Имом Бухорийнинг набираси Жанубий Кореяда имомликни бошлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бандаларига бутун ер юзини саждагоҳ қилиб берган Роббимиз субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

«Ким Аллоҳнинг розилиги учун масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилиб, умматини намозга ва масжидларни обод қилишга чақирган Расулимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафога салавоту дурудларимиз бўлсин!

Муҳтарам азизлар!

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди, бу дунёни унга ҳаёт кечириш макони, тирикчилик воситаси қилиб, охират экинзори қилиб берди. Инсониятни турли миллат, элат қилиб яратиб, уларга бир-бири билан яхшилик йўлида, тинчлик йўлида ўзаро муносабат қилишни раво кўрди. Фан-техника гуркираб ривожланаётган бугунги кунимизга келиб, дунёнинг турли мамлакатлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар мисли кўрилмаган даражада тараққий топди.

Қуруқлик, денгиз ва ҳаво нақлиёти узоғимизни яқин қилди, оғиримизни енгил қилди. Рақамли технологиялар ҳамда ахборот воситалари эса дунёнинг исталган нуқтаси билан овоз, ёзув ва тасвир орқали бевосита алоқа ўрнатишга имкон берди. Ўзини билган, Роббини таниган инсон буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмас марҳамати эканини яхши англайди.

Мазкур имкониятлар дунё халқларига Ер куррасининг исталган нуқтасига бориб, ўзининг иқтидорига муносиб иш топиб, меҳнатига яраша ҳақ олишга имкон берди. Жумладан, юртимиз истиқлолга эришиб, жаҳонга юз тутгач, ватандошларимиз ҳам дунёнинг исталган мамлакатига бориш, у ерда истиқомат қилиш, тижорат қилиш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Маълумингизким, «islom.uz» порталида бир неча йил аввал мазкур муаммога бағишланган «Инсон азиз» рукни ташкил қилинган эди. Ушбу рукн остида хорижда истиқомат қилаётган ёки иш, ўқиш мақсадида чет элга кетишга ҳозирланаётган юртдошларимиз учун керакли бўлган қонунлар, тартиб-қоидалар, маслаҳатлар бериб бориш кўзда тутилган эди. Ушбу рукнда хорижда яшаётган юртдошларимизнинг динимиз таълимотларига оид саволларига жавоблар, мусофирликка оид фиқҳий ҳукмлар, ҳалол-ҳаром масалалари, намоз, саҳарлик ва ифтор вақтлари каби масалалар ёритиб борилди, саволларга жавоблар берилди.

Шунингдек, ушбу рукн остида Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги элчихоналари, консулликлари ва бошқа турдаги дипломатик ваколатхоналарининг манзиллари, телефон рақамлари бериб борилди. Қувонарлиси шуки, юртдошларимиз хорижда ҳам динимизнинг арконларига амал қилишмоқда, намозларини канда қилмай, тоат-ибодатда бардавом бўлиб, натижада мусофирликдаги саъй-ҳаракатлари учун ажру савоб олишмоқда, ризқлари ҳам баракали бўлмоқда.

Муҳтарам азизлар! Бугун ана шу хайрли ишларнинг натижаси ўлароқ, тарихий воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аввал хабар берганимиздек, Жанубий Кореяда яшаб, ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимиз хайрли бир ишга қўл уришиб, маҳаллий ҳукумат томонидан масжид ва исломий марказ очиш учун рухсат олишган эди. Кўплаб ватандошларимиз истиқомат қилаётган бу ўлкада ҳукумат томонидан масжид очишга лицензия берилиши барчамизни мамнун қилган эди.

Ушбу қувончли хабарнинг, хусусан, порталимиз учун ғоят муҳим жиҳати бор эдики, у ҳам бўлса, масжид қавми порталимизни мунтазам кузатиб бориб, ўзлари учун керакли барча маълумотлар билан танишар, зарур ҳолларда ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича «Савол-жавоблар» саҳифамизга мурожаат қилишар экан. Масжидга келган намозхонлар масжид кутубхонасидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ҳилол-нашр» нашриётида чоп этилган китобларини ўқиб, аудио ва видеодискларини тинглаб, Қуръон ва суннатни ўрганишар, диний илмларини оширар эканлар.

Жанубий Кореядан бу хабар олинган пайтда масжидга Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси томонидан расмий имом-хатиб юбориш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани айтилган эди. Ҳозирда ҳужжатлаштириш ишлари якунланди. Жанубий Кореяда ташкил қилинган ушбу масжид учун имом-хатиб тайинланди.

Бу ҳақда масжиднинг ташкилотчиларидан бири Ҳасанхон қуйидагиларни маълум қилади: «Биз, мингга яқин ватандошлар, Жанубий Кореянинг Кожидо оролида жойлашган Самсунг кемасозлик заводида ишлаймиз. Бу мамлакатда турли давлатлардан ҳар хил миллат, ҳар хил дин вакиллари келиб ишлашади. Уларнинг ҳаммаси бу ерга келиб, миллатдош, диндошлари билан биргаликда ўзлари учун турли марказлар ташкил қилиб олишади. Ўз динларига амал қилиш учун черковлар, ибодатхоналар ва масжидлар очиб олишади.

Аввалига биз ҳам бошқа юртлик мусулмонлар очган масжидларга бориб намоз ўқиб юрдик. Улар ўз тилида гаплашишар, хутба ва маърузаларни ҳам ўша тилда олиб боришарди. Маҳаллий имомлар эса корейс тилида маъруза қилишар, шунинг учун тилни яхши билганларгина тушуна олар эди. Яна бир жиддий муаммо шу эдики, бу ерда миссионерлик фаолияти кучли бўлиб, кўчада юрсак, қўлимизга ўзбек тилида ёзилган турли варақалар тутқазиб, ўзларининг динига кучли даъват қилишар эди.

Хайриятки, юртдошимиз, замонамизнинг улуғ олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари раҳбарлигида очилган «islom.uz» портали бор экан. Унда бериб борилаётган кўплаб маълумотларни, янгиликларни ўқиб, баҳраманд бўлар эдик. Ушбу маълумотлар туфайли миссионерларнинг даъватига учмадик, турли оқимларнинг зарарли таъсирига тушиб қолмадик. Динимизга оид нима савол пайдо бўлса, бирор ишда қандай муаммо чиқса, дарҳол сайтга кириб, савол ёзар эдик, дарҳол жавоб олиб, мушкулимиз осон бўлар эди.

Биз ишлаётган ўлкада ўзбеклар кўпайган сари, намозларимизни бирга ўқиш, бошқа юртдан келган мусулмон биродарларимизга ўхшаб, жума намозларида ўз она тилимизда хутба эшитишга иштиёқимиз кучайиб бораверди. Бошқа юртлик биродарларимиз ўзларига масжид очишганғу, нима учун ўзбекларимиз учун масжид йўқ, деган фикрда масжид очиш тартиб-қоидаларини ўргана бошладик. Шундан кейин Сайфулло ака ва бошқа ҳамюртларимиз билан бирга масжид очиш учун керакли ҳужжатлар тайёрлаб, ҳукуматга тақдим этдик. Алҳамдулиллаҳ, тез орада рухсат тегди. Масжид учун бир жой ҳам ажратилди. Шунда масжидга ким имом бўлиши масаласи кўтарилди. Бу тўғрида бироз бошимиз қотди, чунки орамизда диний илми имом бўлишга етарли кишилар йўқ эди. Жонимизга яна шайх ҳазратлари оро кирдилар. У кишидан масжидимиз учун имом топишга ёрдам беришларини илтимос қилдик. Шайх ҳазратлари тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб, бу илтимосни у ерга етказибдилар. Республикамиз ҳукумати томонидан бу масала қисқа муддатда ижобий ҳал қилиниб, тайинланган имом масжидимизда ўз фаолиятини бошлади».

Дарҳақиқат, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг бу илтимоси дарҳол бажарилди. Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ўзаро муносабатлар тарихида биринчи бор айнан масжид имоми учун махсус виза берилиб, Кореядан мусулмонлар диний идораси томонидан тайинланган имом-хатиб учун расмий таклифнома юборилди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан кўп йиллар давомида Тошкент олий маъҳадида дарс берган, пойтахтимизнинг жомеъ масжидларида имом-хатиб лавозимида ишлаган, кўплаб шогирдларни тарбиялаб, ҳофизи Қуръонлар етиштирган Нуруллоҳ қори Исмоилов ушбу масжидга имом-хатиб этиб тайинланди. Нуруллоҳ қори Исмоилов 2015 йил 10 февраль куни ўз вазифасини адо этиш учун Тошкент халқаро аэропортидан Жанубий Кореяга учиб кетдилар.

Масжид фаолларидан Авазхон Олимхон ўғли масжид имоми Нуруллоҳ қори ҳақида шундай дейди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! 2015 йил 11 февраль куни тонгда орзиқиб кутган имомимиз Нуруллоҳ қори акани Инчон аэропортида кутиб олдик, алҳамдулиллаҳ. Ўқиш ёки ишлаш мақсадида хорижда яшаётган фуқароларнинг ўз муқаддас динига эмин-эркин амал қилиб, унинг арконларини адо этиши учун бевосита ёрдам кўрсатган ҳукуматимизга, муҳтарам юртбошимизга, бу улкан хизматга бош қўшган барча азизларимизга, шахсан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ташаккурлар айтамиз.

Нуруллоҳ қори аканинг масжидимизга имом бўлиб келишларини бу ердаги юртдошларимиз шу қадар хурсанд бўлиб, кўтаринки руҳда кутиб олишдики, буни таърифлашдан тилларимиз ожиз. Имомимиз ўз фаолиятини масжид қавмига динимизнинг тамал тоши бўлмиш арконларни ўргатишдан бошладилар. Аввал намознинг шартларини – поклик масалалалари, таҳорат, ғусл каби ибодатларни, сўнгра намоз арконларини ўргана бошладик. Айниқса, намоздаги камчиликларимизни ислоҳ қилишга чақирдилар, таҳорат ва намоз амалларини ҳам айтиб, ҳам кўрсатиб бердилар, банда ўзи билан Робби ўртасидаги муносабатни ислоҳ қилмагунича, яъни намозини бекаму кўст ўқимагунича ҳаётда яхши натижаларга эриша олмаслигини кўп-кўп такрорлаб, эслатиб турдилар.

Айниқса, имомимизнинг жума маърузалари илмга иштиёқманд ёшларимиз учун айни муддао бўлмоқда. Жума маърузаларида юртдошларимизга нафақат фиқҳий ёки илмий кўрсатмалар, балки ижтимоий-сиёсий тушунчалар, халқаро аҳволга оид маълумотлар ҳам бериб борилмоқда. Нуруллоҳ қори ака ўз маърузаларида, жумладан, шундай демоқдалар: «Ватанимизнинг шаънини динда ҳам, одоб-ахлоқда ҳам, тартиб-интизомда ҳам намоён қилишимиз, Жанубий Корея давлатининг қонун-қоидаларини ҳурмат қилишда ҳам бошқаларга ибрат бўлишимиз керак. Шундагина давлатимизнинг обрўини, шарафини ҳимоя қилган бўламиз».

21 февраль куни Пусан марказий масжидининг имоми, маҳаллий корейс халқининг фарзанди шайх Ясирнинг таклифига биноан барча ватандошлар билан учрашув учун тўпландик. Жанубий Кореяда яшаб, ишлаётган, ўқиётган деярли барча ўзбекистонликлар масжидимизнинг очилганидан хабардор бўлиб, ғоятда хурсандлигини айтишган эди. Пусан жомеъ масжидида Ўзбекистондан келган имом-хатиб билан учрашув бўлишини эшитиб, турли шаҳарлардан жуда кўп ватандошлар етиб келишди.

Учрашувда Нуруллоҳ қори 20 дақиқа маъруза қилдилар, сўнг тўпланганларнинг саволларига жавоб бердилар. Айниқса, Сурия ва Ироқдаги ўзини «Ислом давлати» деб атаётган тоифаларнинг қилмишлари ҳақидаги саволларга берилган жавоб кўпчиликка манзур бўлди. Нуруллоҳ қори жавобда Қуръон оятларидан, саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтириб, улар олиб бораётан ҳунрезлик шариатда айтилган жиҳод эмаслигини, уларнинг иши шариатга хилофлиги ҳақида бутун дунё уламолари чиқарган фатволарини айтиб ўтдилар.

Зеро, мусулмон мусулмонни ноҳақ ўлдирса, бу қанақасига жиҳод бўлади? Бегуноҳ қариялар, норасида болаларнинг қони тўкилса, тинч аҳолининг молу мулки тортиб олинса, талон-тарож қилинса, хотин-қизларнинг номусига тажовуз қилинса, бу қанақасига жиҳод бўлади? Айниқса, иорданиялик учувчининг тириклайин ўтга ёқиб ўлдирилгани бутун дунё телеканалларида намойиш этилди. Хўш, динимиз шунга буюрадими? Ахир динимиз одамни ёқиш у ёқда турсин, ҳатто ҳайвону қурт-қумурсқаларни ҳам куйдириб ўлдиришни ҳаром қилган-ку!

Улар фақат динни ниқоб қилиб олиб, ортларида турган буюртмачиларнинг ифлос режаларини пул, мол-дунё учунгина амалга ошираётган нафс бандаларидир. Шунинг учун мусулмонлар, айниқса, ёшлар уларнинг бундай алдовларига учиб, тузоғига илиниб қолмаслиги керак. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло бизни бу дунёда қон тўкиш учун эмас, балки яратган Роббимизга муносиб банда бўлишимиз учун яратганини унутмайлик.

Фурсатдан фойдаланиб, бу ерда истиқомат қилаётган барча юртдошлар номидан мусофирликдаги ҳамюртларига динимизнинг аҳкомларини етказиш учун ҳукуматимизнинг таклифига лаббай деб жавоб берган имом домламизга ташаккурлар айтмоқчиман. Бундай аҳли илмларни ўқитиб, таълим-тарбия берган устозларидан, дунёга келтириб, тарбиялаган ота-оналаридан ўтганларини Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, ҳаётлари соғ-саломат бўлсинлар.

Нуруллоҳ қори акадан устозлари ҳақида сўраганимизда устозлари жуда кўп бўлганини айтдилар, аммо улар орасида шайх Ҳазратларини алоҳида таъкидладилар. Дарҳақиқат, нафақат имом домламиз учун, балки барчамиз учун устоз бўлган шайх Ҳазратларини умрлари узоқ, тан-жонлари соғ бўлсин, эл-юрт хизматида бардавом бўлсинлар.

Динимизга, халқимизга хизмат қилаётган бундай аҳли илмларнинг етишиб чиқишининг асосий сабаби жонажон Ватанимиздаги тинчлик, осойишталик деб биламиз. Жаннатмакон юртимизнинг тинчлик-осойишталиги бардавом бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз».

Бу хайрли тажрибадан бошқа мамлакатларда ўқиётган, ишлаётган ватандошларимиз ҳам ибрат олсалар арзийди. Аллоҳ таоло янги очилган ушбу зиё ва маърифат масканини барчамизга муборак қилсин, фаолиятига ривож берсин, бошқа юртлардаги ватандошларимизга ҳам шундай имкониятлар насиб этсин, мазкур масжиднинг фаолиятига хизмат қилаётган барча азизларимизга қийрот-қийрот ажру мукофотлар берсин!

Эслатма:« islom.uz» порталида ушбу масжид фаолияти ҳақида

келгусида ҳам туркум мақолалар бериб бориш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид мақолалар
Организмда вужудга келган темир танқислиги ҳолати ва унинг ўта камайишидан келиб чиқадиган камқонлик, давоми...

14:02 / 22.11.2016 16086
Бугун интернет тармоқларида эълон қилинган ушбу воқеа бутун Ислом оламини ва мусулмонларни ларзага солди. давоми...

22:56 / 02.02.2017 6899
  Катта кутубхона. Жудаям кўп китоблар иккита бўлимга ажратиб қўйилган. Чап тарафдагиси каттагина, давоми...

18:31 / 14.12.2016 3112