Буюк аёллар қандай фарзанд етиштирарди?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қозон бошидами, ҳовлидами, бошқа жойдами барча ишини “бисмиллаҳ” деб бошлайдиган, дуолар тилидан тушмайдиган оналарнинг қўлида вояга етдинг. Бир зумда ўтиб кетадиган қиш кунларининг узун кечаларида катталардан Қуръони Карим, қасидалар, Юнус алайҳиссаломнинг илоҳий қиссаларини тингладинг.  Отанг олимлар, орифлар ҳақида сўзлаб берарди, Aбу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Оиша онамиз, Фотима онамиз розияллоҳу анҳум ҳақида ҳикоя қиларди. Ўшанда ўзингга сиғмай кетардинг, кўзларинг олдида гўёки жаннатнинг тасвири жонланарди. Уларга ўхшашни қанчалар орзу қилардинг. Зеҳнинг оппоқ қоғоз сингари топ-тоза эди.  На оилавий ҳаёт ҳақидаги, на бошқа кераксиз дастурларнинг биронтасини ҳам томоша қилмаган эдинг. Катталарнинг сенга: “Ислом нурдир, маъсият эса зулматдир... Иккиси бир қалбга сиғмайди. Зулмат қопласа, қалбингнинг нури сўнади. Сен намоз ва зикр билан қалбингни чароғон қил. Aгар Aллоҳга бандалик қилишдан қочмасанг, Aллоҳ сени у зулмат қаърига отмайди”, дея узатилган қўлларидан тутардинг. Сенга ҳақ йўлни кўрсатиб насиҳат қилган волидангга: “Қўйсангиз-чи, ойи! Маҳрамлик, тасаттур, ҳаё… Бу сизнинг даврингизда қолиб кетган нарсалар, ҳозир замон бошқа” дейишни ўзингга ор деб қабул қилардинг. “Болам, ундай қилмасанг-чи, бу кийимни киймасанг-чи, у қизлар билан бирга юрмасанг-чи… Базмга бориш қаердан чиқди, Исломнинг қизига битирув базмига боришни ким қўйибди?!” деган отангга “Бу одамнинг ақли жойида эмас, тушунса бўлади!” дейиш у ёқда турсин, бундай гап хаёлингга келса, ўзингдан жирканиб кетардинг.

Мана, ўзинг ҳам она бўлдинг, ака-ука(лар)инг ҳам ота бўлишди... Эртага болалар сенга ҳам ақл ўргатади, сенга ҳам гап ўргатади. Болаларингга математика, она тили фанларидан берилган уй вазифаларида ёрдам берганингдек, охират куни вазифаларини бажаришига ҳам кўмаклашдингми? Қизинг шу кийган кийими билан, ўғлинг шу ҳаёт тарзи билан охират кўпригидан ўта олармикан?

Нажот қўрғони: Хадича розияллоҳу анҳо

Узун қиш кечаларида отангдан Хадича розияллоҳу анҳо ҳақида кўп марталаб қиссалар тинглагандинг. На сен тинглашдан толиқардинг, на отанг сўзлаб беришдан чарчарди. Чунки Хадича онамиз замоннинг шаҳват тўфонида нажот курашига киришган инсоният учун умид эдилар. Онамиз инсониятга нажот бахш этган Исломнинг бош қўмондони бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг қўл ёрдамчиси эдилар. Моли, жони, фарзандлари билан Расулуллоҳнинг ёнларида елкама-елка турдилар. “Мени ўраб қўйинглар” деган Расулуллоҳга “Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, мазлумлар қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга йўлиққанларга ёрдам берадиган инсонсиз” деб айтган ҳам Хадича онамиз эдилар. Ҳеч бир хонандани, ҳеч бир қаҳрамонни онамизни севган каби севмас эдинг. Отанг “Хадича онамиз” деб гап бошлаши билан, кўзларинг қувончдан порлар, атрофи ўралган Ислом шаҳрида иймони учун курашаётган бир оила кўз олдингга келарди ва “Aллоҳу Aкбар!” деган аёлнинг қадр-қиммати қанчалар юксак бўлгани ҳақида фикр юритардинг.

Қанча эркак йиғилиб бир Нусайба бўларди?

 

Онанг ҳам бўш турмасди. Кун бўйи қозон-ўчоқ бошида турганида, отангнинг ҳикматларидан хотирангда қолганларини мустаҳкамлар, сенга ҳикоялар, қиссалар айтиб берар, байтлар ўқирди. Раҳматли онангнинг Умму Умаро (Нусайба) розияллоҳу анҳо ҳақида сўзлаб беришларини қанчалар севар эдинг. Чунки уни тинглаб, ўзингни қатъиятсиз эркаклардан жасурроқ, кучлироқ эканингни ҳис қилардинг. Қалбингда на юнон, на рус ва на бошқа бир кофирга нисбатан қўрқув қолмасди. “Келажаклари бор бўлса, кўражаклари ҳам бор!” дердинг ўзингга-ўзинг. Ўртоқларинг билан арқон сакраш, кўз бойлаш ўйнаётганда, чарчаб ўтириб олардинг. Ўшанда ҳам бекор турмасдинг ва ўтирганлар билан бир зумда “ирфон ҳалқаси” тузиб олардинглар. “Биласизларми, болалар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Умаро деган бир аёл шогирдлари бўлган. Уҳуд кунида, жанг кучайиб кетиб, эркак саҳобаларнинг бир қисми шаҳид бўлиб, бир қисми тарқалиб кетгач, Расулуллоҳни Умму Умаро ҳимоя қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у ҳақида: “Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя қилиш учун жанг қилаётган Умму Умарони кўрардим” [123] деган эканлар. Бошқа сафар эса Умму Умарога қарата: “Эй Умму Умаро! Сенинг қилганларингга қайси эркак тоқат қиларди?” [124] деганлар”.

123] Ибн Саъд, номи зикр қилинган асар, VIII жилд, 410-бет.

[124]  Aмина Умар ал-Ҳаррот. "Умму Умаро", 101-бет, Дорул қалам, Дамашқ, 1998.                                                                                                                                                                                  

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси                                                       

Мавзуга оид мақолалар
Рофизийларнинг Оиша розияллоҳу анҳога қарши кенг қамровли кураш олиб боришларининг сабабларидан бири Оиша давоми...

09:00 / 22.11.2021 3229
Эй ақл Бу иш фақат сен билан ҳам, сенсиз ҳам бўлмайди Ислом ақл билан мулоқат қилади. Унга мурожаат қилади. давоми...

09:54 / 12.05.2021 5674
Кўпинча оммавий саҳифалар ёки ўзида кўп ёки кам сонли фейсбукчиларни йиғувчи гуруҳлар notndash булар ғафлат, давоми...

03:09 / 11.06.2020 2661
Нуриддин Йилдиз .Бу умматнинг қизи,.Опасингилларимиз учун гўзал мутолаа Муҳтарама опасингиллар, севимли давоми...

02:08 / 25.01.2020 16131