Намознинг шартлари ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шарт» сўзи луғатда «аломат» маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун лозим бўлган омилга «шарт» дейилади. Шартлар иккига тақсимланади: - Вожиблик шартлари. - Тўғрилик шартлари.

Қуйидаги ҳадиси шарифда намознинг вожиб – фарз бўлиши учун керак шартлар ҳақида сўз боради.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалам уч (тоифа)дан кўтарилган: уйқудагидан токи уйғонгунча, ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунча, жиннидан, токи ақли киргунча», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган. Ал-ҳоким саҳиҳ деган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қаламдан мурод, таклиф қаламидир. Шаръий амалларни – таклифларни бажармаган кишиларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир. Жумладан, намоз ўқимаганларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир.

Ушбу қалам уч тоифа одамдан кўтарилган бўлиб, улар томонидан шариат таклифлари бажарилмаса ҳам, гуноҳ ёзилмас экан. 1. «Уйқудагидан токи уйғонгунча». Чунки уйқудаги одамнинг ихтиёри ўзида эмас. Унда ҳушёрлик, бир нарсани идрок қилиш етишмайди. Шунинг учун у шариат таклифларини қилмаса ҳам, гуноҳкор ҳисобланмайди. 2. «Ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича». Балоғат ёшидан кичик ёшдаги болаларнинг ақлий ва жисмоний камолоти бўлмайди. Шунинг учун ҳам улар шаръий таклифларни бажаришлари мажбурий эмас. Мабодо, ўша таклифларга хилоф қилсалар, гуноҳ ёзилмайди. 3. «Жиннидан, токи ақли киргунча». Жинни одам ҳам аҳли таклиф эмас. Шунинг учун ҳам Исломда намознинг саҳиҳ бўлишлик шартлари балоғатга етганлик ва ақлга боғлиқ, дейилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни мени урушга олиш учун кўрикдан ўтказдилар, ўшанда ўн тўрт ёшли бола эдим. Бас, менга ижозат бермадилар. Ҳандақ куни яна кўрикдан ўтказдилар, ўшанда ўн беш ёшли бола эдим. Бас, менга ижозат бердилар». Нофеъ айтадики: «Мен Умар ибн Абдулазизнинг олдига бориб, у ўша вақтда халифа эди, ушбу ҳадисни унга айтдим. Бас, у: «Мана шу кичик ва каттанинг орасидаги чегарадир», деди ва омилларига ким ўн беш ёшли бўлса, (шаръий таклифни) унга фарз қилиш ҳақида мактуб юборди. Ким ундан кичик бўлса, уни аҳли аёллар ичига қўшинг», деди». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Уҳуд урушига тайёргарлик кўрилаётган пайтида, босиб келаётган хавф-хатарни бутун вужуди билан ҳис қилган ўспирин мусулмон йигитлар ҳам жиҳодда қатнашишни талаб қилиб арз қилишган. Бу ёш мусулмон болаларнинг жасорати, фидокорлиги ва дину диёнат олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилишлари аломатидир. Ана шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўрикдан ўтказганлар, кимнидир кураштириб кўриб, йиқитса, олганлар. Кимнингдир ёшини сўраганлар. Ушбу ҳадиснинг ровийи Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўн тўрт ёшида у кишида урушга иштирок қилишга ижозат бермаганлар. Келаси йили Ҳандақ урушида эса ўн бешга ёшга тўлгани учун ижозат берганлар.

Шундан баъзи кишилар ўғил болаларнинг балоғат ёши ўн беш ёш, деб олганлар. Халифа Умар ибн Абудулазиз ҳам Нофеъ розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни эшитганидан кейин вилоятлардаги ўз омилларига ўн беш ёшли ўғил болаларга катта ёшдаги эркакларнинг муомаласини қилиш, у ёшдан кичикларни эса бировнинг қарамоғида ҳисоб қилиш кераклиги ҳақида мактуб ёзган эканлар. Лекин жумҳур уламолар ўғил боланинг балоғатга етгани аломати эҳтилом бўлиш – уйқуда булғанишдир, дейдилар. Бунга аввалги ҳадис далилдир. Ибн Умарга қилинган муносабат эса фавқулодда ҳолатнинг ишидир.

Қиз болаларнинг балоғатга етганлари ҳайз кўриш билан бўлади. Маълум ёшгача, ўз юртидаги тенгдошлари балоғатга етадиган: ўғил болалар эҳтилом бўлиб, қизлар ҳайз кўрадиган ёшга етиб ҳам балоғатга етганлик аломати пайдо бўлмаса, бошқа аломатларига қаралади. Бу аломатларнинг энг машҳури ёшдир. Ҳар юрт ўз иқлими ва бошқа шароитларига қараб балоғат ёшини белгилайди. Ана ўша ёшдан шариат таклифларига амал қилиш бошланади. Жумладан, намоз ўқиш ҳам фарз бўлади. Балоғатга етиб туриб намоз ўқимаган шахс эса шаръий жазога лойиқ, деб ҳисобланади. Аммо бу балоғат ёшига етгунча намоз ўқиб бўлмайди, дегани эмас. Балки балоғат ёшига етганда намоз ўқишга қийналмаслик учун ёшликдан ўқиб-ўрганиб бориш зарур бўлади. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб оламиз.

Сабрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Қачонки, ўн ёшга етса, унинг учун уришинглар», дедилар». Бошқа ривоятда: «Ётар жойларини ажратинглар», деб зиёда қилинган. Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ёш болаларни исломий тарбия қилишда муҳим ўрин тутган баъзи нарсалар хусусида сўз бормоқда:

1. Етти ёшга етган болаларни намоз ўқишга буюрмоқ. Болаларни қизиқтирадиган турли услублар билан, яхши ўрнак кўрсатиб, намозга ундаш керак бўлади. Ота-онасининг намоз ўқиётганини кўрган бола ўз-ўзидан уларга тақлид қилиб қолади. Ана шу ҳолатдан унумли фойдаланиб, болани тўғри йўлда давом этишини таъминлашга ҳаракат қилиш керак. Етти ёшга етганда боланинг ҳар намозни ўқишини кузатиб, ўқишга амр қилиб туриш керак.

2. Ўн ёшга етган бола намоз ўқимаса, уриш лозим. Ота-онасининг яхшилик билан қилган ундовларига ўн ёшида ҳам юрмаган бола уришмаса, тўғри йўлга тушмайди. Баъзи болаларнинг табиати шундоқ бўлади. Улар яхши гапдан кўра, дўқ-пўписа ила осон йўлга тушадилар.

3. Ўн ёшга етган болаларнинг ётар жойларини бошқа қилиб қўйиш. Чунки ўша даврда уларда жинсий томондан уйғониш бошланади. Алоҳида ётмасалар, беодобликка ўрганиб қолишлари мумкин. Агар ҳар бир оила ушбу набавий тавсиясига амал қилганида, орамизда бенамозлар бўлмас эди.

Хулоса.

Ҳамма далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз намознинг вожиб – фарз бўлиши учун зарур шартлар учтадир: мусулмонлик, балоғатга етганлик ва оқиллик, дейдилар.

Мавзуга оид мақолалар
Херсон Украина шаҳар кенгаши Ислом маданий маркази қурилиши учун вилоят мусулмонлари жамоасига ер ажратиш давоми...

16:18 / 22.01.2017 2595
Сувли муолажалар билан ҳам кўпгина касалликларни даволаш мумкин. Фақат инсоннинг ўзида бунга озгина ихлос давоми...

06:20 / 30.12.2016 5256
Бугунги кунда ҳижобга қайтиш каби ажойиб бир жараён кузатилмоқда ва бунга дунёнинг олий маълумотли давоми...

15:40 / 27.11.2016 3923

21:03 / 21.05.2018 3736