“Қизли бўлдим!” деб ўксинган оталар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломдан олдин қиз фарзандларини тириклайин ерга кўмган араблар, Ислом кириб келганидан сўнг унга атаб ақиқа қилиб қурбонликлар сўйишди. Ислом бутун инсоният учун бўлгани сингари аёл зотига ҳам ҳаёт бахшида этди. Ислом келгандан кейин, ота фарзандларининг “қиз” ёки “ўғил” эканлигига эмас, улар олдидаги вазифаларини бажаришга аҳамият қаратди. Закариё алайҳиссалом умрининг охирида дуо қилиб бир ўғли бўлишини сўраган эдилар.[114] Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўлим талвасасида фарзандларига: “Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?” деб сўраган эдилар.[115] Демак, бир ота учун энг муҳими наслининг давом этиши эмас, йўлининг давом этишидир. Бу йўлни ўғил бола давом эттиргани сингари, қиз бола ҳам давом эттира олади. Қуръони Карим бу борада мисол қилиб, Марям онамизни зикр қилади. Имроннинг аёли, Марям онамизнинг онаси бўлмиш Ҳанна ҳомиладор бўлганидан бир муддат ўтиб, эри вафот этади. Қорнидаги фарзандини ўғил бола деб ўйлаб, уни Байтул Мақдисга хизматкор бўлади деб назр қилади. Аксига олиб, кутган фарзанди ўғил эмас, қиз туғилади. Ҳанна онамиз: “Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!” дейди. Унга “Обида” (кўп ибодат қилувчи) маъносини берувчи Марям деб исм қўяди. Лекин Ҳанна онамиз фарзандининг қиз бўлиб туғилганига хафа бўладилар. “Ва ўғил қиздек эмас...” дедилар [116]. Ҳанна онамизнинг фикрича, одамларни Исломга даъват қилиш фақатгина эркакларнинг зиммасида эди. Қизлар заифа эди. Шунинг учун ҳам оғир юкларни эркаклардек кўтара олмасди. Аслида Ҳанна онамиз фарзандининг қиз бўлиб туғилганига эмас, маънавий юкларни кўтаролмаслигидан, назр қилганига эришолмаганидан хафа эди. Лекин Аллоҳ таоло Ҳанна онамиздан бу назрни гўзал шаклда қабул қилди. [117] Марям онамиз илоҳий тарбия билан улғайдилар, иффатли бўлиб етишдилар. Аллоҳнинг низомидан бошқа ҳеч қайси тузумга майл қилмадилар, бош эгмадилар. Аллоҳнинг ҳузуридан келган ризқ билан ризқландилар. Исо алайҳиссаломга она бўлдилар. Бир аёл ўғли туфайли Аллоҳ йўлини очиб қўйди.

Эвазига  мукофот ва раҳмат сўралмаган садақалар ёхуд кечаси туриб ўқилган таҳажжуд намозлари (бошқаларига нисбатан) жуда катта савобли амаллардир. Бундай садақа ва намозда риёдан асар ҳам бўлмайди. Ҳанна онамизнинг назрлари ҳам холис Аллоҳ учун эди. Садақадек соф, таҳажжуддек хушуъли эди. Лекин қиз фарзанд туғилганди. “Қизлар даъватда эркаклардек бўлолмайди” деб ўйладилар ҳамки, Аллоҳ азза ва жалла бутун қизлар учун Марям онамизни афзал ва намуна қилиб қўйди.

Закариё алайҳиссалом Марям онамизнинг меҳробларидаги дастурхонни кўриб “Эй Марям, сенга бу қаердан?” деди. Ул: “Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради”, деди. Закариё алайҳиссалом Марям онамизга бундай эҳсонларни бераётган Аллоҳ азза ва жалла менга ҳам Ислом даъватини давом эттирувчи ва уни ҳимоя қилувчи бир фарзанд лутф қилишга қодирдир, деб ўша ернинг ўзида: “Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан”, деб дуо қиладилар. Аллоҳнинг фаришталари келиб у кишига суюнчилик хабарни етказдилар. Аллоҳ Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. [118]

Қуръони Карим қизни (яъни Марямни) ўғилдан (яъни Яҳёдан) олдин зикр қилади. Марям онамизга қилинаётган бунча эҳсонни кўрганларидан кейин Закариё алайҳиссалом ихлос ва самимият билан қўлларини дуога очиб дуо қилдилар. Шу жиҳатдан, Марям онамиз ҳам Исо алайҳиссаломнинг туғилишларига, ҳам Яҳё алайҳиссаломнинг дунёга келишларига васила бўлдилар.

Хадийжа, Фотима ва Оиша онамиз қаторида, Марям онамиз ҳам аёллик дунёсининг энг юксак намунасидир. Ислом отага ҳам, қизга ҳам мақсад қилиб ўша юксак чўққини кўрсатади. Шу боис ҳам мусулмонлар фарзандининг жинсига эътибор қаратмай, муҳими, солиҳ зурриёт сўрайдилар. Чунки маҳрамликка қаттиқ риоя қилувчи бир аёл осий эркакдан афзал, моддий жиҳатдан қаралганда ҳам дунё ва унинг ичидагилардан хайрлидир.

­­­­­­-----­­­­­­­­-----------------------------------------

[114] Марям сураси, 5-6 оятлар.

[115] Бақара сураси, 133-оят.

[116] Оли Имрон, 36-оят.

[117] Оли Имрон, 37-оят.

[118] Оли Имрон, 37-39 оятлар.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси

 


 

Мавзуга оид мақолалар
У балки пардозсиз яшаб ўтажак,Балки тақмай ўтар тилло тақинчоқ.Далада ўт юлиб, заққум ютажак,Тандир ndash давоми...

21:38 / 06.04.2020 4572
Ислом оламининг ҳудуди оиладир Ўтмишда сўфийлар мусулмонлар ва кофирлар ўртасидаги душманга яқин давоми...

02:52 / 29.01.2021 3164
Яхлит ва ноқисСаҳобаи киромлар ҳақида тўхталсак. Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба давоми...

09:00 / 15.02.2020 5391
Ўрганмаган ўргатолмайдиАёлнинг уйи жаннат ёки дўзах йўлидир. У энг фазилатли ибодатларини ўша ерда адо давоми...

09:00 / 08.11.2021 3540