Энг ёмон душман – ғафлат, азизлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг бошига келса мусибат, Бунга сабабчи ўзимиз, албат. Очиқ бу кўзлар ибрат кўрмаса, Ғийбатга чечан тил сано билмаса,

Саждага шошмаса азиз пешона, Бандаликдан бўлмаса танда нишона, Демакки, бу танда ғафлат ҳукмрон. Вақтики чеккай бу тан пушаймон.

Энг ёмон душман – ғафлат, азизлар. Ғафлат билан ёпилгай қалбдаги кўзлар. Ғафлат сабаб надомат ортади билсак. Ҳасадлар кучаяр ғафлатда юрсак.

Аслида бир соат экан бу дунё. Яшармиз биз унда бўлиб маҳлиё. Эртага кўчмоққа келганда фурсат. Ғафлат бошинг узра келтирар кулфат.

Бугун ғафлатдамиз, гуноҳлар бисёр. Ғафлатда яшадик, бўлмадик хушёр. Бировга қилмадик зарра яхшилик. Қанча инсонларга роса сапчидик.

Сийлаи раҳмни унутган онлар, Биздан озор кўрди қанча ёронлар. Озмикин қўшнига озор берганлар. Бировнинг ҳаққини қўрқмай еганлар.

Ғафлат сабаб тоатни унутган инсон, Ўйларсан сен:«Ҳали кўп эрур имкон». Ҳар куни эртага суриб тоатни, Қиёматга қўярсан ул ибодатни.

Унутма: умринг елдек ўтади. Сенга ҳам бир куни навбат етади. Тепангда Азроил келса ушбу он, Ғафлатда ётарсан сен бўлиб хайрон.

Минг оҳ билан ётарсан, чекиб надомат. Афсус, кеч, сенга келди қиёмат. Унутдинг Ҳаққа банда бўлганинг. Унутдинг дунёга нега келганинг.

Тинчлик-омонликда, соғу саломат. «Неъматларга шукр», деб қилмай ибодат. Нолирмиз кимларга айлаб шикоят. Ношкурмиз, азизлар, биз бениҳоят.

Ғафлатдан уйғониб боқинг дунёга. Қанча юртлар вайрон, зордир зиёга. Озми тинчликни унутган юртлар?. Озми она юртни сотган манқуртлар?.

Бир ютим нонга зор бандалар. Тинчлик сўзин унутган, хор бандалар. Барчасин кўриб биз ибрат олайлик. Тинчлик учун Аллоҳга шукр қилайлик.

Инсон ўзи асли унутувчикан. Билиб-билмай хатога қўл урувчикан. Тавбага шошса қайсики банда, Аллоҳ ул бандани қалмас шарманда.

Ҳар бир банданинг орзуси жаннат. Чин тавба эгаси жаннатий, албат. Ғафлатдан уйғонинг, тавба қилингиз. Ҳар дам яхшиликка калит бўлингиз.

«Умрим ҳали узун»,деб ўйламанг зинҳор. Ҳар битта нафасда ҳисоб-китоб бор. Ҳаттоки оғзингга солган луқмани, Насибанг бўлмаса гумон ютмоғи.

Битта ҳикоят айтай азизлар. Ибрат олса ёш-қари, ўғилу қизлар. Алломаи замон, ҳужжатул ислом. Имом Ғаззолийда келмиш бу калом.

«Мукошафат-ул қулуб» китобларида, Келтирмиш бу қиссани хитобларида. Демишки: Пайғамбар Яқуб ҳазратга Ҳазрати Азроил ила бўлар суҳбатда.

Биродарлардек суҳбат қиларди, Бир-бирини яқин дўст деб биларди. Азроил зиёратга келди бир куни. Ҳазрати Яқуб Ундан сўради шуни.

Ўлим фариштаси келди фалакдан, Ҳазрати Яқуб сўрар малакдан: «Зиёратга келдингми ё жон олгани?» Деди:«Келдим Мен дўстни кўргани».

«Сендан бир талабим бор»,деди Ҳазрат. «Не экан у?» сўради, қилдилар суҳбат. «Вақтики ажалим яқин келганда, Бу омонат жонимни олмоқ бўлганда,

Менга сал олдинроқ хабар берсангиз, Кетар соатимни хабар қилсангиз». Ўлим фариштаси:«Жуда соз дўстим, Икки ё уч хабарчи бергум».

Бул суҳбатдан сўнг ўтди бир оз вақт, Келди Ҳазратга сакаротул-мавт. Ҳазрати Азроил яна келдилар. Ҳазрати Яқуб савол сўрдилар:

«Зиёратга келдингми ё жон олгани?» Деди: «Келдим жонингни қабз қилгани!» Ҳазрати Яқуб бўлдилар хайрон, Наҳотки дўсти айлади вайрон.

«Ахир сен хабар бермоқчи эдинг! «Икки ё уч хабарчи юборгум», дединг... Қани сени менга хабар берганинг? Мени бу соатдан огоҳ қилганинг?»

Ўлим фариштаси айтдилар шу дам: «Мен айтганим қилдим, гувоҳдир Эгам. Биринчи хабарим бўлдики шундай, «Олдин қора сочларинг, оқарди қордай .

Кучли эдинг аввал, қувватдан қолдинг , Бу иккинчи хабарим, буни ҳам олдинг. Қаддинг олдин тик эди, энди букилди , Учинчи хабарчи шундайин келди.

Эй Яқуб, мана шу учта нарсада, Хабарим бордир ҳар бир кимсада. Ўлимдан олдин барча инсонга, Хабаримдир шу, қолма нуқсонда».

Азизлар ғафлатдан уйғонинг энди!. Қалбни уйғотинг, уйғотинг танди!. Савоб ишлар учун шошилинг ҳар дам. Нияти холисларни қўллагай Эгам.

Эй ожиз Хуршидий, ётма ғафлатда. Тўғри йўл «аҳли сунна вал жамоатда». Сиротал мустақимни сўра Аллоҳдан, Шафоат сўрагин Расулуллоҳдан.

-- Хуршид Эркабоев Хўжайли тумани

Мавзуга оид мақолалар
Ҳайт байрами куни... Ассалому алайкум. Бу мен яна Муҳаммад Айюбман Ҳайрон бўлябсизми Ҳеч ҳам ҳайрон бўлманг. давоми...

21:39 / 24.06.2017 20320
embedhttpsyoutu.beMk35RjH6nmEembed

17:49 / 10.03.2018 3754
Ёшлик чоғларимизда остонада ўтирсак ёки туриб қолсак, катталар .Ҳой бола, остонада ўтирма, ёмон бўлади,, деб давоми...

08:00 / 01.03.2020 5925
Собира онамиз азиз фарзанди, Муҳаммад Юсуфнинг жигар дилбанди, Аҳли илмларнинг буюк пешвоси, Муҳаммад давоми...

19:33 / 04.02.2017 6003