Онамнинг кўз ёшлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кеча ифтор вақтида мени яна бир бор шукр қилишга ундайдиган воқеа бўлди. Онам ва мен ифторлик қилиб бўлгач, Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилиб, дуо қилдик. Шунда беихтиёр онам кўзларига ёш олдилар. Нега йиғлаётганларининг сабабини сўрадим.

Онам кўзда ёш билан қуйидаги гапларни айтдилар: «32 ёшимда дадангдан 4 та бола билан бева қолган пайтимда, сизларни кам-кўстингизни, еб-ичишингизни таъминлашда фақат ўзим оладиган мактаб ойлиги камлик қиларди. Ўша кезлари яшашимиз жуда оғир кечган. Бир томондан бу етган мусибат, иккинчи томондан сизларни таъминотингиздаги қийинчиликлар…

Битта пиёзни тўрт бўлакка бўлиб, тўрт марталик овқатга ишлатган пайтларим бўлган. Рўза ойларида эрталаб ейишга нарса топа олмай, қуруқ нонни сувга ивитиб оғиз ёпган пайтларим бўлган. Овқат пиширишга ёғ топа олмаган кунларим, ўзим емай, қорним тўқ деб, борини сизларга едирган кунларим,… Бир гал эсимда, ўртоқларидан кам бўлмасин деб, акангга 50 сўм топиб беришим керак бўлиб қолганди.

Уйда пул қолмаган эди. Нима қилишга ҳайрон бўлиб қолгандим. Аллоҳнинг раҳми келиб, даламизга сув қўйгани чиққанимда йўлимдан 50 сўм пул топиб олгандим… Қариндошлар ичидан холанг тез-тез ёрдам бериб турардилар…»

Онамнинг кўзларидан ҳамон ёш оқарди. Менинг ҳам ичим зил кетди-ю, қалбим йиғласа ҳам, кўзларимга чиқаришга ботина олмадим. Мен ҳам қийналган пайтларимизни эслайман. Катта опамнинг мактабга ҳам уйда ҳам кийиб юрган кийимида боришини бир гал қўшни қизимиз айтиб ўтгани, акамнинг мактабга таги емирилган оёқ кийимида боргани …

Онамнинг баъзи бир гапларини келтириб ўтишни лозим топмадим. Қарз сўраб баъзи бир қариндошларимизнинг уйига борганларида рад жавобини олганлари ва қалблари жароҳат олганларини онамнинг номларидан ёза олмадим.

Шунча қийинчиликларга қарамай, онам тўрттала фарзандларини ҳам ўқитдилар. Ҳозир у кунлар ўтмишга айланди. Ҳаммамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топиб, ака-опаларим оилали бўлиб, ризқимизни териб юрибмиз, алҳамдулиллаҳ.

Болалик йилларим эсимда. Гарчи ҳали менга Рамазон рўзаси фарз бўлмаган ёшда бўлсам ҳам, онам бизни рўза тутишга қизиқтирардилар. Ёш бола эмасманми, рўза тутиб қийналиб қолган пайтимда, онамдан яшириб нарса еб олардим-да, кейин ўзим яна онамга шунақа қилдим деб айтиб берардим.

Онам эса кулиб қўяр, кейинги сафар унақа қилмаслигимни тайинлар эдилар. Қадр кечаларида ухлатмасликка ҳаракат қилардилар. Арабча ҳарфларни ҳам онамдан ўрганган эдим. Ўша пайтларда ҳам Шайх ҳазратларининг ҳар бир порани алоҳида ҳолда нашр қилган «Тафсири Ҳилол» китоблари бор эди.

Онам Қуръон ўқир, мен эса талаффузини Тафсирдан кузатиб борардим. Илк устозим онам бўлганлар, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Эсимни танибманки, онам Рамазон рўзасини ўзгача иштиёқ билан тутиб келишларига гувоҳман. Рамазон ойида Роббимдан сўрардим – барча мўмина онахонларимиз cингари онамнинг ҳам тутаётган рўзаларини Аллоҳ қабул айласин. Охиратда Жаннат аҳлидан бўлишларига ушбуларни сабабчи қилсин!

Ёлқин, 4 Рамазон, 1434

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvDRRNJirdqlEfeatureyoutu.beembed

20:17 / 07.02.2018 2928
Закот ибодатини адо этишда олий мақомларни истовчи банда риоя қилиши лозим бўлган нозик жиҳатлар ва асосан, давоми...

23:06 / 07.03.2017 5437
  Ҳеч шак ва шубҳа йўқки, ҳозирги кунда атрофмуҳитни муҳофаза қилиш муаммоси асримизнинг энг муҳим давоми...

10:49 / 02.03.2017 5169
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши давоми...

19:40 / 09.12.2016 5728