«Хислатли ҳикматлар шарҳи» ҳамда «Амаллар ниятга боғлиқдир» китобининг тақдимоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб навбатдаги янги китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимига «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси ижодий гуруҳи, «Islom.uz» портали ходимлари ҳозир бўлишди. Ташкилотчиларининг таклифига биноан мазкур тадбирга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсун ҳам ташриф буюрдилар.

«Тўхтабой» жомеъ масжиди имомининг ноиби Ҳасанхон Яҳё тақдимот маросимини очиб бериб, Қуръони Карим тиловати ва дуодан сўнг муқаддима қилиб беришни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан илтимос қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур икки китоб ҳақида сўзлаб, аввал шайх Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ал-Ҳикамул Атоийя» китобининг ёзилиш тарихига тўхталиб ўтдилар, руҳий тарбия борасидаги китоблар орасида алоҳида ўрин тутган ушбу китобнинг аҳамияти, унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб бердилар.

Шайх ҳазратлари «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркуми остида чоп этиладиган китобларнинг биринчиси бўлган «Амаллар ниятга боғлиқдир» китоби ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар, Ислом уламоларининг динимизнинг тамал тоши бўлмиш тушунчалар баён қилинган ушбу ҳадисларни шарҳлаш борасидаги фаолиятлари гўзал бир анъанага айлангани, мазкур китоб ҳам ана шу анъананинг давоми экани ҳақида сўзладилар.

Шундан сўнг даврага таклиф қилинган Анвар қори Турсун китобхонларга тақдим қилинаётган ушбу китобларнинг ўзбек диний адабиётида улкан аҳамиятга молик китоб бўлгани ҳақида тўлқинланиб сўзладилар, муаллифнинг халқимизга руҳий тарбия таълимотларини етказиш борасидаги кенг кўламли ижодий фаолиятига баракотлар тиладилар. «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобининг чоп этилиши аввало биз, имомлар учун, диний илмларни халққа етказишга масъул бўлганлар учун ғоятда муҳим воқеа бўлди», – дедилар бош имом-хатиб. – Айнан нафс тарбиясининг, қалбдаги ҳол, мақом каби тушунчаларнинг йўқлиги бугунги кунда бутун Ислом олами учун, айниқса, нотинч ўлкалардаги мусулмонлар учун оғир мусибатдир. Барча камчиликларимизнинг сабаби амалларнинг фақат зоҳирига эътибор беришимиз, ботинидан ғофил бўлишимиз, ушбу китобда баён қилинган буюк ҳикматлардан бехабарлигимиздир. Шунинг учун мен бу китобни ҳар бир мусулмон ўқишини, ўқиганда ҳам шошилмай, диққат билан, ихлос билан ўқишини тавсия қиламан. Айниқса, бу мавзудаги китобларни энди ўқий бошлаганлар аввало шайх ҳазратларининг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобларини ўқишса, у ердаги истилоҳларни тушуниб олишса, ундан кейин бу китобни ўқишса, айни муддао бўлади. Бу китобни ўқиган баъзи аҳли тариқатлар ҳам бизнинг ҳузуримизга келиб, биз тасаввуфнинг моҳиятини ҳали чуқур билмаган эканмиз деб, миннатдорчилик билдиришяпти».

Анвар қори Турсунов навбатдаги китоб – «Амаллар ниятга боғлиқ» китоби ҳақида ҳам мамнуният билан сўзладилар, ният ҳақидаги, ихлос ҳақидаги билимларимиз мукаммал бўлмай туриб, бирор мақсадга эришиш мушкуллигини айтдилар. Имом-хатиб жаноблари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бошқа китобларини, хусусан, «Очиқ хат» ҳамда «Кексаларни эъзозлаш» китобларини ҳам зикр қилиб ўтдилар, уларнинг долзарб аҳамиятга эгалигини, бугунги кун муаммоларининг ечимини топишда беназирлигини айтиб, шу ўринда мазкур китобларни имкон қадар кўпроқ ададда чоп этилиши зарурлигини таъкидлаб, жумладан, шундай дедилар: «Биргина бизнинг жомеъ масжидимизга етти-саккиз минг киши келади. Демак, «Очиқ хат» китобининг чоп этилган адади битта масжиднинг қавмига ҳам кифоя қилмайди. Ваҳоланки, республикада ўттиз бир миллион аҳолимиз бор. Мен истардимки, «Очиқ хат», «Кексаларни эъзозлаш», «Хислатли ҳикматлар шарҳи» каби китоблар эҳтиёжни қондирадиган даражада чоп этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди».

Анвар қори Турсун муаллифга барча китобхонлар, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги барча мусулмонлар номидан ташаккур айтиб, хайрли дуолар қилдилар.

Кейинги сўз навбати «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китоби устида ишлаган таҳририят ходимларининг фикр-мулоҳазалари ўқиб эшиттириш учун муҳаррир Озод  Мунавварга берилди:

«Аввало, фурсатдан фойдаланиб, бу каби улуғ, хайрли ишларга камтарона ҳиссамизни қўшишимизга сабабчи бўлганлари учун муҳтарам шайх ҳазратларига улкан миннатдорчилик билдирамиз, бизга бу қадар масъулиятли ишда иштирок этиш бахтини насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз.

Шайх Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-ҳикамул атоийя» китобларига муҳтарам шайх ҳазратлари томонидан ёзилган «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китоби нафақат ўзбек китобхонлари учун, балки китобни нашрга тайёрлашда иштирок этган барча ижодий ходимлар учун ҳам улкан воқеа бўлди, руҳоний озуқа, латиф ишоралар, қисқа ва теран маъноли иборалар манбаи, ибрат ва сабоқ бўлди. Айниқса, муҳаррир ва мусаҳҳиҳларимиз учун ўзига хос маҳорат мактаби ҳам бўлди.

Муҳаррирларимизнинг эътироф қилишича, ушбу китоб устида ишлаш, уни ўзбек адабий тили меъёрлари асосида таҳрир қилиш аввалги барча китобларга қараганда ғоятда қийин, машаққатли ва айни пайтда завқли бўлди. Дастлаб «Тасаввуф ҳақида тасаввур», сўнгра «Ҳадис ва ҳаёт» туркумининг нафсни поклаш мавзусига оид жузлари ва ниҳоят, «Руҳий тарбия» асарлари устида ишлаш давомида ижодий гуруҳ ходимларининг ботиний фиқҳга оид билимлари, тасаввурлари, тушунчалари анчагина шакллангандек эди. Бироқ «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китоби Ислом динимизнинг бепоён илм уммони эканини яна бир бор исботлади, зеро шу пайтгача билганларимиз денгиздан бир томчи экани маълум бўлди.

Дастлаб ҳикматларнинг матни бироз ғализдек туюлди. Бироқ муаллиф бугунги куннинг воқеълиги, китобхоннинг дунёқараши ва савиясини ҳисобга олиб, бу ҳолатни аввалдан кўзда тутган экан. Китобнинг муқаддимасидаёқ бу ҳикматлар дастлаб ана шундай тушунарсиз туюлиши мумкинлиги, уларни қайта-қайта, диққат билан ўқиб, шарҳларини чуқур  мушоҳада қилиб кўрилса, унинг замиридаги теран маънолар аста-секин зеҳнга сингиб бориши айтиб қўйилган экан. Шунинг учун иш жараёнида тушунмаган жойимизга белги қўйиб, аста-секин давом этиб боравердик. Ҳақиқатдан ҳам, иккинчи, учинчи марта қайта-қайта ўқиганимиздан сўнг ушбу улуғ ҳикматларни аста-секин тушунгандек бўлдик. Аввал қийин, тушунарсиз бўлиб кўринган бу маънолар аслида ғоятда осон, лўнда экани маълум бўлди. Муаллиф ҳар бир ҳикматни осон ва равон тилда, ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берган. Кўпгина ҳикматларни ўқиганимизда уларнинг шарҳида келтирилган ояти карималарнинг, ҳадиси шарифларнинг аввал эътибор бермаган нозик нуқталарини, дақиқ ишораларини ўзимиз учун янгидан кашф этдик.

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» асари ҳозирги кунда нафсни поклаш, ахлоқни сайқаллаш, яъни руҳий тарбия илми ҳақидаги, тасаввуф ҳақидаги баъзи нотўғри тушунчаларни ислоҳ қилишда ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Биргина мисол. Шайх Атоуллоҳ Сакандарий шариат ва тариқат илмининг имоми, икки мазҳабнинг – моликий ва шофеъий мазҳабларининг муфтийси бўлган эканлар. Мана шу тарихий, илмий далилнинг ўзи тасаввуфнинг моҳиятини, тариқат аҳлининг ҳақиқий сиймосини очиб беради. Демак, тасаввуф аҳли аввало шариат илмининг билимдони бўлиши керак экан.

Муаллиф муқаддимада «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобини икки оғиз сўз билан таърифлаб берган: бу китобда Аллоҳ таолога ҳамда бутун оламга нисбатан инсоннинг ички дунёси қандай бўлиши лозимлиги Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара асосида баён қилинган.

Китобда муаллифнинг Китоб ва Суннатдан, исломий илмлардан олган хулосалари ғоятда юксак балоғат ва фасоҳат билан ифодаланган бўлиб, бу эса шайх Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг барча шаръий илмларда пешқадам ҳамда буюк адиб эканидан дарак беради.

Бинобарин, китобхонларимизни бу илоҳий ҳикматлар бўстонига ташриф буюриб, у ерда гўзал маънолар сайлидан баҳраманд бўлишга таклиф қиламиз. Бу каби улкан илмий асарлар ўзбек диний адабиёти қайта тикланиб, шаклланиб бораётган ҳозирги кунда жуда муҳимдир, чунки бундай китоблар китобхоннинг савиясини ошириб, нафақат зоҳирий фиқҳ, балки ботиний фиқҳни ҳам тушуниш даражасига юксалтиради».

Шундан сўнг «Амаллар ниятга боғлиқдир» китобининг тақдимотига навбат келди. «Тўхтабой» жомеъ масжиди имомининг ноиби Ҳасанхон Яҳё мазкур китоб ҳақида сўзлаб бериш учун муҳаррир Нодирбек Хидировга навбат берди. Нодирбек Хидиров ҳамду сано ва салавотлардан сўнг «Амаллар ниятга боғлиқдир» китобининг тақдимот юзасидан қуйидагиларни сўзлаб берди:

«Инсоният тарихида ҳаёти ва ҳар бир сўзи оммавий равишда ва кўпчилик томонидан тўла-тўкис, мукаммал ўрганилган яккаю ягона шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётлари ҳам барча тафсилотлари билан тўла-тўкис ўрганилиб, ривоят қилинган.

Ислом дини энг мукаммал дин бўлгани, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олгани учун ушбу соҳаларнинг ҳар бир жабҳасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлиши керак эди. Бошқача қилиб айтганда, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, бутун инсониятга кўрсатишлари лозим эди. Амалда шундай бўлди ҳам.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан узлуксиз бирга юришар ва у Зотдан содир бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик билан ёдлаб олишар ва ривоят қилишарди.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларни шунчаки ҳою-ҳавас, гап-сўз учун қабул қилмаганлар. Улар, энг аввало, бу нарсаларга амал қилишни кўзлаганлар. Қолаверса, бошқаларга етказиб, уларни ҳам амалга чорлашни мақсад қилганлар.

Азиз ва муҳтарам китобхонлар! «Ҳилол нашр» нашриёт матбаамизда чоп этилган янги китоблардан бири устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркумига кирувчи «Амаллар ниятга боғлиқдир» китобидир. Ушбу китоб мазкур ҳадиснинг муфассал ва кенг қамровли шарҳидир. Бу ҳадисни деярли барча ҳадис тўпламларининг муаллифлари ривоят қилишган. Ҳадиснинг муттафақун алайҳ бўлган матни қуйидагича:

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулигадир. Кимнинг ҳижрати эришмоқчи бўлган дунёси учун ёки уйланмоқчи бўлган аёли учун бўлса, унинг ҳижрати ана шу учундир».

Ушбу ҳадис лафзи эмас, маъноси мутавотир бўлган ҳадислардан бўлиб, динимизнинг асли, ўзаги ва асосий қоидасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда «Жамловчи калималар ила юборилганман», деганлар, яъни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оз иборалар ила кенг маъноларни баён қилиш хусусиятини берган. Ушбу ҳадис ҳам оз иборалардан ташкил топган бўлса-да, кўп ва кенг маъноларни қамраб олган.

Шунинг учун Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадис ҳақида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ичида бу ҳадисчалик жамловчи, пурмаъно ва кўп фойдалиси йўқ», деган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: «У Исломнинг учдан биридир», деган, чунки банданинг савоб касб қилиши уч нарса – дили, тили ва аъзолари орқали бўлади. Бу ҳадисда эса дил (қалб) орқали бўладигани тўлиқ баён қилинган. Қолаверса, дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амал ҳисобланиб, унинг ўрни қалбдир.

Имом Шофеий раҳматуллоҳу алайҳ бу ҳадис ҳақида «Илмнинг ярми шу ҳадисда», деганлар.

 Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсоннинг дини учун ушбу тўрт ҳадис кифоя қилади:

«Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир».

«Бирортангиз токи ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди».

«Кишининг Исломи гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир».

«Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» деган ибора ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсак. «Мадор» сўзи араб тилида бир нарсанинг ўз ўқи атрофида айланиш доирасига ишлатилади. Шу билан бирга, бу сўз «ўзак», «асос», «ғолиб», «қоида» каби маъноларни ҳам англатади. Мазкур ҳадиси шарифларнинг «Исломнинг мадори» деб аталиши уларнинг Исломнинг асосини, ўзагини, ғолиб таълимотлари ҳисобланган маъноларни ўз ичига олгани учундир.

Бу ҳадиснинг буюклигига, шаъни улуғлигига, саҳиҳлигига, фойдаси ниҳоятда кўплигига барча иттифоқ қилган. Уни кўпчилик уламолар ўз китобларининг аввалида келтиришни мустаҳаб билганлар.

Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ини айни шу ҳадис билан бошлаган ҳамда китобнинг бир неча ўринларида такрор-такрор келтирган. Имом Муслим ҳам ушбу ҳадиси шарифни ўз «Саҳиҳ»ида келтирган.

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ҳадис илмнинг етмиш эшигидан киради», деган.

Абдурраҳмон ибн Маҳдий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Ҳар бир мусанниф ўз ўқувчисига ниятни тўғри қилиш ҳақида танбеҳ бўлиши учун ушбу ҳадисни китобининг аввалида келтириши лозимдир», деган.

Ушбу ҳадис ният, унинг аҳамияти ва фазлини баён қилиб, банда қилган ёки қиладиган тоат-ибодатларнинг қабул бўлиши ниятнинг тўғрилиги ва саломатлигига боғлиқ эканини таъкидлаган.

Энди китоб ҳақида қисқача тўхталсак. Китоб муқаддимадан сўнг ҳадиснинг муфассал шарҳи билан бошланади. Муҳаддис уламоларнинг одатларига кўра, шарҳ ҳадисни Расулуллоҳдан ривоят қилган саҳобий – Умар ибн Хаттобнинг қисқа таржимаи ҳолидан бошланган. Сўнг ҳадиснинг лафзлари бирма-бир шарҳланиб, ниятнинг турлари, руҳий тарбия илмида ният масаласи, «ният» сўзи ўрнига баъзида «ирода», «ибтиғо» ва «ихлос» сўзлари ишлатилиши ва унинг мисоллари ҳамда ихлоснинг моҳияти баён қилинган. Шунингдек, фиқҳ илмида ният масаласи ҳақида сўз юритилган. Китобдаги яна бир диққатга сазовор нуқта шуки, ушбу ҳадисдан олинган «Ниятсиз савоб йўқ», «Ишлар мақсадларига кўрадир» каби умумий, яъни куллий қоидалар ва фиқҳда улар татбиқ қилинган ўринлар ҳақида батафсил сўз юритилган».

Тақдимот сўнгида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур асарларнинг нашр этилишида хизмат қилган барча ижодий ходимларга, босмахона меҳнат жамоасига ташаккур айтиб, китобхонларимиздан хайрли дуолар қилишни илтимос қилдилар.

muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvnIXfuPjxgEMfeatureyoutu.beembed

17:37 / 04.09.2018 2897
Йигирма олтинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма олтинчи кун. Биласизларми бугундан эртага ўтар давоми...

19:57 / 22.06.2017 16970
Хотин эрининг ҳар бир амрига итоатда туради, унинг гуноҳ бўлмаган ишларини ва топшириқларини сўзсиз давоми...

21:17 / 02.06.2023 1802
Икки киши саёҳат қилиб юриб, бир ғорга дуч келибди. Ичига кириб қарашса, кумуш эшик бор экан. Эшикни очиб, давоми...

16:20 / 28.12.2016 3784