БЎҒИЛГАН БУЛОҚЛАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БЎҒИЛГАН БУЛОҚЛАР

Охирги икки ой бетоб бўлиб, бир-икки касалхоналарда узоқ вақт ётиб даволанишимга тўғри келди.  Узоқ вақтга чўзилган оғриқли кунларим, айтишим мумкинки, мен учун бир ҳаёт мактаби вазифасини ўтади. Жамият, вазият, одамлар, хусусан, миллатимиз тўғрисида, тараққиёту таназзулимиз ҳақида тафаккур ва таҳлил қилишга имкон берди.

         Касалхонада даволанар эканман, қисқа  муолажалар олиб, икки-уч кунда уйига қайтувчи кўплаб аёллар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Уларнинг ҳаёт ҳақидаги “фалсафа”ларидан гоҳида ўйга толсам, гоҳида жуда хафа бўлиб кетардим. Табиатан ўта кузатувчан бўлганим, ҳамма нарса ҳақида ўйлаб кўриш ва мулоҳаза юритишга ўрганганим учунми, бу аёлларга қараб, жамиятнинг ҳолини ўзимча таҳлил қилиб кўрдим. Унинг оқ ва қора томонларини ўзимча тафтиш қилдим, қора томонни оқлаш чоралари ҳақида ақлим етганича ўйлаб кўрдим.

         Аёллар жамиятнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Жамият аъзолари уларнинг қўлида ўсган, таълимотини ўзида сингдирган кишилардан иборат. Демакки, аёлларга қараб жамият ҳақида бемалол хулоса чиқариш мумкин.

         Аввало, жамиятимизнинг салбий томонлари  ҳақида, диний эътиқод, миллий ўзлик, қадриятлар, одоб-ахлоқ масалаларининг бугунги ёшлар тимсолидаги ҳолини айтиб ўтсам.

         Ёшларимиз ҳаёт неъмати, қадрини англамай, шунчаки яшаб ўтказиш, ўйин-кулгу, тансиқ таомлар ва турмуш тарзини имкон қадар қулайлаштириш деб қабул қилган. Барча нарса моддиятга асосланиб, моддий ўлчаниб қолган. Биргина мисол: келинларимиз дунёга келажак фарзанднинг жисми жони соғлом бўлиши, зарурий витаминлар ва озуқалар вақтида тўлиқ етиб боришига шу қадар ҳарис бўлиб, берилиб кетишганки, кўп вақтни ейиш-ичиш, дориларни ўз вақтида қабул қилиш, сайр этишга сарфлайдилар. Афсуски, туғилажак фарзанднинг инсонлиги асоси бўлган маънавий-руҳий озуқаси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ўзларидан болага ўтадиган ҳислар, иймон-эътиқод ва бошқа олий мақсадларни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайдиганлар кўпчиликни ташкил этар экан.

         Келинчакларни ҳали ёш, десам, тўртинчи, бешинчи фарзандини кутаётган катта ёшли аёллар ҳам улардан асло қолишмайди. Вақтни ўлдириш учун, деб тинимсиз телефонда сериаллар кўришади, аллақандай ўйинлар ўйнашади. Кейин мана шу бемаза фильмларни берилиб муҳокама қилишга шўнғиб кетадилар. Биз эса оналари телефонида карта, нард ўйинларини ўйнаб, Туркиянинг фаҳш босган киноларини кўриб дунёга келтиражак авлоддан Бухорий, Термизий, Хоразмийларни кутиб, хомтама бўлиб юрибмиз. «Бухорийни бизга қачон туғиб берасан?» дегунча, Бухорийнинг онаси бўлишга лойиқ аёлларни тарбиялашимиз мантиққа кўпроқ тўғри келмайдими?

         Кейинги ҳолат зино масаласи. Ҳа, қанчалик оғриқли ва шармандали бўлишига қарамай, тан олиш керак, зино бугун оддий ҳолга айланиб бормоқда. Ёш келинчаклар ўзаро чой устида ёки шунчаки, ўзлари айтгандек «вақтни ўлдириш учун» йиғилволиб гапга киришиб кетганда, аксарияти эрларининг зиноси билан мақтанишарди. Буни ҳатто “йигитчилик” деб фахр билан қабул қилган, “юрмаган йигит ҳам эркакми?” деганларни ҳам кўрдим. Астағфируллоҳ! Аниқки, агар эри ҳалол ва пок йўл билан бирорта аёлни никоҳлаб олиб, буни хотинига билдирса, ўша куни у хонадонда уруш-жанжал бўлади. Бу жанжаллар у аёлни талоқ қилмагунича давом этади. Аллоҳ таоло рухсат берган бир иш қоим қилинганда фахрланиш, «менинг хожам шунақа мардлик қилди» дейиш ўрнига уруғ-аймоғи билан жангга кирувчи аёл, эри зино қилиб келиб, “ҳаммасидан барибир ўзинг яхшисан”, деган уятсиз ва андишасиз гапидан фахрланиб, “мен ҳаммасидан зўрман” дея кеккайиб юради. Мана бизнинг аёлларимиз савияси! Мана бизнинг эркакларимиз тутими!  Эшитганимда ҳис қилган таассуф, алам ва энг ёмони ожизлигимни билиб, озгина насиҳат қилишдан бошқага ярай олмаслик аламини биргина мақолада тушунтира олмайман... Бу даҳшатнинг ўзи, холос. Зоний ота, савиясиз, эътиқодсиз, вақти сериал билан ўтувчи онадан дунёга келган гўдак Ватанимнинг, миллатимнинг  қандай келажаги бўлишини ўйлаб, ич-ичимдан оғриндим.

Дардга чидамсизлик, одобсизлик, она бўла туриб ўзини ўсмир қизчалардек енгил-елпи тутиш... Кўнгли тусаган нарсани отасига ҳам, ака-укасига ҳам айтиб, эркалик қилиш... Фарзанд дунёга келгач, отасига қўнғироқ қилиб «Дада, туғволдим, Худога шукр», «Дада, набиралик бўлдингиз», «Дада, хавотир олманг, туғдим», деб телефон қилишлари... Тавба, тавба... Наҳот биз сабрли, андишали, ҳаёли миллат аёллари шунчалик тоқатсиз, сабрсиз, ҳаёсиз бўлиб қолаётган бўлсак?! Оталаридан уялиб рухсатни оналари орқали олган, ҳурмат ва иззатни онасидан ўрганган қизларимиз қачондан бери дадалар билан бундай «самимий», «дўстона» гаплашадиган бўлиб кетишди? У дадалар қанақа одам эканки, хотини туриб ўзи туғруқхонадаги қиздан ҳол сўрайди? Қизларчи? Қайси тил билан падари бузруквор, қиблагоҳ деб эъзозланадиган одамга «туғиш» деган қўпол сийға билан янгиликни эълон қила олди?..

         Оналар  қизларга турмушга чиқишидан олдин ҳадеб пишир-куйдир, уй-жойни қириб-қиртишлаш, эрни қандай қўлга олишнигина ўргатмай, балки уйнинг гапини кўчага чиқармаслик, жуфтлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатларни давлат сиридек сақлашни онгига сингдириш, қулоғига зирак қилиб тақишни ҳам ўзларига муҳим вазифа деб билсинлар. Мана шу вазифа оилаларни тотувлигини, аҳиллигини таъминлайдиган, ор-номусини сақлайдиган омил эмасми?! Келинлар сендан мен камми қабилида, турмушидаги барча латиф муомалалари тўғрисида мақтаниб, писта чақиб уялмай бир-бирига айтиб ўтиришибди. Бу эса одобсизликнинг, андишасизликнинг уятсиз кўриниши эмасми?!  

         Бу ҳолатлар, балки аллақачон гапиришга арзимас, оддий турмуш тарзига айланиб, одамлар онгига сингиб, одат тусига кирган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолатлар миллатнинг ору номусини қадрлайдиган, оёқ ости қилмайдиган кишилар учун асло “гапиришга арзимас”, “оддий турмуш тарзи”, “одамлар онгига сингиб, одат тусига кирган”  ҳолатлар бўлиши мумкин эмас. Аксинча бу ачинарли, жарликка қулаётган миллатнинг қайғули ҳолати деб биламан. Бугун ҳам, эртага ҳам бу ҳолатлар жиддий хавф туғдирадиган омилларни келтириб чиқаради. Доимо солиҳлар даврасида, одоб-ахлоққа қатъий амал қилинадиган муҳитда юрган, бундай бемазаликларни ҳатто тасаввур ҳам қилмайдиган кишилар учун бу гаплар уят ва андишасиз гаплардай туюлар... Аммо ҳақиқат бу!

Касалхонада аёллар даврасида бўлиб,  аёлларимизга нима кераклиги, айни пайтда улар нималарга муҳтожлиги ҳақида ўйладим. Уларнинг диний, ахлоқий савияси ҳақида бироз тасаввур пайдо бўлди. Бежизга инсонлар орасида аралашиб  юрган мўмин ибодат учун узлатга чиққан мўминдан афзал,  дейилмас экан. Одамларга қўшилсангиз, муаммоларни кўриб, нимадир чора кўришга уринар экансиз, ҳечқурса, дуо қиласиз, Аллоҳ таолодан ислоҳ тилайсиз...

         Энди ўзим учратганим ижобий хислатлар, мақола сарлавҳасига тааллуқли мулоҳазаларга ўтсам.

         Яхшилик, диндорлик туйғуси, кўнгли очиқлик ва ихлос халқимизнинг қон қонига сингиб кетган. Бу нарса кўп ҳолатларда ўзини ғайриихтиёрий тарзда ошкор этиб туради. Масалан, кийинишига қараб бирор европалик деб айтса бўладиган аёллар ҳам сизнинг мастуралигингизни ҳурмат қилади. Ўзи намоз ўқишни билмаса-да, намоз вақти кирганда жойнамоз тўшаб беради, ҳурмат ва ихлос билан жим туриб намоз тугашини кутади. Шундан бирор савоб умид қиладилар. Қуръон ўқишмайди, аммо сиз ўқий бошласангиз, жим тинглашади, ҳатто эгнидаги либосидан уялиб, ўзини тузатгач, келиб қулоқ солганлар ҳам бўлди. Қуръонга эҳтиром ҳам уларнинг фитратида бор, холос тарбиясида йўқ...

         Ўзлари сериал кўриб, қўшиқ тинглаб, ўйин ўйнаб бўлгач, болага Қуръони Карим тиловатини эшиттира бошлайдилар. Болалари ҳақида аҳли солиҳ, диндор киши бўлсин, деб дуо қилсангиз, севиниб, ихлос билан омин деб туришади, шундай инсон бўлишини ўзлари ҳам қаттиқ хоҳлайдилар. Аммо хато шундаки, қандай дарахт бўлсангиз, ўша мевадан ортиғини бермаслигингизни тафаккур қилиб кўриш йўқ. Ёмон томони, диний савиянинг ўта саёзлиги, асл шариат амалларини бидъату хурофотдан, фарзу вожибларни мубоҳдан фарқлай олишмайди. Намоз ўқимаслик ҳам мумкин, аммо болани қулоғига азон айттириш шарт, рўза тутмаслик мумкин, аммо арафа оши қилиш вожиб...  Оддий одатлар дин аркони деб тасаввур қилинган.

         Ўта замонавий ёш оналар ҳам боласининг оғзига озуқасини «Бисмиллоҳ» деб тутганини кўриб, вужудимда ажиб туйғулар кечади. Ўзи ёки фарзанди муолажага муҳтож бўлиб турганлар бир-бирига шу қадар ҳамдард, ҳамжиҳатки, зарур бўлганда дориларини, керакли тиббий анжомларни ҳеч малолланмай бериб юборишганини кўп кўрдим. Ҳамшира қизлар, ҳамшира аёллар заиф гўдакларни «Бисмиллоҳ»сиз қўлга олишмайди. Яшаб кетишидан яшамаслик эҳтимоли кўп бўлган гўдакларни тинимсиз дуо қилишади. Ҳаммадан қизиғи, бола кекирса, «Ё Раззоқ» деб қўйишади. Булар кишига ажиб завқ беради, умид уйғотади. Бу халқимиз қонига сингиб кетган муборак Ислом динининг таъсиридан ўзга нарса эмас. Шунчаки вақтлар, шароитлар, қатағонлар бу нарсани ўзгартириб юборган, холос.

         Диндан, сийратдан гапирсангиз, ҳамма жон қулоғи билан тинглайди, ўзи хоҳлаб эшитади. Насиҳат қилсангиз, гап қайтармайди, мендан кичиксан демайди, ўзлари юрган йўлнинг тўғри эмаслигини билиб, тан олувчилар ҳам анчагина. Чунки қонида, аслий фитратида диндорлик, холислик, софлик бор. Мен улардаги диний туйғуни худди бўғиб қўйилган булоқларга ўхшатдим. Бир ҳимматли киши бўлсаю, булоқ кўзини ёпиб турган тошларни нари бери суриб қўйса, зилол сув яна ўз ўзанига тушиб олса...

         Хулосам шуки, бугунгиларнинг биздан битта авлод олдинги кишиларга қараганда, диний савияси анча ўсган, онгида юксалиш пайдо бўлгани аниқ. Аёлларда динга чанқоқлик ортиқ даражада, «ҳайт» десангиз, озгина қўлласангиз, ўзлигини, аслиятини жуда тез фурсатда топиб оладиган сиёқлари бор. Улар ўз динига ташна гуллар экан, озгина суғорсангиз, чунонам гуркираб, яшнайдики, кўзингиз қувнайди.

         Умид энг охирида ўлади, дейишади. Биз умидни амал билан боғлаб, қатъий ҳаракат бошласак. Хўш, нимадан бошлашимиз, нималарга эътибор қилишимиз, диний онгни яна ҳам ўстириш учун қандай тадбир қўллашимиз мумкин? Шу ҳақида фикр-мулоҳаза, маслаҳат ва таклифларингизни баҳам кўрсангиз, биргаликда иш қилсак, иншааллоҳ хайрли бўлар эди...

         Зебунисо Қутбиддин

          

        

        

          

Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атирупалар билан лозим давоми...

14:25 / 15.11.2016 8578
АЁЛЛАРНИНГ ЗЕРИКИШИ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАР Тавбатазарру қилинг, бекорчиликни ҳайданг Турмуш ўртоғингиз давоми...

09:20 / 09.04.2017 4416
«Эй Одам фарзанди Тавбаси нуқсонли, орзуҳаваси узун кишилар жумласидан бўлма Охиратни амалсиз умид давоми...

20:10 / 29.12.2016 4541
Бугун 17 ноябрь куни HILOLNASHR нашриётиматбааси мажлислар залида Рабиъул аввал ойи муносабати билан давоми...

16:47 / 17.11.2019 2550