БАНДАЛИКДА СОДИҚЛИК ВА РОББНИНГ ҲАҚЛАРИНИ АДО ЭТИШ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Орифларнинг Аллоҳдан сўрайдигани бандаликда содиқ бўлиш ва рубубият ҳақларини адо этишдир.

Аллоҳ таолодан жаннатий неъматларни ва ундаги ҳурларни, қасрларни сўраган киши билан Ҳақ таолонинг дийдорига етишишни, У Зот билан орасидан парда кўтарилишини сўровчи кишининг орасида фарқ бор, албатта.

Аллоҳдан сўраладиган энг афзал нарса У Зот бандасидан талаб қиладиган нарсани сўрашдир. Яъни бандаликда содиқ бўлиш ва рубубият ҳақларини ўрнига қўйиш. Бу Аллоҳ бандадан сўрайдиган нарсани қила олишга муваффақ этишини, уни англашни ниятларга жо қилишини Ўзидан сўрашдир. Ҳар бир банда аввало ўзини ушбу мезонга солиб кўриши, бандаликдаги содиқлиги холис амалларга бино қилинганини тафтиш қилиб олиши муҳимдир.

Аллоҳдан тўсилиб, дунёнинг ортидан югураётган кишининг бирон дунёвий иши битмай қолса, Аллоҳга илтижо қилади. Дунё ҳаёти учун ҳашаматли иморат қураётган киши уни ниҳояламай туриб, маблағи тугаб қолса, шу заҳоти Аллоҳга илтижо билан ёлворади. Бошига иш тушгандагина Ҳақ таолога юзланувчилар аслида сўраш лозим бўлган нарсалар қолиб, дўсту биродарларининг олдида юзини ёруғ қилиш хаёли билан ёки иморатини битказиб олиш учунгина ибодатда бўлади.

Аслида бандалик қандай бўлиши керак эди?

Содиқлик қандай бўлиши лозим эди?

Аслида шу сарой каби уйнинг миқдорини сарфлаб, Унинг розилигини кўзлаш керак эмасмиди?

Ҳар бир ишда энг аввалги ўринда Аллоҳ таоло туриши керак эмасмиди?

Чинакам мухлис бўлишни, содиқликка етишишни истовчи ҳар бир банданинг қандай қадам боссам, Роббим рози бўлади, деган ўлчови, ҳаётий дастури бўлиши керак. Аввало бандалик сидқини адо этиб,  Робб таолонинг ҳақиқий маъносини, моҳиятини тушуниб олиш, Унинг ҳаққи бўлган муҳаббатни адо этиш зарур. Яна Аллоҳ таолодан ажр-савоб умидида бўлиш ҳам борки, бундаги ният фақатгина жаннатини сўраш мақсадига бино бўлмаслиги лозим. Ният қилишда эҳтиёткор бўлишдан асл мақсад эваз учун эмас, Робб таолонинг розилиги учунгина яшамоқликдир. «Шу амалларни қилдим, жаннатингга киритгин», деган шартнома асосида амал қилиш жоиз эмас.

Банда Аллоҳ таолога Унинг марҳамати, Унинг жаннати бўлгани учун илтижо қилади. Солиҳ бандалар жаннатдан ўрин топишини билгани учун ундан насибадор қилишини сўраб, марҳаматидан умидвор бўлиб илтижо қилиш ўринлидир. Ниятнинг аввалига  жаннатни, неъматни эмас, балки Ўзининг розилигини сидқидилдан қўя олиш керак. Бирор кишига яхшилик қилган киши ундан «Дуо қилинг», деб сўраганидан кўра, чин қалбдан ихлос қилгани содиқликдир. Ахир Аллоҳ таоло у дуо қилмаса ҳам, таъкидламаса ҳам, барча нарсани кўриб тургувчи, ўз ўрнига қўювчи Зот эмасми?

Ҳикматнинг асосида Аллоҳ таолонинг аввало Робблик сифати риоясини қилиш, Роббнинг розилигини мақсад қилиб, ортидан келган ажрдан хурсанд бўлиш, Ўзининг мақомига яраша муносабат қилиш энг биринчи ўринда туради.

Мавзуга оид мақолалар
АЛЛОҲНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ҚАДРИНИ БИЛИШ УСЛУБИУ Зотнинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сени нима билан давоми...

19:00 / 27.04.2020 4574
Тоатга уринмай, унинг йўқлигига маҳзун бўлиш ғурурга кетишнинг аломатларидандир. Ғурур деганда одатда омма давоми...

05:00 / 01.06.2020 2690
Аллоҳ сенга Ўзининг тоатини ва Ўзи ила бундан беҳожат бўлишни насиб қилса, билгинки, У Зот сенга ошкора ва давоми...

19:00 / 16.05.2020 4303
Кенгчиликда хурсандчилик борлиги учун нафс ўз насибасини олади. Торликда нафснинг насибаси йўқдир.Ушбу давоми...

17:43 / 02.08.2020 3255