Ҳаж ва умра сабоқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

7-Сабоқ


МИЙҚОТ МАСАЛАСИ


«Мийқот» сўзи арабча «таъқийт» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «бирон нарсанинг вақтини тайин қилиш» маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз «макон» маъносида ҳам ишлатиладиган бўлди.

Шаръий истилоҳда эса «мийқот» сўзи ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган кишининг эҳром боғлайдиган жойи ва вақтини билдиради.

Табиийки, умра учун вақт маъносидаги мийқот бўлмайди, умрани йил давомида адо этиш мумкин.

Ҳажнинг вақт бўйича мийқоти – шаввол ва зулқаъда ойлари ҳамда зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир.

Макон мийқоти эса турли мамлакатлардан ҳаж ва умрага келувчи ҳожилар учун уларнинг Маккаи мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлар бўлади.

Макон мийқоти – Маккаи мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара десак бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайин қилган мийқотлар:

Зул-Ҳулайфа Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб юрганда биринчи келадиган манзилдир. У ер ҳозирда «Обори Али» деб ҳам номланади. У ер Мадина аҳли ёки Маккага Мадина орқали келувчилар учун мийқотдир.

Бизнинг диёрдан олдин Мадинаи Мунавварага, сўнг Маккаи Мукаррамага борадиган ҳожилар учун мийқот шу ердир.

Жуҳфа Мадинадан Макка томон кетишда тўрт марҳала (манзил) узоқликда жойлашган катта қишлоқ бўлган. Миср ва Шом аҳли Мадина орқали юрмасалар, мийқотлари Жуҳфа бўлади. Агар Мадина орқали юрсалар, мийқотлари Зул-Ҳулайфа бўлади. Шунингдек, Жазоир, Судан, Болгария, Германия, Франция, умуман, Байтуллоҳга Европа ва Африка мамлакатларидан келувчилар учун мийқотдир.

Қорнул-манозил – Маккаи Мукарраманинг шарқий тарафида, 80 км масофада жойлашган тоғнинг номи. У «Қорнус-саъолиб» деб ҳам аталади. Нажд (ҳозирги Риёз) ва ўша тарафдан келувчилар учун мийқотдир. Бугунги кунда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Бирма, Сингапур, Тайланд, Япония, Малайзия, Индонезия, Бруней, Австралия, Араб амирликлари ва шу каби мамлакатлардан самолётда келувчи ҳожилар учун Қорнул-манозил ва унинг қаторидаги жойлар мийқотдир.

Яламлам – Маккаи Мукаррамадан 130 км масофада жойлашган Тиҳома тоғларидан бирининг номи. Яман ва ўша тарафлардан келувчилар учун мийқотдир.

Зоти ирқ – Маккаи мукаррамага Ақийқдан кўра яқинроқ бўлган жойнинг номи. Баъзи уламолар «Эҳтиёт учун Ақийқдан эҳром боғлаган афзал», дейдилар. Ироқ, Эрон, Хуросон, Ўрта Осиё, Хитой, Манголия ва Россиядан қуруқлик йўли орқали келувчилар учун мийқот ҳисобланади.

Ақийқ водийси – Зоти ирққа яқин жойлашган бу водий Мадоин шаҳри ва  ўша тарафдан келувчилар учун мийқотдир.

Юқорида зикри келган мийқотлардан ташқарида яшайдиган мусулмонлар Маккаи мукаррамага ҳаж ёки умра нияти билан келмоқчи бўлсалар, ўша мийқотлардан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас. Кимки ҳаж ёки умрани ният қилиб туриб, мазкур мийқотлардан эҳромсиз ўтса, жиноят қилган ҳисобланади (ҳаж ва умра истилоҳида жиноят деб эҳром ман қилган амалларни содир қилишга айтилади).

Мийқотлардан кейин келадиган манзилларда яшайдиган кишилар эса ўзларининг турар жойларидан эҳром боғлайдилар.


Давоми бор...

Барно Саидраҳмон

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж зиёрати нега бекор қилиндиrdquoШифокор Муҳаммад Аббас Ҳакининг фикрлариДеярли ўн йилдан бери Ҳаж давоми...

08:15 / 06.08.2020 3434
Масжидларда1. Икки масжидда ҳам бомдоддан бир соат олдин таҳажжуд намозига азон айтилади. Баъзиларнинг давоми...

06:26 / 22.11.2022 1870
9. Умра қилувчига эҳромдаги ҳолатида ҳаром бўладиган ишларни яхшилаб билиб олинг.10. Маккаи мукаррамага давоми...

12:24 / 26.11.2022 4736
Бу тавсиялар аслида энг биринчи берилиши керак эди. Лекин олдингилари ёдимдан кўтарилиб кетмаслиги учун давоми...

06:28 / 25.11.2022 2193