Никоҳда тенглик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оила қурмоқчи бўлган кишилар бир-бирларига тенг бўлишлари ҳақидаги маълумотлар.

Аллоҳ таоло: وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ

«Мушрикаларни иймонга келмагунларича никоҳлаб олманг. Албатта, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизга ёқса ҳам, яхшидир. Мушрикларга иймонга келмагунларича никоҳламанг. Мўмин қул мушрикдан, гарчи у сизга ёқса ҳам, яхшидир», деган (Бақара, 221).

Шарҳ: Шунга биноан, динсиз ва мушрика аёлларга уйланиб бўлмайди. Фақат у аёллар иймонга келиб, мусулмон бўлсаларгина, уларга уйланиш мумкин. Фақат аҳли китоб: масиҳий ва яҳудий аёлларга уйланиш мумкин. Бунга Аллоҳ таоло Қуръони Каримда изн берган:

 «Сизлардан олдин китоб берилганлардан бўлган афифа аёллар... (ҳалолдир)», деган.

Муслималар эса бошқа диндаги эркаклар билан турмуш қуришлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркаклар масиҳий ва яҳудий динида бўлсалар ҳам мумкин эмас. Бу улкан гуноҳ бўлади. Агар ўша эркак мусулмон бўлсагина, у билан турмуш қуриш мумкин, холос.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Ҳинд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда у Зот:

«Эй Бани Баёза, Абу Ҳиндга қиз бериб ундан қиз олинглар», дедилар. Ва:

«Агар даволанаётган нарсаларингнинг бирортасида яхшилик бўладиган бўлса, у қон олишдир», дедилар».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда номи зикр қилинган Абу Ҳинд розияллоҳу анҳунинг исмлари Ясор бўлиб, Бани Баёза қабиласида қул бўлган эди. Касби қон олиш эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бошларидан қон олдирганлар. Шу билан бирга, Абу Ҳинднинг хожалари Бани Баёзликларга у билан қиз бериб, қиз олиш, қуда-анда бўлишни маслаҳат берганлар.

Демак, мусулмон бўлса бўлди. Аслининг эътибори йўқ. Асли хожами, қулми, фарқ қилмайди.

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳо Қурайш қабиласидан бўлса ҳам, Усома ибн Зайдга, асли қул бўлган кишига текканлар. Бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатлари билан бўлган. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг сингиллари Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу билан турмуш қурганлар.

 Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига уйланганларида олти ёш, оилавий ҳаётни бошлаганларида тўққиз ёш бўлганларини, у Зот билан тўққиз йил бирга яшаганларини айтганлар.

Бешовлари ривоят қилишган.

Муслим:

«У Зот вафот этганларида у ўн саккиз ёшда эканлигини», зиёда қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Шавволда уйландилар, олдимга ҳам Шавволда кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларининг қайси бири мендан кўра у Зот наздида насибадорроқ?» дедилар.

Бас, Оиша ўзига яқин аёлларнинг оилавий ҳаёти Шавволда бошланишини хуш кўрар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятлардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг оилавий ҳаётларига оид қизиқарли маълумотлар билан бирга никоҳда ёшнинг тенг бўлиши шарт эмас, деган маълумотни ҳам оламиз.

 Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр ва Умар Фотимага совчилик қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳали ёш, дедилар. Кейин унга Али совчилик қилди. Бас, у Зот унга никоҳлаб бердилар».

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда эса турмуш йўлдошиликка номзодлар ичидан ёшроғини танлаш яхши экани келиб чиқади. Чунки Ҳазрати Али уйланмаган ёш йигит бўлганлар.

Аммо жумҳури уламолар никоҳдаги кафоат – тенгликка диндан бошқа никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳуррият, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки одатда, ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпгина оилаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, никоҳ жоиз бўлаверади.

Шу билан бирга, аёл киши эр ўзининг тенги эмаслигини билмаган бўлса ёки унга тегишга мажбур қилинса, никоҳни бузишга ҳақи бор.

 Бунга Имом Аҳмад ва Имом Насаийлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадис далилдир:

«Бир қиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отам мени акасининг ўғлига, унинг пастлигини кўтариш учун берди, деди. У Зот ишни ўша қизнинг ихтиёрига қўйдилар. Шунда қиз:

«Батаҳқиқ, мен отам қилган ишга рози бўлдим. Лекин аёлларга бу ишда оталарининг ҳеч ҳақлари йўқлигини билдирмоқчи эдим», деди.

Мавзуга оид мақолалар
ФАЗОВИЙ КАНАЛЛАРНИ АЛЛОҲ  ЙЎНАЛТИРГАН НАРСА УЧУН ИШЛАТИШ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дунё ҳаётида яратган давоми...

15:51 / 03.04.2019 5004
У Қуръони Каримда исми зикр қилинган ягона аёлдир. Аллоҳ таоло дунё аёлларидан уни танлаб олди ва давоми...

21:25 / 03.10.2019 5417
Масаллиқлар Блинчикка 4 дона тухум, 1,5 стакан сут, 1 стакан сув, 2 стакан ун, 0,5 стакан какао кукуни, 6 чой қошиқ давоми...

21:10 / 01.01.2017 4221
Нусайба бинти Каъб бин Амр умму Аммораҳ ансорий «Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун давоми...

11:38 / 27.02.2017 3638