Аёлларимизга баъзи айтар сўзларим...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


 

 “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ҳамда ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”

(Рум сураси, 21-оят).

   Ассалому алайкум, ҳурматли муслима, мастура, муниса опа-сингилларимиз, дин қардошларимиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аёлга тўрт нарсаси: чиройи, обрў-эътибори, насаби ва дин-диёнати учун никоҳланади, диндорини тутгин, (барака топасан)!” деган муборак сўзлари риояси боис биз ўз ҳаётимизни сиздай солиҳа, Аллоҳнинг фарзларига итоат этган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилган, ҳаёси, иффати ва номусини муҳофазалаган аёл-қизлар ила боғлаганмиз, яъни оила қурганмиз.

   Тўғри, ҳаёт, оила, рўзғор ташвишлари, ижтимоий ва иқтисодий турли муаммоларга дуч келганда бироз асабийлашасизлар.    Заифалигингиз, таъсирчан эканингиз, ҳиссиётлироқлигингиз сабаб бироз тилингизга ҳам эрк бериб қўясиз. Ўзаро бир-биримизни тушуниш, якдил фикрда жамланиш машаққатлироқ кечади гоҳида.

    Аслида ўша вазиятда, ўзимнинг ҳаётимдан мисол, сизлар кўпинча ҳақ бўласизлар, лекин эркак киши учун буни тан олиш ҳам осонмас-да. Сизлар буни англай билинглар, ахир! Бундай ҳолатда биз эркаклар оила бошлиғи ва масъулият зиммасида бўлган киши сифатида инжиқлигингиз, эркалигингиз ва аёллигингизга бориб, баъзида ёш болалардек аразларингизга чидаймиз, кўнамиз.    

    Бу хусусда ҳам севикли Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, муборак ўгитлари бўлмиш “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин. Агар бир тарафидан норози бўлса, иккинчи тарафи уни рози қилади” ҳадисини қалбимизга жо айлаганмиз. Чунки сизни Аллоҳ учун яхши кўрамиз!

   Кўзларимиз сизга қараб қувнайди, қалбимиз сокинлик топади. Яна шуниси борки, сизлар фақат шодлик, тинчлик дамларимиздагина эмас, ҳаётимиз осмонини қора булутлар қоплаганда, изтироблар, айрилиқ ва йўқотишлар, дарду аламларга чулғанган дамларда ҳам ёнимиздасиз...

   Сизларнинг тасаллингиз, юпанчингиз, ҳамроҳлигингиз биз эркакларни эзиб турган оғир юклардан халос бўлишимизда, синову имтиҳонлардан сабот билан ўтишимизда қанчалар мадад эканини, қувват манбаи бўлишингизни тасаввур ҳам этолмайсиз...

  Чунки буни ҳар доим ҳам сизга очиқ айтиб, эътироф этавермаймиз. Исломга риоя қилишда Умар розияллоҳу анҳудан ўтиб бўларканми?! У зотнинг аёллари ҳақида “...У менинг таомимни пиширувчи, нонимни ёпувчи, кийимларимни ювувчи, болаларимни эмизувчидир. У билан қалбим ҳаромдан таскин топади”, деган олтин сўзларини яхши биламиз. Биз ҳам шундай бўлишга уринамиз.

   Ахир, сиз ширин фарзандларимизнинг меҳрибон онажониси, эрталаб ишга кузатиб, кечда то биз ишдан қайтмагунча дастурхонга ҳам ўтирмасдан интиқ кутадиган мунтазира ва мушфиқаларимиз бўлсангиз. Сизларни ёмон кўриб бўларканми?! Кун давомидаги чарчоқ, асаблар толиқиши, бироз дилхираликларнинг бари уйимиз остонасидан хатлаб кирганда битта табассумингиз ила, “Ассалому алайкум, яхши келдингизми?” деган сўзларингиз билан бир зумда тарқаб, ғуборлар йўқ бўлиб кетади-ку. Буни биласизларми?! Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир насиҳатлари билан “Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига нисбатан яхшиларингиздир”, дея уқтирганларки, сизларга ноҳақлик қилишдан Ўзи асрасин! Сизлардан нима ҳам истардик, бизнинг маҳрамларимиз, сирдошларимиз?!

   Ҳаётимизнинг энг масъуд дамлари сизлар биландир. Келажакда фарзандларимиз ҳақида ният қилган тўйлар, шодиёналарда ҳам ёнимизда туришингиз бизга саодат, бизга ҳаловат!

   Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир?” деб сўралди. У зот: “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани, қачон амр қилса, итоат қиладигани ҳамда эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани”, дедилар. Биз ҳам сиз мунисаларимизда шу хислатлар жамланишини истаймиз. Кўп нарса керак эмас бахтиёрлигимиз учун. Сиз кулиб турсангиз, фарзандларимиз иймонда саломат, озода, ахлоқли ва ҳаёли бўлишса, уларнинг ёнида сиз фариштамисол аёлларимиз турсангиз, бас, шунинг ўзи кифоя. Бизга мана шулар дунёдаги сакинат, саодат, ҳаловат ва фароғатдир.

   Аллоҳим сизларни доимо паноҳида асрасин, ҳаққимизга эзгу тилаклар ва хайрли дуолар қилишда асло чарчаманг.  Сўзим ниҳоясида тилагимиз ушбудир: “Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил», дейдиганлардир(Фурқон сураси, 74-оят). 

 

Бобур Аҳмад

Мавзуга оид мақолалар
Масаллиқ Буғдой уни 350 г, сув 150 г, туз 5 г, маргарин 60 г, қўй ёки мол гўшти 300 г, пиёз 250 г, ўсимлик мойи 50 г, давоми...

13:08 / 29.11.2016 3389
Жуҳа бир куни кечаси аёли билан гаплашар эди. Бас унга эртага эрталаб ўрмонга ўтин кесгани бораман. Ва агар давоми...

07:46 / 27.02.2017 8132
Бугунги кунда юртимизда туризмини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Дунёга машҳур гўзал давоми...

16:07 / 29.10.2019 3820
Ҳазратим ҳақида ўйладим шу дам, Қайси фазилатин баён айласам. Қайси бир хислатин бунда жойласам. Оқ қоғозга давоми...

11:40 / 08.04.2019 5572