БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНИ

Муҳтарама мухлисалар! Сизнинг эътиборингизга қория Гита Резаханова билан олиб борилган суҳбатни тақдим этамиз. Аввалги йилги хабаримиз орқали ушбу қаҳрамонимизнинг қориялик шарафига эришганлари ҳақида ўқиб, яна бир бор танишиб олишингиз мумкин.

 

Muslimaat: Ассалому алайкум ва рохматуллоҳ! Гита хоним, Рамазон муборак бўлсин. Карантин вақтида нималар билан банд эканингиз кўплаб муслималар учун қизиқ деб ўйлайман. Шу ҳақда қисқача айтиб берсангиз.

Гита Резаханова: Ва алайкум ассалом ва рохматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар бўлсин!

Аввало сизлар билан ҳамсуҳбат бўлганимдан хурсандман, ташаккур! Саволга ўтсак: карантин вақтида кўпроқ Қуръон тиловати билан бандман, Аллоҳнинг каломидан ҳеч ажрагим келмайди. Энг севимли ишим – Қуръондан дарс бериш. Ҳозирда тасҳиҳ билан ва аёл-қизларга онлайн дарс бериш билан, бундан ташқари, араб тилини ўрганиш билан машғулман.

Muslimaat: Муслималарга мана шу кунларда қандай тавсиялар берасиз?

Гита Резаханова: Аллоҳ таоло бизга хатоларимизни тузатиш учун ва Қуръон тиловат қилиш учун айнан ҳозир, шу муборак ойда барча имкониятларни берди. Агар сиз Қуръон ўқий олмасангиз, унда ўрганиш ва ривожланиш  вақти келди.

Бу борада муҳтож бўлганларга қўлимиздан келган ҳар қандай ёрдамни аямай, бирлашишимиз керак.

Muslimaat: Карантинли Рамазонни қандай қабул қилдингиз?

Гита Резаханова: Ўзимизни тарбия қилиш, яхши тарафга ўзгариш ва Аллоҳ билан ёлғиз қолиш учун ғанимат фурсат деб қабул қилдим.

Muslimaat: Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? (Қаҳрамонимиз бош миясида ўсимта бор экан)

Гита Резаханова: Нолимайман, алҳамдулиллаҳ.  Онам менга синовларни қандай қарши олишни ўргатган. Саратон хасталиги ҳаётимга таҳдид қилса ҳам, Аллоҳ таоло мен билан бирга, Қуръон тиловати хамма ташвишимни унуттиради. Албатта, шифо сўраб сабабларини қиляпмиз, сизлардан ҳам ғойибона дуоларингизни сўрайман.

Muslimaat: Қуръонни ёдлаш осон эмаслигини ва ҳар кимга ҳам насиб этмаслигини жуда яхши биламиз. Шу боис бардавомликка эришиш учун қандай усуллардан фойдаланганингиз ҳақида қисқагина йўл-йўриқ тарзида маълумот берсангиз.

Гита Резаханова: Ҳар ким ўзи учун усул танлайди, мен танлаган усул бошқаларга тўғри келмаслиги мумкин. Ҳар бир инсон турли қобилиятга эга бўлганлиги боис, қабул қилиши ва тушуниши ҳар хил бўлади. Аммо ҳамма учун баробар фойдали усул – бу ёдлаган ҳар бир оятни ёзиш.

Muslimaat: Айнан Қуръон ёдлаётган дамларингизда қалбингизда кечадиган ҳис-туйғулар билан ҳам ўртоқлашсангиз.

Гита Резаханова: Албатта, юрак-юрагимдан қувонганман. Аммо қўрқув бор эди: унутишдан ва жавобгарликдан...

Muslimaat: Араб тилини билмаган одам Қуръон ўқишга, ёдлашга киришган бўлса, унга қандай тавсиялар берасиз?

Гита Резаханова: Мен ҳам арабчани билмайман. Аммо бу мени тўхтатмади. Олдинга ҳаракат қилинг ва тўхтаманг. Қуръонда нима ёзилганини тушинишга ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун тафсирларга мурожаат қиламиз ва араб тилини ўрганамиз.

Muslimaat: Ўзингизга Қуръон ёдлаш учун кундалик вазифа қилиб белгилаб олганмисиз?

Гита Резаханова: Ҳа. Ҳозир ҳам ёд олганларимни мустаҳкамлаш билан машғулман. Бу иккинчи ҳифз деб номланади, яъни такрор. Шунинг учун ҳар куни икки ёки бир жуз ўқийман ва бир варақдан такрорлайман. Агар менда бирор оятда хато бўлса, ана шу оятларни 50 мартадан ёзаман ва ҳар бир саҳифани қайтадан 50 мартадан ўқийман. Аммо яна хатосиз топшира олмасам, қайтадан 50 марта ўқийман. Ва асосийси, ёдлаганларимни намозга қўшаман. Буни ҳаммага тавсия қиламан.

Muslimaat: Сизнинг илм олишингизда Онажонингизнинг ўрни беқиёс бўлса керак. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.

Гита Резаханова: Онам учун Аллоҳга шукр қиламан. У менинг дунёга келишимга сабаб бўлган. У бизнинг ҳамма каби яшашимиз учун қўлидан келганини қилди. Ҳар доим бизнинг ҳуқуқларимизни ҳимоя қилди, илм олишимиз учун барча қаршиликларни енгди. Ногиронлик – бу қўл қовуштириб ўтириш керак, дегани эмас. Кўп ота-оналар шу ерда хато қилади. Онам бизга биз унга кераклигимизни, унинг ҳаётида бизнинг ўрнимиз борлигини кўрсата олди. У менинг ҳақиқий қаҳрамоним...

Muslimaat: Илмни игна билан қудуқ қазишга қиёслашади. Сизнинг ҳаётингизда бу машаққат бир неча баробар кўпроқ бўлгани шубҳасиз. Сиз уларни қандай қилиб енггансиз?

Гита Резаханова: Албатта, бунда онам бизга ёрдам берди. У бизни жуда кучли қилиб тарбиялади, биз ногирон эмаслигимизни, асл ногиронлик ақлда, юракда бўлишини сингдирди. Аллоҳ берганига қаноат қилишга ўргатди. Динни ҳаётимизга татбиқ қилишимизга ва Қуръонга шайдо бўлишимизга сабаб бўлди.

Muslimaat: Гита, сиз ва онангиз қишлоғингизда имконияти чекланганлар учун марказ очишга муваффақ бўлганингиздан хабаримиз бор, бу марказнинг фаолиятига қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Гита Резаханова: Бу Зитанинг орзуси эди. Онам Аллоҳ таолонинг иродаси билан буни амалга оширди. Бу ерда ногиронларга, даволанишга муҳтож бўлган боқувчиси йўқ беморларга ва шунга ўхшаш ҳар бир ёрдам сўраган муҳтожларга ёрдам берамиз. Ҳозирда онам шу марказнинг номидан тўпланган пулларга озиқ-овқат етқизиб бериш билан машғул.

Muslimaat: Баъзи опа-сингилларимизга Қуръон ўқишни ўрганиш ҳақида гап очсангиз, бунинг қийинлигини  айтишади ёки бошқа баҳоналар билан ўрганишга ҳаракат ҳам қилишмайди. Сиз уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

Гита Резаханова: Агар одамда ёдлаш ёки ўқиш нияти бўлмаса, маслаҳатлар кор қилмайди. Шундай бўлса ҳам, ожизона фикримни айтай: ёдлаш ё ўқишдан қўрқмаслик керак. Ҳар доим Аллоҳнинг мукофотини эсланг. Ҳар бир ҳарф учун биз камида ўн савоб оламиз. Энди бир саҳифани ўқиб, қанча савоб олишингиз мумкинлигини ўйланг. Тасаввур қилдингизми? Энди кечиктирмасдан, бу мукофотни олишга интилинг.

Muslimaat: Раҳмат. Қимматли вақтингизни ажратиб, биз билан самимий суҳбатдош бўлганингиз учун сизга ташаккур. Аллоҳ таоло дардингизга комил шифо берсин. 

Forum.muslimaat.uz аёл-қизлари ҳамда 

Бибиражаб суҳбатлашди.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон давоми...

11:58 / 09.11.2017 5189
gallery ids29720,29719,29718,29716,29717,29715 Куни кеча Тошкент 18 гуруҳи Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ давоми...

11:49 / 26.08.2017 3775
Иккинчи мактуб. Сизни соғиндим, Ё Расулаллоҳ Ё Расулаллоҳ Аллоҳдан Сизга мукаммал саловоту дурудлар давоми...

12:48 / 08.12.2016 4312
Йигирма учунчи кун... Ассалому алайкум Бугун Рамазоннинг йигирма учинчи куни. Тезда ўтиб кетаётган бу давоми...

14:02 / 18.06.2017 3084