ҒУРУРГА КЕТИШНИНГ АЛОМАТИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатга уринмай, унинг йўқлигига маҳзун бўлиш ғурурга кетишнинг аломатларидандир.

Ғурур деганда одатда омма орасида фахр маъноси тушунилади. Бугунги мавзуимизда эса ғурурнинг ҳикмат асосидаги маъноси, яъни турли баҳона-важларга алданиб, адашиб қолиш маъноси англанади. Бандадан хатолар содир бўлаверса, унга танбеҳ маъносида ишоралар, мусибатлар кела бошлайди. Дастлабки мусибатлар – бу ибодатларнинг нуқсонга юз тутаётганидир. Бундай одам ибодатларига тўлиқ эриша олмаётгани, Роббининг тоатида қоим бўлишни жуда исташини гўзал таърифлар билан баён қилади-ю, амалга эса шошилмайди.

Хатолар сабаб қайғуриш араб тилида حزن дейилиб,  бирон ёмон ишга қўл уриш, яхши амалда муқим тура олмаслик каби сабаблар туфайли маҳзунликнинг пайдо бўлишини ифодалайди. Намоз вақтининг ўтказиб юборилиши, гуноҳи кабираларга йўл қўйиш, ёлғон, ғийбат каби қайтарилган гуноҳлардан тийила олмаслик шу жумладандир. Киши истамаса-да, нафсининг заифлиги боис  хатоларга йўл қўйганида, Аллоҳнинг норози бўлишидан хавотирга тушади. Масаланинг ечими эса бундай хорғинликни ҳис қилгач, хато ўрнини дарҳол муносиб амаллар билан тўлдиришга уринишдир. Аслида нуқсонларнинг ҳикмати ҳам шундай комилликка эришиш йўлидаги воситадир. Фақат бу нарсани тўлиқ ҳис қила олмаганимиз учун намозларда қазога йўл қўяверамиз, бунга жисмимиздаги қувват камлигини важ қилаверамиз. Бу  эса нифоқнинг бир кўриниш бўлиб, банда учун улкан хатар демакдир.

Гўёки ибодатлардаги нуқсонларимизга келтираётган баҳоналаримиз билан покланиб олаётгандек, тилда афсус-надомат изҳор қиламиз-у, амалга киришмаймиз.

Банданинг амалидан қониқмаслиги, қусурини бот-бот эслаб туриши қачон нифоқ ва ғурурга кетиш бўлмайди?

Ўзидаги бор имкониятни ишга солиб, астойдил Роббига интилса!

Амалларда нуқсонга йўл қўювчи кишиларни турли мисолларда кўриш мумкин. Албатта, бетоблиги аниқ кўриниб турган, ҳақиқатда ҳам узрли кишилар ҳам бор. Лекин иродасининг сустлиги сабаб хато қилиб қўювчи, бомдод намозига тура олмайдиган бандалар ҳам борки, қалби ҳар доим шу ташвиш билан банд. Бундай киши Аллоҳ таолодан мадад исташи, У Зотга мустаҳкам ирода сўраб, дуоларда давомий илтижо қилиши лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ

«Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! (Оли Имрон сураси, 139-оят) 

Ушбу ояти карима жанг вақтида нозил бўлган. Маҳзунлик кишининг қувватини кесадиган омилдир. Шунинг учун жангчилар умидсизликка тушиб, ҳолдан тоймасликлари учун маҳзунликдан қайтарилган.

Қўл-оёқни кесиб қўядиган маҳзунлик кишининг ўзи ўйлаб топган важ-баҳоналар билан алданиб қолишига, адашиб, ғуруга кетишига, нифоққа юз тутишига  сабаб бўлади.

Дунё ишининг тақозоси шуки, инсон хато қилади. Инсон зоти ҳеч қачон хатодан холи бўлмаган. Фақат пайғамбар алайҳиссаломларгина маъсумдирлар.  Лекин инсонга хатокорликда бардавом бўлишга рухсат берилмаган.  Юқоридаги мисоллардан шундай хулоса қиламиз: кўксингизда шундай маҳзунлик бўлсинки, у иймонни мустаҳкамлашга, тоатларни комил қилиш ташвишида бўлиб, Аллоҳнинг розилигини топишга, Унга бандаликни изҳор қилишга ҳизмат қила олсин. Чинакам маҳзунлик ўзидан кейин келувчи амаллар билан исботланади.

Мавзуга оид мақолалар
У Зот сенга тақиқни фаҳмлаш эшигини очса, бу тақиқ атонинг айни ўзи бўлади. Бирон нарсанинг ман қилиниши, давоми...

18:08 / 16.08.2020 2304
Борлиқдаги нарсаларнинг зоҳири алдамчидир, ботини ибратлидир. Нафс уларнинг алдамчи зоҳирига қарайди. Қалб давоми...

18:13 / 23.08.2020 4090
Ориф ишора қилганида, ишорасидан кўра Ҳақни ўзига яқин топган киши эмас. Балки ориф У Зотнинг вужудига фоний давоми...

05:00 / 24.06.2020 3187
Махлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан нимадир умид қилиш, давоми...

06:01 / 30.11.2020 2347