Фарзанд тарбияси: Луқмони Ҳакимнинг насиҳатлари I
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: وَلَقَدْ آتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَن يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

«Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир», деб ҳикматни бердик», (Луқмон сураси, 12 оят).

  «Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда.

 «Батаҳқиқ, Биз Луқмонга:»

У кишининг исмларига «ҳаким» лақаби қўшилиб зикр қилиниши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни Пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, ҳазрати Луқмон Пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки Пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг Пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.

 «Аллоҳга шукр қил.»

«Шукр» сўзи луғатда неъмат берувчига мақтов айтмоқ ва неъматни неъмат бергувчи рози бўладиган равишда ишлатмоққа нисбатан ишлатилади. Аллоҳга шукр қилиш – У Зотнинг берган неъматларига (неъматларининг ҳадди-ҳисоби йўқ) қурби етганича, миннатдорчилик билдириш ва ўша неъматларни Аллоҳ рози бўладиган равишда ишлатишдир. Бунинг учун иймон келтириб, Аллоҳга ибодат қилиб яшаш керак. Шундай қилган одам фойда топади.

 «Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир.»

Аллоҳга иймон келтирган, Унга ибодат қилган одам фақат ўзи учун фойда олади. Икки дунё саодатига эришади.

 «Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир.»

Ношукр бўлган банда фақат ўзига зарар қилади. Чунки унинг ношукрлигидан Аллоҳга зарар етмайди. Унинг шукрига Аллоҳ таоло муҳтож ҳам эмас. Аллоҳ таоло аслида беҳожат Зотдир. Ҳеч бир нарсага, жумладан, бандаларининг шукр қилишига ҳам ҳожати йўқдир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳамду сано ва мақтовларга ҳам ҳожати йўқ. У Ўзи аслида мақталган Зотдир.

 «Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир», (Луқмон сураси, 13 оят).

Боласига панд-насиҳат қилиш отанинг вазифасидир. Айниқса, иймон-эътиқод, дину диёнат масаласида ота фарзандларига нисбатан улкан масъулият ҳис этмоғи даркор. Аллоҳ томонидан ҳикмат берилган зот Луқмони Ҳаким ҳам оталик бурчини адо этиб, ўғлига панд-насиҳат қилмоқда:

 «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма».

Ота боласига қилиши лозим бўлган бош насиҳат мана шу. Чунки доимо – қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бош масала шудир.

Мана, қайсидир замонларда Луқмони Ҳаким ҳам ўғлига шундай насиҳат қилганлиги келтирилмоқда. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда ҳам шундай насиҳат қилинган. Бундан кейин ҳам шундай қилинаверади.

 Луқмони Ҳаким ўғлини ширкдан қайтариш билангина кифояланиб қолмади. Балки ширкнинг нима эканини ҳам баён қилди:

«Албатта, ширк катта зулмдир», деди.

Ҳа, ширкдан каттароқ зулм йўқ. Чунки ширк яратган Холиқ, ризқ берган Розиқ, Роббул оламин бўлган Аллоҳ таолога нисбатан катта жиноятдир.

Дунёдаги ҳар бир инсон яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога иймон келтириб, фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилиши лозим эди. Лекин баъзи одамлар айнан шу маънода Аллоҳга нисбатан зулм қилдилар. Унга ширк келтирдилар. Баъзи махлуқотларни Аллоҳга шерик қилдилар.

 Ўтган оятнинг давоми ўлароқ кейинги икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги алоқа қандай бўлиши кераклиги баён қилинади:

«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир», (Луқмон сураси, 14 оят).

 Қуръони Каримда фарзандларга ота-онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки ота-онанинг ҳаққини Ислом юқори қўяди. Бу мавзудаги оятлар ўрни билан ўрганилди ва яна ўрганилади. Ушбу оятда эса ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён этилмоқда.

 «Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик...»

Тавсия, кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас. Балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.

 «Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди.»

Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.

 «Уни сутдан ажратиш икки йилдадир.»

Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.

Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун уни эмизган аёл унга эмизикли она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.

Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.

Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат эканлиги айтилади:

 «Менга ва ота-онага шукр қилгин».

Эй, инсон фарзанди, аввало, Менга – яратган Роббингга, кейин ота-онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир.

 «Ва қайтиш фақат Менгадир.»

Билиб қўй: ана ўша қайтиш бўлганида, бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.

 «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман», (Луқмон сураси, 15 оят).

Ҳа, ота-онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратгувчи ва ризқ бергувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.

 «Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»

Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби, боласини ширкдан қайтариш ўрнига, уни номаълум нарсани Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Бу масалада ота-онага итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик – турган гап. Мўмин-мусулмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У Зотга маъсият ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Холиққа маъсият бўладиган ишда махлуққа итоат этилмас», деганлар.

Лекин бу дегани, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.

 «Ва дунёда икковларига яхшилик қил...»

Мусулмон фарзанд кофир ота-онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурмат этишни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.

 «...ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш.»

Яъни менинг йўлимни тутган мўмин-мусулмонларнинг изидан юр.

 «Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир.»

Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.

 «Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.»

Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.

«Тафсири Ҳилол»

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ёз фаслида кимлардир мактабни тамомлади. Дарслар, навбатчиликлар, иккию беш баҳолар, жанжал давоми...

21:00 / 13.07.2019 4629
Зарурий ҳожатлар билан бозор расталарини айланар эканман, менга қараб турган аёлга кўзим тушди. Қандай давоми...

21:06 / 27.10.2023 2747
embedhttpswww.youtube.comwatchvpBwRNNStmuAembed

16:20 / 24.05.2017 3786
Абдуллоҳ ибн Масъуддан .Сизлар Рамазон ойиниқандай кутиб олардинглар, деб сўрашди. У киши .Бизнингкишилар давоми...

21:10 / 27.03.2023 2255