ОРИФ ҚАНДАЙ КИШИ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ориф ишора қилганида, ишорасидан кўра Ҳақни ўзига яқин топган киши эмас. Балки ориф У Зотнинг вужудига фоний бўлгани ва шуҳудига буркангани учун ишораси бўлмаган кишидир. 

«Ориф» сўзи арабча «маърифат» сўзидан олинган бўлиб, билувчи, маърифатга етган шахсга нисбатан ишлатилади. Аллоҳ таолога нисбатан Билувчи маъноси қўлланилади. Тасаввуфда эса ориф шундай кишики,  Аллоҳ таолога яқинлигидан дунёга нисбатан фанога юз тутиб, ҳеч бир ишоралар ва жидду-жаҳдларга ўрин қолмаган кишидир. Ориф расуллар ва набийлардан қуйи турувчи ўрин. Бу сифат Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда ва саҳобий розияллоҳу анҳуларда ҳам бўлган, лекин уларга нисбатан ушбу истилоҳ ишлатилмаган.

Ваҳий нозил бўлиб, Ислом дини жорий бўлаётган даврдаги башариятнинг энг афзал инсонлари – саҳобалар илм, фаросат, тақво, орифлик ва тил фасоҳати бўйича етук даражада бўлганларки, уларнинг фазилатли жиҳатлари бирон шарҳга эҳтиёж бўлмаган. Улар фитратларининг софлиги сабаб, ҳар бир кўрсатмани борича қабул қила олганлар. Шу эҳтимоллар боис ҳали фиқҳ ҳамда тафсир илмларига эҳтиёж бўлмаган. Замонлар ўтиши билан, улардан кейингги хулафои рошидийнлар даврига келиб, фатҳлар кўпайиши, араб халқига ажамлар қўшилиши, Ислом сарҳадларининг кенгайиши  натижасида турли илмлар алоҳида фан сифатида шакллана бошлаган. Бошқа юртлардан келганлар соф араб тилини тушунишмагач, таржимонга эҳтиёж туғилган. Ташқаридан келувчиларнинг ҳаммалари ҳам саҳобий розияллоҳу анҳулардек тақво, савия ва даражаларга эга бўлмаган. Уларнинг эътиқоди, хилқати, фаҳми ва бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда зарурий шарҳларга, илмларга эҳтиёжлар туғилган. Турли миллат вакилларининг қўшилиши, уларнинг илмни тўлиқ ўргана олмаганлари ва бошқа шу каби сабаблар туфайли ҳаттоки тўқима ҳадислар пайдо бўла бошлаган, тафсирга нотўғри таъвиллар қилиниш ҳолатлари кўпайган, ахлоқий жиҳатлар заифлаша борган, ақийда борасида тортишувлар кўпайган. Шу тариқа уламолар юзага чиқиб, тасаввуф истилоҳларининг илм-фан шаклига келтирилишига эҳтиёж туғила бошлаган. Шу зайлда «ориф», «зокир», «фозил» каби истилоҳлар, даражалар, мартабалар, шукр-ризо, тазкия, тасаввуф ва бошқа атамалар шакллана борди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бўлган ворид, яхши ва ёмон ҳолатлар бандага ўзини англаб олиши учун ишорадир. Банда неъмат келганда тоати мукофотини ҳис қилишида, янада ҳушёр бўлишида, гуноҳда бардавом бўлганида келувчи мусибат ҳақида тафаккур қилишида турли ишораларга муҳтож бўлади. Ориф зотлар эса ишораларга эҳтиёжи йўқ кишилардир. Улар шу даражага етганларки, худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек, У Зотга ниҳоятда яқин қурбат ҳосил қилганлар. Шу боис сирларни кашф қилишга уларнинг эҳтиёжи йўқ. Улар куну тун Аллоҳ таолодан йироқлашмайдилар.

Уларнинг иккинчи хусусияти шуки, у зотлар Робби билан бўлган муносабатни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Уларга  етган мусибатнинг ҳам, неъматнинг ҳам аҳамияти йўқ. Уларга энг муҳим нарса Аллоҳ билан бўлган алоқадир. Бундан бошқа нарсаларга эса, уларнинг ўткинчилигини тўлиқ ҳис қилган ҳолда, мутлақо аҳамиятсиз қарайдилар. Аллоҳ билан муносабатида боқийлик бор, дунёга нисбатан эса фанога юз тутган. Масиятда, дунё маишатида, турли гуноҳларда фанога юз тутган. У банда сифатида, Аллоҳга қул сифатида, итоаткор сифатида чинакам сидқ эгасидир.

Ориф ҳам банда сифатида ер юзида яшайди, инсонлар билан муомала қилади, бурчларини адо этади, бандалардан ҳаққини ҳам талаб қилади.  Лекин у бу нарсаларга юраги билан юзланмайди. Шунчаки Роббининг амрини бажариш учунгина зиммасиги бурчларни адо этади. Уларнинг васфида: «Тоат-ибодати ўрнида бўлган тақводор бандалар ер юзида халойиққа бошқалардан кўра кўпроқ манфаат келтиради. У Аллоҳ таолонинг инсонга юборган буйруқларини ўрнида адо этади. Бу ҳаёт кечира туриб, Аллоҳга боғланишдир. Узилиш эмас», дейилган.

Имом Розий айтганларидек, орифлик: «Ботининг Аллоҳ билан бўлиб, зоҳиринг халойиқ билан бўлишидир», яъни қалбнинг Аллоҳга муаллақ туриши орифликдир.

Ориф киши ҳақидаги энг яхши васфни Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ҳар нарсада Аллоҳни бирга кўрдим. У нарсадан олдин ҳам Аллоҳни кўрдим, кейин ҳам Аллоҳни кўрдим».

Мавзуга оид мақолалар
Ҳақиқий тойй яқинлаштириш ndash охиратни ўзингдан ҳам яқинроқ кўришинг учун бу дунёнинг масофасини ўзингга давоми...

22:01 / 06.10.2020 2801
Фоний бўлмас иззатинг бўлишини истасанг, фоний иззат билан иззат талаб қилма.Инсон ўзининг азизлигини талаб давоми...

03:31 / 01.09.2020 2440
Борлиқдаги нарсаларнинг зоҳири алдамчидир, ботини ибратлидир. Нафс уларнинг алдамчи зоҳирига қарайди. Қалб давоми...

18:13 / 23.08.2020 4090
Ато ва ман қилиш ҳақидаМахлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан давоми...

07:52 / 18.01.2021 3231