14 февраль куни
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  14 февраль бизнинг ўзбек халқи тарихида жуда муҳим сана ҳисобланади. Бу сана бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди билан боғлиқлиги барчага маълум ва машҳурдир. Бу шахс нафақат бизнинг тарихимизда, балки бутун дунё тарихида бобурийлар сулоласининг асосчиси, йирик давлат арбоби, бетакрор шоир сифатида ўз ўрнига эга. Лекин кейинги йиллар мобайнида ушбу сана аллақандай ғарбликларнинг «Валентин куни» ёки бўлмасам «Севишганлар куни» номи билан машҳур бўлган байрамига алмаштирилди.

Айниқса, ёшларимиз орасида бу байрам жуда авж олиб кетди. Бу сана яқинлашганда бозорлар ҳам анча гавжумлашиб, савдо ҳам юришиб кетадиган бўлди. Ўзбек йигит-қизларининг билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар, яна Валентин куни анъанасига кўра шоколад, гулдаста каби бошқа-бошқа совғалар тақдим этишлари тобора урф бўлиб бормоқда.

Албатта, халқимиз байрамларни жуда яхши кўради. Юртимиздаги ҳар бир байрамларнинг хоҳ у давлат томонидан таъсис этилган бўлсин, хоҳ у диний бўлсин, хоҳ у миллий бўлсин, албатта, унинг асоси ва келиб чиқиши бор. Хўш, сиз ушбу «Валентин куни» ёҳуд «Севишганлар куни» нинг келиб чиқиши, у қайси тарихий воқеага асосланиб байрам қилинишини биласизми? Келинг, унинг келиб чиқиш тарихи ҳақида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Афсоналарга кўра, эрамиздан аввалги III асрда Рим империясининг Терни шаҳрида Валентин исмли руҳоний яшаган экан. Насронийлик динининг пешволаридан бўлган бу ёш йигит, шунингдек, табиблик ҳам қиларкан. Империя учун суронли даврлар ҳисобланган ўша кезларда Рим императори Юлий Клавдий II ўз аскарларининг жангу жадаллар, ҳарбий юришлардан чалғимасликлари, оилаларига боғланиб қолганлик важидан узоқ муддатли муҳорабалардан бўйин товламасликларини назарда тутиб, уларнинг уйланиб оила қуришларини таъқиқловчи фармон чиқаради.

Аммо Валентин ёшларнинг хоҳиш-истакларига кўра, уларни махфий равишда никоҳлар эди. Бундан хабар топган император уни қамоққа ташлайди. Маҳбусликда эканида, у қамоқхона бошлиғининг қизи Жулия билан танишади, унинг ожиз кўзларини даволайди. Қамоқхона бошлиғи жигаргўшасини даволагани учун миннатдорчилик сифатида Валентинни озод этишга уриниб кўради, аммо бунинг уддасидан чиқа олмайди. Император уни олий жазо – ўлимга ҳукм этади. У ўлимидан аввал Жулияга кўнглини очиб, изҳори дил мактуб юборади ва у билан видолашади.

Валентинни 14 февраль куни қатл этадилар. Шунга кўра, насронийлар жафозада Валентинни бир-бирига кўнгил қўйган ёшларнинг ҳомийси деб билиб, унинг шарафига 14 феврални «Севишганлар куни», «Авлиё Валентин куни» сифатида байрам қилишади. Ушбу сана 496 йили Рим папаси Геласий I томонидан Католик черковининг муҳим байрамлари рўйхатига киритилган, 1969 йили эса Пол VI томонидан бу байрам рўйхатдан олиб ташланган экан. Шундай бўлса-да, ғарбда насронийлар орасида бу кунни зўр тантана билан нишонлаш расми сақланиб қолган.

Энди маълумотларни мантиқан бир-бирига боғлаб кўрсак. Эрамиз Исо алайҳиссаломнинг туғилган кунидан бошланади. Агар Валентин эрамиздан III аср олдин яшаган бўлса, у яшаган даврда насронийлик динининг ўзи бўлмаган-ку. Бундай асоссиз, тўқима, ноисломий, миллий қадриятларимизга зид бўлган байрамларга кўр-кўрона эргашиш, уни оммавий тарзда нишонлаш ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди.

Шундай бўлган тақдирда ҳам бунинг нимаси ёмон, ҳамма бир-бирига совға улашади, бир-бирига муҳаббатини изҳор қилади, дерсиз. Лекин шунчаки совға улашиш ва муҳаббат изҳор қилиш билан кимга ва нимага тақлид қилаётганингизни ўйлаб кўринг...

Зайнаб тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
23.Савол Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам Бану Саъд қабиласидан қайтиб келгач, меҳрибон оналари давоми...

12:05 / 30.11.2017 2821
    Намоз Исломнинг энг муҳим рукнларидан бири эканлиги барчамизга маълум. Шу сабаб хушуъ масаласида турли давоми...

16:56 / 20.02.2017 13866
Бугун «Ҳилолнашр» нашриётматбаа мажмуасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига давоми...

22:40 / 02.02.2017 8770
1. Севган суйганининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди.2. Севган суйганининг суҳбатини бошқаларнинг давоми...

21:09 / 20.05.2023 2182