Талоқда ҳам тақво
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳа, Қуръон сиз билан бизга доимо Аллоҳга тақво қилишни эслатиб туради. Ҳатто оилавий ишлару, эру хотин орасидаги муаммоларда ҳам. Чунки худди шу пайтда Аллоҳдан қўрқиш, тақво қилиш бўлмаса, хотинларга нисбатан зулм содир этилиши ҳеч гап эмас. Одатда эр киши аёли билан келишолмай қолса, уни уйдан ҳайдаб чиқаришга шошилади. Аслида ҳатто талоқ қилганда ҳам иддаси чиқмагунча бунга ҳаққи йўқ. Худди шу маънони таъкидлаш учун Аллоҳ таоло «уларни уйларидан чиқарманглар» дейди, «уйларингиздан» эмас.

 Аёл киши ўзи чиқиб кетса бўладими? Ҳозир бизда шунақа: сал гап-сўз ўтиши билан аёл тугунини кўтариб, ота-онасиникига жўнайди. Бу ҳам нотўғри! Қуръони Каримда «ўзлари ҳам чиқмасин» дейилмоқда. Қайси аёл талоқдан сўнг иддаси чиқмай туриб, эрининг уйидан чиқиб кетса, гуноҳкор бўлади. Шариатнинг бу ҳукми ҳам ўзга ҳукмлар каби ҳикматлидир. Идда ўтирган аёл, эрининг кўзига чиройли бўлиб кўриниб турса, эр аччиғидан тушиб, кўнгли эриб, қайта ярашишга мойил бўлиб қолади. Уйдан чиқиб кетганда эса бунинг акси бўлади. Яъни келин бориб эридан шикоят қилади, оқибатда ота-она, қариндошларнинг жаҳли чиқади. Келиб куёв ва унинг яқинлари билан уришадилар. Шундай қилиб юз кўрмас бўлиб кетишлари ҳам мумкин.

  Бундай ҳолда аёлнинг уйдан чиқишига бирдан бир сабаб бор. У ҳам бўлса «фоҳиша мубаййина», яъни очиқ-ойдин фоҳиша иш қилган бўлса. Уламоларииз уни «зино» деб атайдилар, баъзилари зинодан ташқари қаттиқ азоб беришни, хафа қилишликни ҳам айтадилар. Оятда таъкидланишича, юқорида зикр қилинган аҳкомлар Аллоҳнинг бандалари учун қўйган чегаралари бўлиб, ким бу чегаралардан чиқса, ўзига зулм қилган бўлади. Оятнинг сўнггида «Сен билмайсан, шоядки Аллоҳ ундан кейин бирон ишни пайдо қилса», деганидан мурод-юқорида айтиб ўтганимиздек, шоядки ярашиб кетсалар, деганидир.

 Ўрни келганда талоқ тўғрисида яна бир маълумот бериб ўтмоқ зарур. Талоқ икки турга бўлинади: ражъий ва боин талоқлар. Ражъий қайтса бўладиган талоқ, эр ўзи билан бирга яшайдиган хотинини талоқ лафзи билан қўйиб юборишидир.

Агар бу талоқ биринчи ёки иккинчи маротаба бўлса, эр идда чиқмасдан туриб хотинини ўз ихтиёрига қайтариб олиши мумкин. Бундай ҳолда эр сўз билан: масалан: «Сени ўз зиммамга қайтариб олдим», деб ёки амал билан, масалан, ўпиш каби ишлар билан ўзига қайтариб олади. Боин талоқ ҳам ўз навбатида иккига бўлинади; кичик боин, катта боин. Эр хотинини қўшилмасдан туриб талоқ қилса, киноя сўзлар билан талоқ қилса ёки ражъий талоқ қилса-ю, иддаси ичида қайтариб олмаса кичик боин талоқ содир бўлади. Чунки идда чиққандан сўнг ражъий талоқ ҳам кичик боин талоққа айланиб қолади. Кичик боин талоқ бўлганда, эр хотинини фақат янги аҳд никоҳ ва маҳр билан қайтариб олиши мумкин.

Катта боин талоқ эса уч талоқдан иборат бўлади ва ундан сўнгра эру хотин бирга яшаши мумкин эмас. Фақат хотин бошқа эрга тегиб у билан оддий оилавий ҳаёт кечирса-ю, иккинчи эр вафот этса ёки табиий ҳолатда талоқ қилингандагина қайтадан биринчи эрига никоҳланиши мумкин. Талоқ ҳам яхшилик билан амалга оширилиши лозим. Мисол учун бир аёл талоқ қилинди. У уч марта ҳайз кўриб, яна поклангунча муддатда идда ўтирмоғи лозим. Демак, учинчи поклик охирлаб қолганда эр ражъат қилиб, қайтариб олса, оилавий ҳаётлари давом этиб кетаверади. Лекин ушбу қайтариб олиш яхшилик билан, яъни аёлга қаттиқ тегмасдан, таъна қилмасдан, турли зарарлар етказмасдан бўлиши зарур. Аксинча узр сўраб, яхши гапириб, совғалар бериб, ярашмоқ зарур.

 Агар Худо кўрсатмасин, мабодо идда тугашига яқин қолганда ҳам ажралиш фикридан қайтмаган бўлса, унда ҳам яхшилик билан ажралиш керак. Тушунмаган кишилар бундай пайтда бир-бирларини дунёдаги барча ёмонликлар билан айблай бошлайдилар. Бундай қилмаслик керак. Ўтган аҳли солиҳлардан бирлари ўз хотинларини талоқ қилганларида кишилар нима айби учун бу хотин талоқ қилинганини сўрашибди.

Шунда ҳалиги зот: «Нима учун айбини очишим керак? Агар қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан, ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деган эканлар.

Шариат бўйича ажрашаётган аёлга совғалар бериш ҳам жорий қилинган. Бу бошига мушкул тушган аёлнинг кўнглини кўтаради ва одамларда ҳар турли ёмон фикрлар туғилишидан қайтаради. Улар фалончи хотини билан яхшиликча, совғалар бериб ажрашибди. Демак, бошқа бир узрли сабабларга кўра ажрашяптилар экан, дейишади. Исломда ҳар бир нарса, ҳатто ажралиш ҳам яхшилик билан амалга оширилиши керак.

 Хотинга ражъат қилиб ярашадиган бўлса ҳам ёки бир йўла ажраб кетадиган бўлса ҳам, мусулмонлардан икки киши гувоҳ қилиниши керак. Аввало, бу адолатли шоҳидлар, яхши амалли кишилар бўлади, улар доимо яхшиликни хоҳлайдилар, эр-хотиннинг ярашиб кетишига ҳаракат қиладилар. Энг муҳими,улар шак-шубҳа ва ҳар хил ишларнинг олдини олиши керак бўлади. Мисол учун биров талоқ ҳақидаги хабарни эшитган-у, яраш ҳақидагисини эшитмаган бўлса, ҳар хил гумонларга бориши мумкин. Гувоҳлар ўша гумонларни кўтаради. Шунингдек, ҳақ-ҳуқуқларини аниқлашда ҳам ёрдам берадилар. Гувоҳлар адолатли бўлишини ҳам Аллоҳ таоло шарт қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло амр қилиб айтадики, талоқ қилинган аёлларингизни ўзингиз яшаб турган масканда яшашига имкон яратинг. Яъни талоқ бўлди, деб масканингиздан чиқариб юборманг, яхши жой бўлмаса, бундайроғи ҳам бўлаверади, деганидир.

Талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, талоқ қилувчи эр аёлни туққунча нафақа билан таъминлаши керак. Ушбу нафақа таом, кийим ва маскан кабиларни ўз ичига олади. Аёл эридан бўлган фарзандни эмизса, хоҳласа ана шу эмизгани учун ҳақ олади. Бу ҳақнинг қанча бўлиши «ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинг», деган амрга биноан келишилади. Ораларига талоқ тушган эру хотин фарзандни эмизиш ҳақида келишишда қийинчиликларга учрасалар, эр бошқа бегона аёл билан шартнома тузиб, унга ҳақ бериб боласини эмиздиради. Ислом дини аёлларни қанчалик эъзозлаганини ушбу ҳукмдан билиб олса бўлади. Таоми, кийими ва маскани эрининг зиммасида, ҳатто болани эмизиш ташвиши ҳам хотиннинг эмас, балки эрнинг зиммасида, унинг бурчи экан.

Талоқ тушгандан сўнг иддаси чиққунча таом, кийим ва маскан кўринишларида аёлга бериладиган нафақа миқдори қанча бўлади? Бой-бадавлат («ризқи кенг») эр нафақани каттароқ қилади. Аммо эрнинг «ризқи тор» бўлса, яъни камбағал бўлса, «унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин». Демак, камбағал эр нафақани ўз ҳоли қудратига қараб беради. Хотин ундан ортиқча талаб қилишга ҳаққи бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳам «ҳар бир нафсни ўзи берганидан ортиқчасига таклиф қилмайди».

Кўпхотинлик масаласи ҳам талоқ каби Ислом пайдо бўлганидан буён унга энг кўп отиладиган таъна-маломат тошларидандир. Ваҳоланки, Исломгача ҳам кўпхотинлик мавжуд бўлган. Бўлганда ҳам ҳар бир эркак қўл остида ўнлаб мазлума аёллар ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳурмат-эътибор кўрмай яшаган. Ислом ана шу ярамас одатни манъ этди ва кўпи билан тўрттагача уйланишга рухсат берди. 

Аллоҳ таоло: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар», дейди.

Лекин дарҳол ҳамма жиҳатдан улар ўртасида адолат қилиш шартлигини таъкидлади. Адолат қила олмасликдан қўрққан бандага бир аёлга уйланиш ёки қўл остидаги чўри билан кифояланишни буюрди.

Нега Ислом тўрттагача аёлга уйланишга рухсат берган? Чунки бу дин – воқеълик динидир. У инсонларни ҳалол, покиза яшашга даъват қиларкан, уларнинг табиатига ёки воқеликка зид йўл тутмайди. Тажрибалардан маълумки, азалдан қиз бола ўғил болага нисбатан кўп туғилади. Иккинчидан, аёл кишининг эркак кишига нисбатан узоқ умр кўриши ҳам ҳақиқат! Учинчидан, турли фожеалар, бахтсиз ҳодисалар ва уруш-тўқнашувларда, асосан, эркаклар нобуд бўлишади. 

Ҳозирга келиб эркак зотининг кушандаси – ичкилик, гиёҳвандлик ҳам  умрига завол бўлмоқда. Ана шундай сабабларга кўра аёллар сони эркакларга қараганда ҳамиша кўп бўлиб келган. Бордию Ислом бу ҳол билан ҳисоблашмай, бир эркак фақат бир аёл билан яшаши шарт, деб ҳукм чиқарганда, эркаклар миқдоридан ортиқча аёлларга зулм қилган ва уларни хотинлик, оналик, бекалик бахтидан маҳрум қилган бўларди. Натижада жамиятда нопоклик, бузуқлик авжга минар, инсониятнинг насли бузиларди.

Ана шуларни назарда тутиб Ислом тўрттагача уйланишга йўл беради. Лекин буни тутиб олиб, аёллар ўртасида адолат қилмай, фақат шаҳвоний нафсини қондириш пайида кўп хотин олишга уринадиган кимсалар учун охиратда даҳшатли азоблар борлиги ҳақида ҳам огоҳлантиради.

Ислом дини душманлари Аллоҳнинг буйруғига, шариат ҳукмига бўйсуниб иш тутган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам кўпхотинликда айблашга, у кишининг тадбирлари моҳиятини ва ҳикматини яшириб, хотинлари сонига кўра қоралашга уринадилар.

Кофир ва мунофиқлар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳват ва ҳайвоний нафсига эргашган, у битта ёки ўзи умматига рухсат берган тўрттагача хотин билан кифояланмайди», деб даъво қилади. Ҳолбуки, олий хулқ соҳиби, хотинларга меҳр-муҳаббат, адолат кўрсатишнинг тимсоли бўлмиш Пайғамбаримизнинг кўп уйланганларининг бир неча сабаблари борки, уларни қуйида кўриб ўтамиз.

Бизнинг бу даъволарга раддиямиз қуйидагича:

Биринчидан, Пайғамбар алайҳиссалом хотинларини кексалик чоғларида, яъни ёшлари элликдан ўтгандан кейингина кўпайтирдилар.

Иккинчидан, Оиша розияллоҳу анҳонинг истисно қилганда, барча завжаи мутоҳҳаролари бева бўлганлар. Агар Расулуллоҳнинг ғаразлари шаҳват бўлганида, нега бокира қизларни қўйиб, ёши ўтиб қолган бева аёлларга, нега қирчиллама йигитлик даврини ўтказиб, кексалик ҳолларида уйландилар? Нега? Ана шундай даъвода бўлган кимсалар, Аллоҳ уларнинг ҳайвондан ажратиб туришликларига сабабчи қилиб қўйган ақлларини ишлатмайдиларми?

Бундан ташқари, кўп хотин олишларига бир қанча сабаб ва ҳикматлар бор. Ана шу ҳикматлардан тўрттасини кўриб чиқайлик:

Биринчиси таълимий ҳикмат.

Ҳикматлардан биринчиси таълимий ҳикмат бўлиб, Расулуллоҳнинг хотинларни кўпайтиришдан асосий мақсадлари хотинлар орасидан муаллима аёлларни, яъни шариат ҳукмларини ўргатувчиларни кўпроқ чиқариш эди. Чунки хотинларнинг эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган жуда кўп масалалари бўларди. Бинобарин, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам комил ҳаёлик Зот эдилар. Тезда ана шу хотинлари муаллима, муҳаддиса аёллар бўлиб етишдилар. Масалан, улардан бири Оиша онамиз Расулуллоҳдан кўп ҳадис ривоят қилишда Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан кейин учинчи ўринда турадилар.

Иккинчиси ташриъий ҳикмат.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотинларини кўпайтиришнинг ташриъий ҳикмати шундаки, бу ишлари билан жоҳилият даврининг баъзи бир одат ва хурофотларини йўқотиш эди. Мисол келтирадиган бўлсак, арабларнинг Исломдан аввал «фарзанд қилиб олиш», деган бидъати бўлиб, бирор болани сақлаб оладиган бўлсалар, ана шу болани меросда, талоқда ва никоҳ ҳаром қилинишлигида ўз фарзандларидек санардилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам Зайд ибн Ҳориса исмлик ғуломларини ўғил қилиб оладилар. Одамлар энди уни Зайд ибн Муҳаммад, деб атай бошлайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом у кишини аммаларининг қизлари Зайнаб бинти Жаҳшга уйлантириб қўядилар. Лекин ўрталарида муносабат яхши бўлмади. Чунки Зайнаб ҳасаб-насаблик, аслзода, Зайд эса Расулуллоҳ фарзанд қилиб олишларидан аввал бир хизматкор қул эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати илоҳийси ила Зайд Зайнабни талоқ қилди. Аллоҳ таоло «фарзанд қилиб олиш» бидъатини ботил қилиш учун Расулига Зайнабга уйланмоқликни амр қилди. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фужжор ва мунофиқларнинг тилларидан қўрқардилар. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом уни хотин қилиб олсалар, улар «Муҳаммад ўз ўғлининг завжини хотинликка олди», деб таъна қилардилар.

Шунда Аллоҳ таоло ўз Расулига қуйидаги оятни нозил қилди:

«Бас, қачонки, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, Биз сени унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач, уларнинг хотинларига (уйланишда) танглик бўлмаслиги учун» (Азҳоб сураси 37). 

Шундай қилиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнабни ўз никоҳларига олишлари билан «фарзанд қилиб олиш» бидъати ботил бўлди.

Учинчиси ижтимоий ҳикмат.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифа ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ул-Форуқнинг қизларига уйланишликларида зоҳир бўлади. Мана шу никоҳлар сабабли уларнинг ўрталарида ишонч ришталари пайдо бўлиб, қалблар бир-бирига яқинлашади. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ учун одамларнинг энг маҳбуби, қадрдони эдилар. У киши Исломга энг аввал кирганлардан, қийинчилик пайтларида Расулуллоҳнинг ёнларида юрган, нафслари, молларию, жонларини Аллоҳнинг йўлига тиккан зот эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ учун у кишига куёвликдан кўра каттароқ мукофотни топмадилар ва қизлари Оиша розияллоҳу анҳони хотинликка олдилар. Шу сабабли ўрталаридаги садоқат ва ишонч янада зиёда бўлди.

Ҳафса бинти Умарни олганларида Умар розияллоҳу анҳу билан ўрталарида шундай муносабат қарор топди. Кейинги икки халифа ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алиларга қизларини бериб, ўзларига куёв қилишлик билан уларга муносабатларини изҳор қилдилар.

Тўртинчиси сиёсий ҳикмат.

Ҳаммага маълумки, агар бирор жамоа ёки қабилага (ҳозирги пайтда оила ёки авлодга) қуда бўлинса, икки тарафлама борди-келди ва ўзаро яқинлик пайдо бўлади. Табиийки, бир-бирига ёрдам ва ҳимоят ҳам пайдо бўлади.

Шу ҳикматни равшанлаштириш учун мисоллар келтирамиз. Жувайрия – Бани Мусталиқ қабиласининг саййиди Хориснинг қизи эдилар. У киши қавмлари ва оилалари билан мусулмонларга асир тушиб қолдилар. Асирда бўлган пайтларида фидя тўлаб, ўзларини озод этмоқни истадилар. Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, мол-дунёда ёрдам бермоқни сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом у кишига фидяларни тўлашликни ўз зиммаларига олишликни ва ул кишини хотинликка қабул қилишликни арз қилдилар. Жувайрия рози бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссалом у кишини озод қилиб, уйландилар. Шунда мусулмонлар: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошларини қўл остимизда асир сақлаяпмизми?» деб қолган ҳамма асирларни озод қилдилар. Бундай мурувватни кўрган Бани Мусталиқнинг ҳаммалари иймонга келиб, Аллоҳнинг дини Исломга дохил бўлдилар.

Умму Ҳабиба (Абу Суфённинг қизи Рамла)га уйланишларида ҳам шундай ҳикмат бор. Абу Суфён ширк байроғини юқори кўтарган, Расулуллоҳга хусумати қаттиқ, мусулмонларнинг ашаддий душмани эди. Умму Ҳабиба Маккада Исломга кириб, эрлари билан Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. У ерда эрлари вафот қилиб, тул қолдилар. Мадинага қайтганларида Расулуллоҳ у кишига уйландилар. Мана шу уйланишлик Абу Суфён, унинг оиласи ва қавмининг қалбини юмшатиб, мусулмонларга бўлган зарар ва азобнинг енгиллашига сабаб бўлди. Бундан ҳам чиройли сиёсат бўладими?

Расулуллоҳга, қолаверса, Ислом динига бу борада қилинаётган туҳматларнинг ғирт асоссизлигини, бўҳтондан бошқа нарса эмаслигини кейинги пайтларда насроний динидаги олимлар ҳам, ғарб матбуоти ҳам тан олиб ёзмоқда.

Демак, Ислом дини талоқ, кўпхотинлилик масалаларига кўр-кўрона ёндашмайди. Бунда энг аввало, бандаларни Аллоҳ таолонинг ҳукми билан, буйруғи билан иш юритишга даъват этади. Қолаверса, у инсон табиатидан келиб чиқиб, ҳар икки томон учун ҳам зулм бўлмаслиги чорасини кўради ва жамиятнинг пок ва уйғун ривожланишини таъминлайди. Ислом шариати ҳукмларидан чекиниш, Қуръони Карим ва ҳадиси шариф белгилаган йўлга зид иш тутиш эса оилани емиради, эр-хотиннинг бахтини поймол қилишга олиб келади. Натижада инсоний муносабатларда зино, фаҳш каби ярамас иллатлар юзага келади. Бу ҳақда эса келгуси бобларда фикр юритамиз.

 
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvy1TJM4YrZwembed

13:51 / 07.04.2017 4818
Ўлим. Бу сўзни эшитишнинг ўзиёқ кишини юзидан табассумни нари қилади. Кутилмаган сергаклик келиб, кишини давоми...

13:20 / 24.12.2016 3474
Интернетдаги баҳслар ҳақида... Инсон янги нарсани ўрганар экан, уни атрофидагиларга етказгиси келади. давоми...

11:53 / 26.10.2018 3421
Аллоҳ таоло марҳамат қилади «Бирбирингизга душман бўлган ҳолда тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва давоми...

09:55 / 30.10.2018 3197