ниятида олган нарсасигина тижорат моли ҳисобланади. Уламоларимиз тижоратда иккита асосий унсур: ният ва амал бор, дейдилар. Ният – фойда кўриш мақсади бўлса, амал – олди-соттидир. Ушбу икки унсур бир бўлгандагина тижорат бўлади. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса тижорат йўқ бўлади. Шунинг учун биров ўзи учун бирор нарса олиб, уни ишлатиб юрса-ю, яхшироқ фойда чиқса, сотиб ҳам юбориш мақсади бўлса, у нарса тижорат моли бўлмайди. Чунки уни аслида ўзи учун олган, аксинча, сотиб фойда кўриш ниятида олган нарсасидан ўзи вақтинча, яхшироқ харидор чиққунча фойдаланиб турса, тижорат моли ҳисобланади. Аммо ушбу нарсани «сотмайман, ўзим фойдаланаман», деб ният қилса-ю фойдаланиб юрса, у нарса тижорат молилигидан чиқади, Закот бермайди. Тижорат молларидан закот фарз бўлишининг шартлари ҳам худди пулдаги шартларга ўхшайди. Яъни нисобга етиши, бир йил тўлиши, қарздан холи бўлиши. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши зарур. Закот бериш вақти келганда тожир ўзининг қўлидаги ва ҳисоб рақамидаги пулларини, савдога қўйилган молларидан бир йил тўлганини ва одамларга берган қарзларидан қайтиб келишига кўзи етганларини жамлаб ҳисоблайди, сўнгра бунинг икки ярим фоизини закотга чиқаради. Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбоб-анжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар ҳисобга олинмайди. Тижорат моллари қиймати закот чиқарилаётган кунидаги баҳосида ўлчанади. Закотни тижорат молларининг ўзидан чиқарса ҳам бўлади ёки қийматини чиқарса ҳам бўлади. Аммо, камбағалларга фойдалироқ бўлгани учун қийматидан чиқарилса ,яхши бўлади.

Мавзуга оид мақолалар
Диний таҳсилимни эндигина тамомлаган кунларим эди. Муҳтарам отам муфтий Муҳаммад Шофеъ роҳимаҳуллоҳ билан давоми...

21:32 / 10.09.2023 1524
Мухлис минбари Дилором Юсупова Шиддат билан ўтар умримиз, Савобларсиз куну тунимиз. Гуноҳ кўпу, йўқдир давоми...

21:00 / 28.11.2019 2370
Орасида туғиш ва эрхотинлик алоқаси борларга. Бунда кишининг туққанлари, яъни отаонаси, неча поғона давоми...

14:26 / 04.06.2017 3238
Рамазонда инсонлар кўпроқ йиғлайдилар. Кўз ёшларининг сабаби эса ҳар кимда турлича...Кимлардир рўза тутиб, давоми...

21:22 / 02.04.2023 3089