"МЎМИНЛАРНИНГ ОНАЛАРИ ҲАҚИДА САВОЛ-ЖАВОБЛАР"
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳақларида Қуръони каримда марҳамат қилиб, у зотда биз учун гўзал ўрнак борлигини айтган. У зот алайҳиссаломга энг яқин бўлган, у зот билан бир тану бир жон бўлиб ҳаёт кечирган кишилар у зотнинг завжаларидир. Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони каримда: «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир», дея марҳамат қилган. Шундай экан, киши ўз онаси ҳақида яхши билмаслиги мумкинми? Уни танимаслиги, уни суймаслиги мумкинми?.. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари биз учун она мақомида эканлар, уларни яқиндан таниб олишимиз лозим. Шундагина уларни яхши кўрамиз, чин дилдан эъзозлаб, гўзал хулқларидан андоза оламиз.

Бу борада муаллиф Ғиёсиддин Юсуфнинг “Мўминларнинг оналари ҳақида савол-жавоблар” китобини ҳукмингизга ҳавола қилмоқдамиз. Ўқувчининг ўрганиши қулай ва осон бўлиши учун китоб савол-жавоб усулида тайёрланган.

Китобни тайёрлашда Ислом оламидаги мўътабар китоблар билан бир қаторда ҳамаср уламоларнинг сийрат мавзусида таълиф этган ишончли китобларидан фойдаланилган. 

  

Саодатли хонимлар

ХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИД

розияллоҳу анҳо

 

1-савол: Хадижа бинт Хувайлид қачон туғилган?

Жавоб: У киши «Фил воқеаси»дан ўн беш йил олдин, ҳижратдан[1] аввалги 68 йил / милодий 556-557 йилларда туғилган.

Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган. Ўша машҳур қиссанинг мухтасари қуйидагича:

Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олганидан сўнг Ҳабашистон подшоси Яманга Абраҳа Ашрамни ҳоким этиб тайинлади. Барча ҳабашистонликлар қатори, Абраҳа ҳам насроний динида эди. У Яманнинг пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қуллайс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб, черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққанидан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди. Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани черковига буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта лашкар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди. Арабларнинг юрагига даҳшат солиш учун бир нечта баҳайбат филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай, Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, Муғаммис деган жойга аскари билан келиб тушди. Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб, Қурайш қабиласи раҳбарларидан, улуғларидан бўлмиш Абдулмутталибни етаклаб келди. Абдулмутталиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди. Абраҳа Абдулмутталибни кўриб, қойил қолди ва тахтидан тушиб, унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устига ўтирди ва таржимонга: «Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» – деди.

«Аскарларинг менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг бўлди», – деди Абдулмутталиб.

Абраҳа таржимонга: «Унга айт! Келганингда сени кўриб, қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан», – деди.

«Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади», – деди Абдулмутталиб.

«Мендан ҳимоя қилолмайди», деди Абраҳа.

«Билганингни қилавер», деди Абдулмутталиб.

Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмутталиб Маккага қайтиб, одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо ила дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди.

Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Мино билан Муздалифа ўртасидаги Муҳассир водийсига етиб келишганида, филлар ётиб олиб, ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса, фил тезлаб борди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.  Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса, ўша жойда ўлаверди. Аскарлар қирилди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб, Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди.[2]

 

2-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг ота томондан бобоси ким эди?

Жавоб: Асад ибн Абдулъуззо.

3-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг онаси ким эди?

Жавоб: Фотима бинт Зоида.

4-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан қайси боболарида бирлашади?

Жавоб: Бешинчи боболари Қусайда.

5-савол: Хадижа бинт Хувайлид Қурайш қабиласининг қайси уруғидан эди?

Жавоб: Бану Асад уруғидан.

6-савол: У киши неча ёшида турмушга чиққан?

Жавоб: Ўн беш ёшга тўлганида.

7-савол: У кишининг биринчи турмуш ўртоғи ким эди?

Жавоб: Абу Ҳола Наббош ибн Зурора Тамимий.

8-савол: Хадижа бинт Хувайлид ундан нечта фарзанд кўрган эди?

Жавоб: Иккита: Ҳинд ва Ҳорис.

9-савол: Абу Ҳоланинг вафотидан сўнг Хадижа кимга турмушга чиққан?

Жавоб: Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ Махзумийга.

10-савол: У киши Атиқдан нечта фарзанд кўрган?

Жавоб: Фақат битта қиз кўрган. Унинг ҳам исми Ҳинд эди.

11-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг бу турмуши қандай кечган?

Жавоб: Оиласи бузилган.

12-савол: Хадижа бинт Хувайлиднинг Исломдан олдинги лақаби[3] нима эди?

Жавоб: У кишининг лақаби «Тоҳира» (Покиза) эди.

13-савол: Хадижа бинт Хувайлид қандай касб билан шуғулланар эди?

Жавоб: Тижорат билан. У ўз карвонини Шомга[4] юборар эди. Унинг савдо моллари бир карвон бўлар, қолган қурайшлик тижоратчиларнинг савдо моллари ҳам бир карвон бўларди. Хадижа бинт Хувайлид ўз тижорати учун эркакларни ёллар ва уларга музораба[5]  асосида мол берар эди.

 

14-савол: У киши Муҳаммад алайҳиссаломга[6] ўзининг тижоратини юритишни қачон таклиф қилди?

Жавоб: Муҳаммад алайҳиссалом йигирма беш ёшлардаги йигит чоғларида. У зотнинг гўзал хулқли, омонатдор инсонликларини Макка аҳли яхши биларди. Улар у зотни «Муҳаммад Амин», Яъни, омонатдор, ишончли Муҳаммад деб аташар эди. У зотнинг бундай фазилатларидан Хадижа бинт Хувайлид ҳам хабардор эди. Фақат Муҳаммад алайҳиссалом бу ишга рози бўлмайди деб ўйлаб, тижорат ишига таклиф қилмас эди. Бир куни Хадижа онамиз Муҳаммад алайҳиссаломга амакилари Абу Толиб томонидан у киши билан ҳамкорлик қилиш маслаҳати бўлганини эшитади ва у зотга одам юбориб, шундай дейди: «Олдингга одам юборишимга ростгўйлигинг, омонатдорлигинг ва хушхулқлигинг сабаб бўлди. Мен сенга қавмингнинг одамларига берадиган иш ҳақининг икки баробарини бераман».

Давоми бор

Ғиёсиддин Юсуф


[1]  «Ҳижрат» сўзи кўчиб ўтиш деган маънони билдиради. Исломий манбаларда йил ҳисоби «ҳижратдан аввалги», «ҳижратдан кейинги» ва «ҳижрий» деб тилга олинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган вақтлари исломий тақвимда ҳижрий биринчи йил деб ҳисобланади. Бу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврида йўлга қўйилган.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва Ҳаёт», 19-жуз – «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китоби.

[3]  Бизда лақаб дейилганда фақат ёмон нарса тушуниладиган бўлиб қолган. Биз ҳозир одатда бировни мазах қилиб қўйиб олинган турли камситувчи сўзларни лақаб деб тушунамиз. Лекин бу улуғ кишиларга нисбатан лақаб деб ишлатилган сўз уларнинг машҳур номларидир. Бу нарса ёмон маънода эмас. Буни Хадижа бинти Хувайлиднинг лақаби мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

[4] Қадимги Шом ўлкаси – ҳозирги Сурия, Иордания, Ливан ва Фаластин ҳудуди. (Абдул Азим Зиёуддин «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?»)

[5] Музораба – Бир киши сармояси билан, бошқаси эса хизмати билан йўлга қўйилган тижорат тури. Бунда фойда ўзаро келишув асосида бўлади. Агар зарар бўлса, мол эгаси молига куяди, ишчи эса хизматига. Зарар ишчидан ундириб олинмайди.

[6] Алайҳиссалом – «Унга салом бўлсин» деган маънони билдиради. Пайғамбарларга нисбатан ишлатилади. Бу салавотнинг қисқа шаклидир, унинг тўлиғи «соллаллоҳу алайҳи ва саллам»дир.

Мавзуга оид мақолалар
Аёлингизни эътибор билан тингланг. Бу нарса ундаги ғам ва ташвишларни кетказишга хизмат қилади, безовталик давоми...

08:44 / 13.03.2022 13334
Саодатли хонимлар31савол Хадижа розияллоҳу анҳонинг аввалги турмушларидан дунёга келган учта фарзандлари давоми...

08:03 / 13.07.2020 5597
НикоҳКим билан оила қуриш керакРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сарвари коинот, хотамул анбиё, давоми...

05:57 / 12.03.2021 5872
Ҳар қандай қул ўзининг хўжайинига итоат қилиши, унга исён қилмаслиги керак. Шунингдек, ҳар бир фуқаро давоми...

22:00 / 10.01.2022 2992