Жиҳоз – сеп
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага бир чойшаб, бир меш ва ичига изхир солинган болишни жиҳоз – сеп қилиб бердилар», деди».

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Оламларнинг саййиди бўлмиш зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, аҳли жаннат аёлларнинг саййидаси Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳога қилиб берган сеплари қанчалик камтарона, қанчалик содда.

 Бу ҳолатни билгандан кейин бугунги кунга бир назар солайлик. Бошқаларни қўйиб туриб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларга кўз ташлайлик.

Қиз бола туғилганидан бошлаб емай-ичмай, едирмай-ичирмай сеп тўплаб, бўлган-бўлмаган нарсани йиғиб, жамлаб юрадиганларга нима дейиш мумкин?

Сеп масаласини никоҳнинг асосий ва марказий масаласига айлантирувчиларга нима деймиз?

Келиннинг эпига эмас, сепига қарайдиган қудаларга нима деймиз?

Сеп туфайли келиб чиқаётган уриш-жанжалларга нима деймиз?

Нима ҳам дер эдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олинг, оталар, деймиз.

Фотимаи Заҳродан ўрнак олинг қизлар, деймиз.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ўрнак олинг, куёвлар, деймиз.

 Сеп масаласида оилавий келишмовчиликлар кўп чиқишини кўзда тутиб, уламоларимиз бу масалани батафсил ёритиб берганлар.

– Маҳр деб берилган нарсанинг сепга ҳеч алоқаси йўқ.

Бир одам маҳрга минг динор берди. Одатда бунчалик кўп маҳр олган келин кўп сеп билан келар эди. Аммо бу келин оз сеп билан келди. Шунда эр сен кўп жиҳоз билан келишинг керак эди, дейишга ҳаққи йўқ.

– Келин ўзи билан олиб келган сепига ўзи эга ҳисобланади. Эрнинг у нарсаларда ҳаққи йўқ.

– Агар эр маҳрдан ташқари жиҳоз олишга алоҳида пул берган бўлса, келин ҳеч нарса олмай келса, эр талаб қилиши мумкин. Аммо маълум муддат индамай юрса, рози бўлган ҳисобланади ва кейин талаб қилишга ҳаққи қолмайди.

– Агар ота урф-одатга биноан қизига сеп олиб берган бўлса, кейин уни қайтариб олишга ҳаққи йўқ. Ота вафот этгандан кейин бошқа меросхўрлар ҳам ола билмайдилар.

– Ота қизи кичкиналик пайтида унга сеп бўладиган нарсани сотиб олиб берган бўлса, кейинчалик орада низо чиқиб ота омонатга берган эдим деса, қиз эса сепга берилган эди деса, ҳужжат-далиллари бўлмаса, қизнинг гапи ўтади. Агар қиз вафот этганидан кейин низо чиқса, унинг эрининг гапи ўтади.

– Агар она уйдаги нарсалардан отадан сўрамай қизига берса, ота индамаса, у нарсалар қизга сеп бўлади, қайтариб олиш мумкин эмас.

– Агар куёв қизнинг валийларига тўйни тезлаштириш учун бирор нарса берса, кейинчалик ўша нарсани қайтариб беринглар, дейишга ҳаққи бор. Чунки у нарса ришва–пора ҳисобланади.

Ҳамма муқаддималар қилиб бўлингандан кейин эру хотин бўлиб яшашдан олдин, никоҳни эълон қилиш керак.

 
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари Менинг бир дўстим 6 ойдан бери рафиқаси билан яшамайди. Барча давоми...

18:11 / 16.10.2016 3287
Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар давоми...

10:28 / 24.01.2017 7388
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади У киши айтадиларки «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

20:17 / 19.10.2016 5711
embedhttpswww.youtube.comwatchvkmwtOyKHBAfeatureyoutu.beembed

12:25 / 20.08.2018 2773