Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота дарсни Аллоҳга ҳамду сано, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салом айтишдан бошлади. Сўнгра аҳли оилага тинчлик тилаб, Қуръони Каримдан, зикрлардан, дуолардан ва набавий ҳадислардан ёд олинганларини текширди.

Фотима:– Отажон, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан сўзлаб беринг!

Ота:– Яхши қизим, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик қандай келгани ҳақида сўзлаб бераман.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳ у кишига ҳилватни, ёлғиз қолишни яхши кўрсатиб қўйди. Егулик олиб, Макка ёнидаги тоққа кетардилар. Ўша тоғда Хиро номли ғор бўлиб, ҳар йили Рамазон ойида у ерга ибодат учун борар эдилар. Бир куни Хиро ғорида тафаккур қилиб ўтирганларида ўзларига нидо қилаётган овозни эшитдилар. У Жаброил исмли фаришта бўлиб, «Иқро» (Ўқи) деб нидо қилаётган эди. Шунда У киши: «Мен ўқувчи эмасман», дедилар. Яъни бу – «ўқишни билмайман», деганлари. Фаришта у кишини ушлаб, сиқиб олди, қаттиқ сиқиб туриб, яна «Иқро» (Ўқи) деди. Пайғамбаримиз «Мен ўқувчи эмасман», дедилар. Фаришта иккинчи марта ушлаб сиқди ва «Иқро» (Ўқи) деди. У киши «Мен ўқувчи эмасман», дедилар. Учинчи марта ушлаб, сиқиб олди ва: «Иқро бисми роббикаллазий холақ (Ўқи, Яратган Роббинг номи ила), Холақол инсана мин ъалақ (у инсонни «ъалақ»дан яратди), Иқроъ ва роббукал Акром (Ўқи, Роббинг карамлиларнинг карамлисидир), Аллазий ъаллама бил қолам (У қалам билан илм бергандир) ,Ъалламал инсана ма лам йаълам (У инсонга билмаган нарсасини ўргатди)». Фотима :– Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда нима қилганлар, отажон? Ота: – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволнинг улуғворлигидан чўчиган, шошган ҳолда:«Мени ўраб қўйинглар», «Мени ўраб қўйинглар», деб меҳрибон аёллари Хадича онамизнинг олдиларига қайтганлар. Холид: – Хадича онамиз нима қилганлар, отажон? Ота: – Хадича онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тинчлантириб, ёқимли ва гўзал сўзлар билан хотиржам қилдилар. Бу у кишининг ақллари тўғрилигига, комиллигига далолат қилади. Аллоҳ онамиздан рози бўлсин. Фотима:–  Демак, Хадича онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари эканлар-да? Ота: – Ҳа, Фотима. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз ҳаёт бўлган вақтларида ҳеч уйланмаганлар, у киши вафот топганидан сўнг уйланганлар. Фотима:– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёлларини билишни хоҳлардим. Ота:–  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг исмлари, уларга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари тартиби ила қуйидагичадир: 1. Хадийча бинти Ҳувайлид (Қосим, Абдуллоҳ, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Ҳасан ва Ҳусайнларнинг онаси Фотимани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туғиб берганлар). 2. Савда бинти Замъа 3. Оиша бинти Абу Бакр 4. Ҳафса бинти Умар 5. Зайнаб бинти Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу аёлларининг ва Хадича онамиздан бўлган фарзандларининг исмларини ёдлаб олинглар. Сўнгра, Аллоҳ хоҳласа, бошқа дарсда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг исмларини охиригача ўрганамиз. Холид: – Бу исмларни яхшилаб ёдлаб оламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қиламан, аёллари ва фарзандларига муҳаббат қиламан ва дўстларимга улар ҳақида сўзлаб бераман. Ота: – Энди эса мана бу ҳадиси шарифни эшитинг, у гўзал ва дақиқ (нозик)дир. Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўрозни жеркиманглар, албатта, у намозга уйғотади», деб айтдилар. Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўрозни сўкишдан қайтармоқдалар. Чунки хўроз улуғ ишни қилади ва яхшиликка ундайди. У, асосан, Бомдод намози вақтида қичқиради ва уйқудагиларни намозни жамоатда ўқишлари учун уйғотади. Холид:–  Хўроз қичқирса, биз нима деймиз, отажон? Ота: – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хўроз қичқирганда, Аллоҳдан фазлини сўрашни ўргатганлар. Чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради:

اللهُمَّ إنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ

Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика

Маъноси: Аллоҳим Сендан фазлингни сўрайман (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бугунги дарсимизда Аллоҳнинг гўзал исмларидан қуйидагиларни ўрганамиз. Улар: Муътий (ато этувчи, ҳақиқий ато этувчи унинг Ўзидир),

Маннон (берган неъматларини миннат қилувчи. Фақатгина Аллоҳ миннат қилишга лойиқ Зотдир),

Ҳайй (тирикдир, Унинг тириклигиниг боши ва охири йўқдир. Ҳаётлиги, тириклиги махлуқотларнинг тириклигига ўхшамас),

Қоййум (ўз-ўзидан қоим бўлган Зот, бошқаларни қоим қилган Зот, ҳеч кимга суянмайди, ҳамма унга суянади),

Саййид (хожа, ҳақиқий хўжайиндир У Зот).

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchve2TZmenb4OYembed

12:50 / 07.04.2017 5804
Инсон жаннат ҳақида ўйлар экан, яқин қариндошлик алоқалари қандай бўлишини ҳар доим ҳам тасаввур қила давоми...

11:15 / 07.02.2019 4056
Яҳё ибн Муъоз роҳимаҳуллоҳ деди.Қалблар қозонга ўхшайди, ичидаги нарсалар унда қайнайди. Тиллар эса унинг давоми...

22:34 / 11.03.2023 3327
Бурун қонаган вақтда бошни ортга эгиш керак дейишади.  Лекин ҳеч қачон бундай қилманг   Чунки  қон давоми...

10:38 / 01.02.2017 4800