Румайсо розияллоҳу анҳо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

РУМАЙСО РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО

Румайсо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга жаннатда Абу Талҳанинг аёли Румайсо кўрсатилди», дея жаннатий эканлиги башорат берилган мадиналик ансория аёлдир. Куняси – Умму Сулайм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари Мадинаи Мунавварага етганда Румайсо розияллоҳу анҳо биринчилардан бўлиб иймонга келган эди. У аёл Хазраж қабиласининг Бану Нажжор уруғидан бўлиб, бу уруғнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга она тарафидан қариндошчилик ришталари бор эди.

Румайсо розияллоҳу анҳо дастлаб мадиналик Молик ибн Назир деган киши билан турмуш қурган. Бу турмушларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ходимлик, ҳам боқма фарзандлик, ҳам шогирдлик қилиш бахтига мушарраф бўлган, энг узоқ умр кўрган машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳо дунёга келган. Шундан кейин оддий бир муслима сифатида яхшиликлар тилаб, эри Молик ибн Назирга Исломни таклиф қилганида у хотинидан қаттиқ ғазабланди, оиласини ташлаб, Шом ерларига кетди ва кўп ўтмай, ўша ерда вафот этди.

Эрининг вафотидан сўнг Румайсо розияллоҳу анҳога оғир кунлар бошланди. Чунки энди оила ташвиши ва фарзандининг нафақаси аёл боши билан ўзига қолган эди. У «Ўғлим Анас улғайиб, балоғатга етмагунча турмушга чиқмайман», дея аҳд килди. Чунки агар турмушга чиқсам, ўгай ота ўғлимнинг тарбиясига эътибор бермаслиги мумкин, деган андишаси бор эди.

Румайсо розияллоҳу анҳо ягона фарзандига чиройли одоб бериб тарбиялади. Анас розияллоҳу анҳу шундай гўзал одоб соҳиби бўлиб улғайдики, ёшлигидан бошлаб онасининг ҳаққига «Ё Аллоҳ, онам менга чиройли тарбия берди. Ўзинг унга улуғ ажр-савоблар бергин!» деб доимо Роббисига ёлвориб дуо қилар эди. Румайсо розияллоҳу анҳо ўғли Анасни тарбиялар экан, унинг мурғак қалбига Ислом дини таълимотларини гўзал тарзда қуйиб борар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида барча мадиналик ансория аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар хил совға-саломлар билан чиқишса, бу доно аёл ўғилчаси Анас ибн Молик розияллоҳу анҳони олиб борди ва у Зотга: «Эй Расулуллоҳ, мадиналик аёл ва эркаклар сизга совғалар, турли хил туҳфалар билан келишмоқда, менда эса ҳеч нарса йўқ, мен бу нарсага қодир эмасман. Бироқ мана бу ўғлимни сизнинг хизматингизга олиб келдим, ўғлим сизга ҳам ўғил, ҳам ходим, ҳам шогирд бўлсин, маъқул келганича хизматингизни қилсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳадялар ичидаги энг гўзал ҳадя мана шу бўлди», дедилар. Чунки  у Зот алайҳиссалом болаларни жуда ҳам яхши кўрар эдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳога нубувват хонадони энг гўзал тарбия мактаби бўлди, унга Сарвари Коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳакда Анас розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мен 10 ёшда эдим. Бир куни онам қўлимдан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордилар ва у Зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Шаҳримизда ташрифингизни қутлаб, совға-салом ила келмаган эркак ё аёл қолмади. Сизга бошқа совға беролмайман, шу ўғлим Анас сизга маъқул келганича хизматингизни қилсин», деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. У Зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар, ҳатто бирор марта қовоқларини солиб ҳам қарамадилар».

Анас розияллоҳу анҳунинг ёшлигида Румайсо розияллоҳу анҳога Мадинанинг обрўли ва бой, аммо ҳали мусулмон бўлмаган бир кишиси совчи юборди. Румайсо розияллоҳу анҳо қилган аҳдини билдириб, унинг совчисини рад этди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳо улғайиб, вояга етганида Абу Талҳа яна совчи қўйиб: «Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган ва сўз айтадиган бўлди», деб олдинги таклифини эслатди. Румайсо розияллоҳу анҳо унга: «Эй Абу Талҳа, мен сен билан турмуш қурардим, чунки сен насаби тоза, обрўли кишисан, аммо афсуски, сен билан менинг ўртамизни тўсиб турадиган бир нарса бор, усиз ҳеч бир мақсадлар рўёбга чиқмайди», деди. «Бунинг сабаби нима?» деб сўради Абу Талҳа. «Сен мушриксан, мен эса муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас», деб жавоб қилди. Абу Талҳа:«Бу қандай ҳам нолойиқ гап, эй Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёқда-ю, сенинг айтаётган бу гапинг қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр», деди. Румайсо розияллоҳу анҳо жиддий туриб: «Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, ёғочга ибодат қилишдан уялмайсанми?! Агар сен Исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлсин. Менга бошқа нарса керак эмас!» деди.

Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сарполарига, маҳрга бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эътибор беришар эди. Аммо қалби иймон нури ила тўлиб-тошган буюк саҳобия аёл Румайсо розияллоҳу анҳо бу борада аёл зотига гўзал ибрат қолдирдики, мазкур ҳолат то қиёматга қадар Ислом оламида ўчмас олтин сатрларда битилган намуна бўлиб қолди. Румайсо розияллоҳу анҳо ўзининг келинлик учун маҳр сифатида олинадиган бойликларини ўзга бир инсоннинг иймони учун «қурбон қилиши», бу жасорат ва шижоати Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб топа олмади ва жавоб топиш ҳам амри маҳол эди. Аллоҳ таоло беқарор давлат, ўткинчи шараф соҳиби бўлган Абу Талҳага бир аёлни Роббисини танишига, иймондек буюк неъмат соҳиби бўлишига, бир сўз билан айтганда, ҳидоятга тушишига сабабчи қилди. Абу Талҳа: «Менинг Исломимга ким гувоҳ бўлади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари гувоҳ бўладилар. «У кишига бориб айт», деди Румайсо розияллоҳу анҳо.

Шундай қилиб, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мусулмон бўлди. У Зотга Румайсо розияллоҳу анҳонинг сўзларини айтди. Шу вақтнинг ўзидаёқ ўша шартга мувофиқ Абу Талҳа билан Румайсо розияллоҳу анҳонинг никоҳлари ўқилди.

Румайсо розияллоҳу анҳо қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсалар, ўғли Анас розияллоҳу анҳунинг ҳақларига дуо олар эдилар. Кунларнинг бирида Румайсо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: «Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг», деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Парвардигоро! Анаснинг молига, болаларига ва яна ўзинг инъом этган бошқа неъматларингга барака бер», деб дуо қилдилар. Шу дуонинг ижобати туфайли Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу узоқ умр кўрди. У зотнинг фарзандлари, набираларининг сони юздан ошиб кетди.

Румайсо розияллоҳу анҳо Абу Талҳа билан бахтли ва саодатли ҳаёт кечирар эди, бу борада Аллоҳ таоло у иккисига кўз қувончи ва дил севинчи бўлган ўғил фарзанд неъматини ато этди. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини бу ўғлонсиз тасаввур ҳам қила олмас эди. Ўғилчаси тўсатдан касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳани эсанкиратиб қўйди, у кўчада ўз ишлари билан юрар экан, уйига келган заҳоти ўғлининг ҳолидан хабар олар эди. Шу зайлда давом этаётган кунларнинг бирида ажал бу масъум гўдакни уларнинг бағридан юлиб олди. Ана шу вақтда Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эди. Шўрлик онаизор кўзининг оқу қароси, юрагининг бир парчасини йўқотди! Ҳаммага маълумки, бундай вақтда оналар бу аламга бардош бера олмай, доду фарёд соладилар, ўзларини кўтариб урадилар. Румайсо розияллоҳу анҳо шундай аламли онларда ҳам бутун аёлларга дарс ва намуна бўладиган гўзал сабр соҳибаси эканини кўрсатди. Ҳали жаннат ҳиди кетмаган гўдакнинг юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, кейин уни ювиб, кафанлади, хушбўй нарсалар сепди ва боланинг гулдек юзларига боқиб, оналик меҳри жўшиб, кўзларидан аччиқ-аччиқ ёшлар тўкди. Меҳрибон отаси Абу Талҳа келишидан олдин боланинг устига чойшаб ёпиб қўйди. Сўнгра ўғли Анас розияллоҳу анҳуга укасининг вафоти ҳақида отасига ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди. Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Румайсо розияллоҳу анҳо: «Ўғилчамиз ухлаб қолди. Худодан сўрайманки, шояд, шу уйқуси роҳатли бўлса», деб ёш ва ғамли кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан бола соғайиб қолибди, деб гумон қилди.

Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Биргалашиб ифтор қилишди. Тун кирди. Шунда ҳам бу сабрли солиҳа аёл маҳзунлигини билдирмади. Хушбўйланган ва зийнатланган ҳолда эрининг ёнига кирди ва кечани бирга ўтказишди. Тонг отгач, эри масжидга отланар экан, Румайсо розияллоҳу анҳо аста-секин гап бошлади:«Эй Абу Талҳа, агар бир киши бировдан омонат олса, сўнг уни эгасига қайтармасликка ҳаққи борми?» деб сўради. «Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермайман, дейишга асло ҳаққи йўқ», деб жавоб берди эри. Румайсо розияллоҳу анҳо мақсадга ўтди: «Аллоҳ таоло  бизга омонатга ўғил берган эди. Энди эса ана шу омонатини қайтариб олди», деди. Абу Талҳа: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» («Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва яна Унинг ҳузурига қайтамиз»), деди. Бошқа ҳеч қандай сўз айтолмади, қандайин ҳам сўз айта олсин?! Чиқиб, тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Намоз ўқиди ва кеча шомда ўғли вафот этгани, ўзи эса кечани аёли билан ўтказганини айтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Парвардигоро! Буларнинг бу кечасини баракотли қилгин», деб дуо қилдилар. Сарвари Коинотнинг ушбу дуоларига осмон эшиклари очилди. Жаннат райҳони бўлмиш гўдакларини йўқотган бу зотларга меҳрибонлардан-да меҳрибон бўлмиш Роббул ъаламин Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани ато этди. Абдуллоҳга эса тўққизта фарзанд берди, буларнинг барчаси ҳофизи каломуллоҳ бўлди. Булардан тўнғич ўғли Исҳоқ ибн Абу Талҳа эса буюк фақиҳ даражасига етди. Буларнинг барчаси онанинг гўзал сабри, эрига итоати ва мусибатга сабрли бўлиши ҳамда Аллоҳнинг Расули дуоларининг баракотидан эди.

Ушбу саҳобия аёлнинг ҳаёти биз, аёлларга дунё ва охират саодати сари ойдин йўлни кўрсатиб турувчи нурли бир тарихдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Жаннат оналар оёғи остидадир», деб марҳамат қилганларида ана шундай сабрли, пок аёлларни назарда тутганлар. Она юртимизни ер юзига танитган Исмоил Бухорий, Термизий, Насафий, Замахшарий, Бурҳониддин Марғилоний, Фарғоний каби зурриётларни дунёга келтирганлар ҳам мана шу каби мўътабар оналардир. Барча оналар соғ ва омон бўлишсин, маънан пок ва юртига садоқатли фарзандлар тарбиялашда Аллоҳ барчамизга куч-қувват ато этсин.

«Нисо ас-солиҳат» китобидан

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта-махсус Ислом билим юрти мударрисаси

Пошшахон ЭШОНХОН қизи таржимаси.

   
Мавзуга оид мақолалар
ТУҒАДИГАН КИМ ТУҒАДИГАН КИМ Иккинчи мактуб ОИЛА фарзандлардан бошланади. Александр ГЕРЦЕН Ассалому давоми...

09:28 / 24.03.2017 3748
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу тунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан бирга кўринишини ўзгартириб, Мадина давоми...

14:08 / 15.12.2016 3141
Москванинг Тверь район суди мусулмонларни ва севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат давоми...

10:02 / 02.12.2016 3409